Давлат хавфсизлик хизматининг Жиззах ва Наманган вилоятлари бўйича бошқармалари ҳамда божхона органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда 20 минг, 50 минг, 100 минг ва 200 минг сўмлик қалбаки банкнотларни тайёрлаш ва сотиш ҳолати фош этилди.

Тезкор тадбир давомида Поп туманида яшовчи, 1989 йилда туғилган ва Избоскан туманида истиқомат қилувчи, 1999 йилда туғилган икки нафар шахс 37,4 млн сўмлик қалбаки пулларни шартли харидорга 7,5 млн сўмга сотаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, уларни шахсий тинтув қилиш ва бошқарувидаги «Ласетти» русумли автомобиль салонини кўздан кечириш жараёнида яна 6,4 млн сўмлик қалбаки пуллар аниқланган.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, Избоскан туманида яшовчи фуқаронинг уйидан қўшимча 7,7 млн сўмлик қалбаки пуллар, турли номиналдаги купюралар тасвирланган 145 дона оқ қоғоз, компьютер, рангли принтер ва бошқа ашёлар олинган.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда гумонланувчиларнинг жиноий алоқаларини аниқлаш бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.