Шундай инсонлар борки, тақдир синагани сайин тобланиб боради. Қийинчилик уларни ортга қайтармайди, аксинча, янги йўл излашга ундайди. Суннат Бойхўрозов ана шундай инсонлардан.
У гоҳида:
— Мен барвақт туғилганман. Мустақилликдан кейин туғилганимда анча кўп ғояларимни амалга оширган бўлардим, — деб қолади.
Аввалига унинг бу гапларини эшитиб, “Суннат ака тақдиридан норози шекилли”, деб ўйлагандим. Кейин унинг болалиги, ўсмирлиги ва ҳаёт йўли ҳақида эшитгач, бу гап ношукурлик эмас, балки кечиккан имкониятларга нисбатан алам эканини тушундим.
Унинг бутун ҳаёти бир ҳақиқатни исботлайди: инсоннинг қўлидан касбини, қалбидан эса орзусини тортиб олиб бўлмайди.
Суннат Бойхўрозов 1972 йилда Жиззах шаҳрининг Қипчоқ маҳалласида туғилиб, вояга етди. Отаси Раҳматулла ака юк машинаси ҳайдовчиси эди. Шу боис, Суннатнинг болалик дунёсида машина, мотор, темир-терсак ва йўл тушунчалари алоҳида ўрин тутарди.
Мактабдан келиши билан отасининг машинаси атрофида айланар, мурватларни бураб маҳкамлар, эҳтиёт қисмларни қизиқиш билан кузатар, ҳатто машина ғилдиракларини ювиб қўярди. Бироқ унинг қизиқишлари фақат техника билан чекланиб қолмади.
Ўн-ўн икки ёшларида отаси унга фотоаппарат олиб берди. Суннат ўқувчилар саройида суратга олиш сирларини ўрганди. Ёруғлик ва соя, ракурс ва композиция, энг муҳими, инсон ҳаётидаги бир лаҳзани абадий сақлаб қолиш санъати уни ўзига ром этди.
Мактабдаги тадбирлар унинг иштирокисиз ўтмайдиган бўлди. Маҳалладошлари ҳам унинг сифатли суратларини кўриб, тўй-маъракаларга таклиф қила бошлади. У суратга тушириб, альбомлар тайёрлар, қилган меҳнати учун ҳақ оларди. Бугун буни оддий меҳнат деб қабул қиламиз. Аммо ўша даврда вазият бошқача эди: меҳнатсиз даромад қилиш деб қонунга кўра жазоланарди.
— Шу масалада бир неча марта ИИБнинг вояга етмаганлар иши билан шуғулланувчи бўлимига чақирилганман, ҳар гал дадам бориб олиб келган, — дейди Суннат ака. — Лекин менга нисбатан ноҳақлик бўлаётганини қалбим билан ҳис қилардим.
У сураткашликдан топган пулини йиғиб келажакда катта фотостудия очишни режалаштирганди.
Суннат бир ишдан қайтарилса, бошқасига қўл урди. Саккизинчи синфга ўтганида асаларичиликка қизиқиб қолди. Уч йил асалари боқди. Етиштирган асали тоза ва сифатли бўлгани учун маҳалладошлари мавсум бошланмасиданоқ буюртма қилиб қўярди. Бироқ бу ҳунар ҳам унга тинчлик келтирмади. Устидан кимдир шикоят қилди. Тегишли идораларга чақирилди. “Ноқонуний савдо” қилганликда айбланиб, жаримага тортилди.
Бугун ўша воқеаларни эслар экан, Суннат ака ўтмишга ачинишдан кўра, ундан сабоқ олганини кўпроқ таъкидлайди.
Мамлакатимиз мустақилликка эришган пайтда Суннат қурилиш материаллари комбинатида ҳайдовчи бўлиб ишларди.
Янги давр бошланган эди. Иқтисодий қийинчиликлар, ишсизлик, турмуш ташвишлари ҳали бартараф этилмаган бўлса-да, инсон ташаббуси ва тадбиркорлиги учун янги имкониятлар эшиги очилаётганди. Суннат ана шу эшикдан киришга қарор қилди. Бобоси ошпаз бўлгани учун маҳаллада чойхона очишни режалаштирди. Бунинг учун 15 бош қорамол сотиб олди. Молларни бўрдоқига боқиш баробарида “Қипчоқ” чойхонасини қуришга киришди. Аммо тадбиркорлик фақат яхши ният ва ғайратнинг ўзи эмаслигини тезда англади.
Чойхона бир ой ишлади. Хўрандалар эса у кутган даражада келмади. Меҳнат ва маблағ сарфлангани билан иш зарар келтираверди. Суннат касод бўлди. Бироқ яна бир муҳим сабоқ олди — тадбиркорликда хоҳишнинг ўзи кифоя қилмайди, бозорни билиш, одамлар эҳтиёжини англаш, ҳисоб-китоб ва тажриба ҳам зарур.
