Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳа учун тахминан 6,5 миллиард сўм талаб этилади.
Пойтахтда жамоат транспорти ҳаракатини тезлаштириш ва аҳолининг шахсий автомобилларга қарамлигини камайтириш бўйича ишлар босқичма-босқич давом эттирилмоқда.
Маълум қилинишича, Тошкентда автомобиллар сони ҳар йили тахминан 30 мингтага кўпаймоқда. Шу сабабли автобусларнинг умумий транспорт оқимида тирбандликларга дуч келмаслиги учун уларга алоҳида йўлаклар ажратиш режалаштирилган.
Жорий босқичда мутахассислар жамоат транспорти йўналишлари ўтадиган, умумий узунлиги 150 километрдан ортиқ бўлган йўл қисмларини таҳлил қилган. Натижада қуйидаги тўртта кўчада ишларни бошлаш тавсия этилган:
Муқимий кўчаси — Яшнобод ва Чилонзор туманлари ҳудудидаги 4,6 километрлик қисм;
Қоратoш ва Кўкча Дарвоза кўчалари — Шайхонтоҳур туманидаги 4,2 километрлик қисм;
Паркент кўчаси — Мирзо Улуғбек туманидаги 2,8 километрлик қисм;
Мирзо Улуғбек шоҳкўчаси — Мирзо Улуғбек туманидаги 6,3 километрлик қисм.
Ушбу ҳудудларда марказий кўчаларни таъмирлаш ва автобуслар ҳаракати учун алоҳида йўлаклар ташкил этиш кўзда тутилган.
Пойтахт ҳокимининг тегишли қарори имзоланган. Айни пайтда лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун бюджет маблағларини шакллантириш ишлари олиб борилмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳага тахминан 6,5 миллиард сўм сарфланиши мумкин. Харажатларни Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш режалаштирилган.
Лойиҳалар буюртмачиси сифатида «Toshkent invest kompaniyasi» АЖ белгиланиши кутилмоқда. Лойиҳалаш ташкилотлари, пудратчилар ва техник назорат хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар қонунчиликда белгиланган тартибда танлов асосида аниқланади.
Қурилиш ишлари бошланишидан олдин муҳандислик коммуникациялари ва коммунал инфратузилма тармоқлари текширилади. Носозликлар аниқланган тақдирда, улар белгиланган тартибда таъмирланади, кўчирилади ёки алмаштирилади. Шунингдек, иш жараёнида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва тирбандликларнинг олдини олиш чоралари кўрилади.
Лойиҳада пиёдалар учун қулай йўлаклар, йўл кўрсаткичлари, бекат мажмуалари ва ёритиш тизимини ташкил этиш ҳам назарда тутилган.
Йўл қопламаси сифатига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, полимер билан модификацияланган битум ва тоғ жинсларидан олинган мустаҳкам чақиқтош асосидаги ШМА — шағал-мастикали асфальтбетон қоришмасидан фойдаланиш талаб этилади. Маълум қилинишича, ушбу қоплама 2023 йилдан буён пойтахтнинг иқлим шароитида ўзини яхши оқлаган.
Ҳокимлик режалаштирилаётган ўзгаришлар ва лойиҳанинг ҳар бир босқичи ҳақида аҳолига очиқ маълумот бериб боришини билдирган.
Лойиҳанинг асосий мақсади — автобусларда ҳаракатланишни тез, қулай ва хавфсиз қилиб, жамоат транспортини шахсий автомобилларга муқобил воситага айлантиришдан иборат.