Урбанизация ва уй-жой бозори миллий қўмитаси маълум қилишича, шаҳар марказидаги мавжуд яшил ҳудудларни қисқартириш, аҳоли сайр қилиши ва дам олиши учун қулай жамоат жойлари ўрнида қурилишларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ эмас.
Қўмитага кўра, автотураргоҳларни ташкил этишда кўкаламзор майдонларнинг қисқаришига ҳамда пиёдалар учун яратилган шароитларнинг ёмонлашишига йўл қўйилмаслиги керак.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда сотувга чиқарилгани айтилган «Наврўз» боғига тегишли кўчмас мулк объектларидан бирининг ер майдонида Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 февралдаги 83-сон қарорига мувофиқ жамоат парки ташкил этилиши белгиланган.
Гап Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги Матонат маҳалласи ҳудудида жойлашган 1,6 гектар майдон ҳақида бормоқда. Ушбу ҳудудда ҳукумат қарорига мувофиқ жамоат парки барпо этилишини таъминлаш зарур.
Миллий қўмита Тошкент шаҳридаги мавжуд яшил ҳудудларнинг қисқаришига йўл қўймаслик, жамоат парки учун белгиланган ҳудудни сақлаб қолиш, ундан фақат белгиланган мақсадларда фойдаланиш ва аҳоли манфаатларини таъминлаш шарт, деб ҳисоблайди.