Маълум қилинишича, воқеа 5 май куни соат тахминан 19:37 ларда Давлатобод туманида содир бўлган. 2013 йилда туғилган бола гилос ейиш мақсадида юқори кучланишли трансформатор устига чиққанда уни ток урган.

Марҳум бола холасининг қарамоғида бўлган, онаси чет элда ишлаган.

Жияним мактабдан келган. Ўртоқлари билан футбол ўйнайман деб кўчага чиққан. Олдимизда майдонча йўқлиги учун кўчанинг бошида ўйнашган. Трансформаторга тегиб кетганми, нима бўлган — кўрмаганмиз. Чақнаш бўлиб, портлаган”, деган боланинг холаси.

Аёлнинг айтишича, болани яқиндаги шифохонага олиб боришган, аммо у ерда тезкор ёрдам кўрсатилмаган.

Гўзал шифохонаси узоқ бўлгани учун Ғиштли шифохонасига олиб тушишган. У ерда биринчи ёрдам кўрсатишмаган. Мен бир соатдан ортиқ болани қидириб юрдим. Кейин 103 орқали қаердалигини билиб, шифохонага бордик. Борганимизда бола аллақачон ўлган эди”, деган у.

Шунингдек, марҳумнинг қариндошлари трансформатор атрофида хавфсизлик тўсиқлари бўлмаганини айтмоқда.

Трансформатор ёнлари панжара билан ўралганида электр тармоғи билан ишимиз бўлмасди. Электр тармоғи жавобгар бу нарсага. Симлари осилиб ётибди, ҳозир ҳам қулфланмаган. Фақат сим-пимларини йиғиштириб қўйишди, лекин тўсиқ ўрнатишмади”, деган марҳумнинг холаси.

Ҳодиса жойига туман прокурори ва ички ишлар бўлими тезкор-тергов гуруҳи чиққан. Боланинг ўлими сабабларини аниқлаш учун суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Шунингдек, Давлатобод туман электр таъминоти корхонаси ходимлари фаолияти бўйича хизмат текшируви ўтказилиши маълум қилинган.