Наманган вилоятида қурилиш соҳасига оид коррупцион ҳолат аниқланди.
Маълум бўлишича, вилоят Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармасининг икки нафар бош мутахассиси ўзаро тил бириктириб, маҳаллий тадбиркордан пора талаб қилган.
Улар Янги Наманган туманида жойлашган икки қаватли нотурар бино учун қурилиш рухсатномаси, архитектура-режалаштириш топшириғи ҳамда лойиҳа ҳужжатларини ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 22 минг АҚШ доллари сўрашган. Айтилишича, ушбу маблағнинг 7 минг доллари аввалроқ, март ойида олинган.
Тезкор тадбир давомида мансабдорлардан бири қолган 15 минг долларни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган. Иккинчи шахс ҳам процессуал тартибда қўлга олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.