“Майли, ҳали бу соҳага яна қайтаман. Энди бошқача йўл тутаман”, деган фикр уни янги изланишларга бошлади. Бу гал у маҳалла кўчаларига трактор тиркамаларини қўйиб, аҳолига мол гўнги ва дарахтлардан тушган хазонларни шу ерга тўкиши мумкинлигини айтди. Бу ташаббус икки томонга ҳам манфаатли эди. Аҳоли чиқиндидан қутулди, Суннат эса хомашёга эга бўлди. Кейинчалик гўнг ва хазонларни бошқа маҳаллалардан ҳам йиғиб ола бошлади. Махсус чувалчанглар ёрдамида биогумус ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.
Бир вақтлар одамлар чиқинди деб қараган гўнг ва хазон энди қишлоқ хўжалиги учун қимматли маҳсулотга айланди. Суннат ака шу жараёнда тадбиркорликнинг яна бир муҳим қоидасини ўрганди — маҳсулот ишлаб чиқаришдан олдин бозорни ўрганиш керак.
Реклама ва маркетинг бўйича билим олди, газета-журналларни ўқиди, мутахассислар маслаҳатларини ўрганди. Турли соҳалардаги илғор тажрибаларни ўз ишига татбиқ этишга ҳаракат қилди. Шу тариқа у аввалги хатоларини такрорламасдан яна чойхоначилик соҳасига қайтди.
Бу сафар мақсад аниқ эди.
— Жиззах сомсаси ва жизини бренд даражасига олиб чиқиш учун қўлимдан келган ҳамма ишни қилдим, — дейди Суннат ака.
У Тошкент, Самарқанд, Гулистон ва бошқа шаҳарлардаги таниш-билишларига қўнғироқ қилди. Чойхона очганини айтиб, уларни бир пиёла чойга таклиф қилди. Бу оддий таклиф ортида катта маркетинг ғояси бор эди.
Чойхонага келган одам таомни татиб кўради, унинг сифатига баҳо беради, кейин эса бошқаларга айтади. Қисқа вақт ичида Жиззахнинг Қипчоқ сомсаси бренд даражасига чиқди. Шу тариқа Жиззах сомсаси ва жизи ҳақидаги тасаввурлар кенгайди. Миллий таом тадбиркорликнинг бир қисмига, тадбиркорлик эса туризмнинг бир йўналишига айлана бошлади.
Суннат ака Жиззахнинг гастрономик брендини шакллантиришга ҳиссасини қўшишга ҳаракат қилди. Бу изланишлар уни яна бир катта ғоя сари бошлади.
Туризмнинг салоҳиятини яхши англаган Суннат Бойхўрозов энди ўз маҳалласига яқин Наврўзбулоқ адирлигига бошқача нигоҳ билан қарай бошлади. Бу ерда табиатнинг ўзи яратган бетакрор манзара бор эди. Аммо унинг имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмасди. 10-15 туп дарахт соясида ёшлар пиво ичиб ўтирар, атрофда шиша синиқлари, бўш пластик идишлар сочилиб ётарди. Ваҳоланки, бир вақтлар бу ерда халқ сайиллари ўтган.
Суннат ака адирликнинг келажакда қандай қиёфа касб этишини тасаввур қилди. У шаҳар ҳокимлигига борди. Адирликни ўзлаштириш, бу ерда ўрмонзор ташкил этиш ва сайёҳлар учун муносиб маскан яратиш ғоясини билдирди. Тегишли ҳужжатларни тақдим этди. Ғояни амалга ошириш осон кечмади. Чунки адирлик оддий ер эмас. Бу ерда сув масаласи, кўчатларни парваришлаш, йўл, инфратузилма каби кўплаб муаммоларни ҳал қилиш керак эди. Аммо йиллар ўтди. Қоятошлар орасида ниҳоллар пайдо бўлди. Арчалар бўй чўза бошлади. Манзарали дарахтлар адирликка янги қиёфа берди.
— Вақт ўтаверар экан, адирликнинг энг юқорисига, қоятошлар орасига ҳам арча ва манзарали дарахт ниҳоллари экиляпти. Улар кучли ҳаво босими билан ёмғирлатиб суғорилади. Ҳозир адирликда 20 минг тупга яқин дарахт бор. Ҳар йили 1500-2000 туп кўчат экилади. Суғоришни ўзим назорат қиламан, — дейди Суннат ака. — Бу ўрмонзорда вақти келиб юз минг тупдан ортиқ дарахт ўсади. Бу рақамнинг ўзиёқ лойиҳа кўламини кўрсатиб турибди.
Наврўзбулоқнинг салқин ва мусаффо ҳавоси жазирама шаҳардан келган кишига дарҳол таъсир қилади. Қирдаги сўқмоқдан юқорига кўтарилганингиз сайин ҳавонинг салқинлашиб бораётганини сезасиз.
— Адирликда ҳаво ҳарорати Жиззах шаҳридагидан 10-15 даража паст, — дейди Суннат ака.
