Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ҳамда ички ишлар органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда аниқланишича, жиноий гуруҳга Самарқанд вилояти Пахтачи туманида яшовчи, 1988 йилда туғилган фуқаро бошчилик қилган. У Кармана туманида паррандачиликка ихтисослашган хўжалик биносини ижарага олиб, яширин цех ташкил этган.

Тадбир давомида 200 кг ярим тайёр олтин, 200 қоп олтин моддаси бўлган қум ва тошлар, 300 кг кимёвий воситалар, лаборатория жиҳози, газ баллонлари, махсус тегирмон ва бошқа ускуналар ашёвий далил сифатида мусодара қилинди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу ноқонуний фаолият орқали давлат манфаатлари ва экологияга етказилган зарар 7 млрд сўмдан ортиқни ташкил этган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 196²-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Навбаҳор туманида ҳам шу каби қонунбузарлик ҳолати аниқланди. Унда маҳаллий МЧЖ раҳбари сохта рухсатнома асосида «Сармишсой» давлат музей-қўриқхонаси ҳудудида 8 гектар майдонда 19 нафар фуқарони жалб қилган ҳолда олтин қазиб олган.

Тезкор тадбир натижасида 6 кг ярим тайёр олтин, 430 тоннадан ортиқ олтин сақловчи руда, 1,4 кг кимёвий воситалар, 4 та юк автомобили ва 4 та юкловчи техника мусодара қилинди.


Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу ҳолатда 6,1 млрд сўмлик қазилма бойликлар талон-торож қилинган.

Айни пайтда ҳолат юзасидан лаборатория таҳлиллари тайинланиб, атроф-муҳитга етказилган зарар миқдори аниқланмоқда.