Бугун Наврўзбулоқ Жиззах вилояти туризм лойиҳалари харитасидан ўрин олган. Ҳар йили бу ерга 5-6 минг сайёҳ келиб, ҳордиқ чиқаради.
Кечаги ташландиқ адирликнинг бугун сайёҳлар қадам босадиган масканга айлангани ўз-ўзидан бўлган иш эмас.
Суннат Бойхўрозовнинг ўзига хос яна бир жиҳати бор, у ҳар бир ишнинг эртанги эмас, ўн йиллардан кейинги натижасини кўз олдига келтириб режа қилади.
— Ҳар бир ишни 10 йиллар аввал режалаштиришга ўрганиб қолганман, — дейди у.
Пухта ҳисоб-китоблардан кейин адирликда қиймати 13,5 миллиард сўм бўлган “Саломатлик маркази” қуриб битказилди. Марказдаги энг йирик сув ҳавзаси жаҳон стандартларига мос бўлиб, бу ерда сузиш бўйича республика ва халқаро миқёсдаги мусобақаларни ташкил этиш имконияти мавжуд.
Шундай қилиб, Наврўзбулоқнинг қиёфаси янада кўркамлашмоқда. Бу ерда табиат ва туризм билан бир қаторда спорт, соғломлаштириш ва оммавий дам олиш йўналишларини ривожлантириш учун имкониятлар яратилмоқда.
Бир вақтлар шиша синиқлари сочилиб ётган адирликнинг бугун одамлар соғлиғини тиклайдиган, дарахтлар ўсадиган ва янги лойиҳалар туғиладиган масканга айланаётгани ҳам ана шу изчил меҳнат самарасидир.
Инсоннинг энг катта ютуғи қилган иши билан бирга унинг давомчиларини ҳам тарбиялай олганидир.
2025 йилда Суннат Бойхўрозов давлатимиз раҳбари томонидан “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланди. Чойхона ишларини ўғли Руҳиддинга топширди. Ота изидан бораётган Руҳиддин ҳам яқинда “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” нишони соҳиби бўлди.
Демак, бир вақтлар фотоаппарат билан мактаб тадбирларини суратга олиб юрган боланинг меҳнат ва изланишга асосланган ҳаёт фалсафаси фарзандига ҳам юққан. Бу, эҳтимол, ҳар қандай мукофотдан қимматлироқдир.
Наврўзбулоқ адирларидаги арчазорларни айланиб юрар эканмиз, кўзимиз бир ниҳолга тушди. У қоятошни ёриб чиқиб, бош кўтарган эди. Оддий ниҳол. Аммо унинг кўринишида катта маъно бор эди.
— Буни илк бор кўрганимда, ўзим ҳам ҳайратга тушгандим, — деди Суннат ака.
Табиат мўъжизаларга бой. Лекин бу манзара инсон ҳаёти ҳақида ҳам кўп нарса айтади. Зеро, инсон тақдирида ҳам “тошлар” — қийинчиликлар, тақиқлар, омадсизликлар, ноҳақликлар, сўнган умидлар бўлади. Аммо баъзи одамлар ана шу “тошлар” орасидан ҳам йўл топади.
Суннат Бойхўрозовнинг ҳаёти бунга мисол. У сураткашликдан бошлади, асаларичилик қилди, техника билан шуғулланди, тадбиркорликка қадам қўйди, касод бўлди. Яна турди, чиқиндидан биогумус яратди, Жиззах сомсасини бренд сифатида тарғиб қилди, ташландиқ адирликда дарахт экишга киришди, қоятошлар орасига ниҳол ўтқазди.
Бугун эса унинг орзулари минглаб дарахтлар шаклида кўз ўнгимизда бўй чўзмоқда. Шу боис, Наврўзбулоқдаги тошни ёриб чиққан ниҳолга қараб, бир фикр хаёлга келади: инсон меҳр билан иш бошласа, сабр билан давом эттирса ва ўз орзусига ишончини йўқотмаса, тошлоқ ер ҳам унга дарахт беради.
Эҳтимол, Суннат аканинг “Мен барвақт туғилганман”, деган гапига ҳам шу нуқтаи назардан қараш керакдир.
У барвақт туғилган эмас, балки ўз давридан бир оз олдинроқ фикрлаган, унинг болаликдаги фотостудияси бугун бўлмаслиги мумкин эди. Аммо унинг дарахтлари бор, унинг ғоялари бор, унинг ортидан бораётган фарзанди бор. Энг муҳими, бир вақтлар ташландиқ бўлиб ётган адирликда келажакда юз минг туп дарахт ўсишига ишонч бор.
Дарахт эса шундай, унинг соясидан ўзингиз эмас, кейинги авлод ҳам баҳраманд бўлади. Наврўзбулоқдаги ниҳоллар шунинг учун қадрли. Улар бугунги кун учун эмас, эртанги кун учун экиляпти.
Тошлар орасида ҳам.
Асад МУСТАФОЕВ,
журналист