Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил декабрь ойидаги Самарқанд вилоятига ташрифидан сўнг ҳудудни 2026 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланиб, бунга қўшимча 100 миллион доллар маблағ ажратилган эди. Шу йил март ойида Нарпай туманига ташриф давомида эса вилоятнинг олис ва чекка ҳудудларини алоҳида ёндашув асосида ривожлантириш бўйича топшириқ берилганди.
Йиғилишда ушбу топшириқлар ижроси Булунғур, Нарпай, Оқдарё, Пахтачи, Қўшработ, Каттақўрғон туманлари ва Каттақўрғон шаҳри мисолида кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, чекка ҳудудларда аҳоли кўп бўлса-да, юқори даромадли иш ўринлари етарли эмас. Нарпай, Қўшработ, Пахтачи, Каттақўрғон туманлари ва Каттақўрғон шаҳрининг вилоят саноатидаги умумий улуши атиги 10 фоизни ташкил қилади. Нарпай, Пахтачи, Пастдарғом туманлари ҳамда Каттақўрғон шаҳрида ишсизлик ва камбағаллик даражаси бошқа ҳудудларга нисбатан юқори.
Шу боис, мазкур ҳудудларнинг салоҳиятидан келиб чиқиб, уларни аниқ ихтисослашув асосида ривожлантириш таклиф этилди. Хусусан, Булунғур, Қўшработ, Пахтачи ва Каттақўрғон туманлари қишлоқ хўжалиги, чорвачилик ва боғдорчилик маркази сифатида ривожлантирилади. Булунғурда йиллик қуввати 100 минг бош бўлган 50 миллион долларлик наслчилик корхонаси, Қўшработ ва Оқдарёда йиллик қуввати 800 минг дона бўлган 20 миллион долларлик наслли жўжа корхоналарини ишга тушириш режалаштирилган.
Нарпай тумани ва Каттақўрғон шаҳри саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларининг ўсиш нуқтасига айлантирилади. Жумладан, Нарпайда 100 гектар майдонда саноат зонаси ташкил этилиб, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича 500 миллион долларлик лойиҳалар жойлаштирилади. Бу жараёнга Япониянинг 10 та йирик компаниясини жалб этиш кўзда тутилган.
Оқдарё тумани паррандачилик, тўқимачилик ва қайта ишлаш саноатига ихтисослашган ҳудуд сифатида ривожлантирилади.
Йиғилишда Нарпай, Пахтачи, Пастдарғом туманлари ва Каттақўрғон шаҳрида ишсизлик даражасини 3 фоизга, камбағалликни 2 фоизга тушириш, Иштихон, Нарпай, Нуробод, Пахтачи, Қўшработ ва Каттақўрғон туманларида экспортни 20 фоизга ошириш, шунингдек, Булунғур, Нарпай, Нуробод, Пайариқ, Пахтачи, Қўшработ, Каттақўрғон туманлари ва Каттақўрғон шаҳрида хизматлар ҳамда саноат ҳажмини 2 карра кўпайтириш бўйича лойиҳалар тақдимот қилинди.
Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятини янада кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Жорий йил бошидан мамлакатимизга келган хорижий туристлар сони 27,3 фоизга ошиб, 5,4 миллион нафарга етди. Ўзбекистон хорижий туристлар сонини 20 миллион нафарга, туризм экспортини 10 миллиард долларга етказиш бўйича катта марра олган. Бунинг учун ҳудудларда туристларни узоқроқ ушлаб қоладиган янги йўналишлар ва сервис объектларини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди.
Шу мақсадда Самарқанднинг тарихий марказидаги 13 та кўчани пиёдалар ҳудудига айлантириш, янги туризм ва сервис объектларини барпо этиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.
Шунингдек, “Оҳалик – Оқбўйро – Миронқул” туристик-рекреацион зонаси ҳудудини кенгайтириш таклиф қилинди. Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуаси қаршисидан оқиб ўтувчи “Шаар” коллектори атрофини ободонлаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Мазкур чоралар натижасида Самарқанд шаҳри, Нуробод ва Самарқанд туманларида меҳмонхоналар сонини 850 тага, номер фондини 20 минг ўринга, туризм хизматлари ҳажмини 750 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда аҳоли яшаши учун қулай инфратузилма яратиш энг асосий вазифа экани таъкидланди. Бунинг учун ижтимоий объектлар қуриш, йўл, ичимлик суви ва канализация тармоқлари, электр таъминотини яхшилаш, сервис ва реновация лойиҳаларини амалга ошириш, саноат лойиҳаларини инфратузилма билан таъминлаш мақсадида 1,2 триллион сўм ажратиш таклифи билдирилди.
Самарқанд шаҳрида реновация дастури асосида “Кимёгарлар” қўрғонини аҳоли учун қулай қиёфага келтириш бўйича мастер-режани бир ой муддатда тасдиқлаш, Булунғур туманида қурилаётган “Янги Ўзбекистон” массиви ҳудудини кенгайтириш, йил якунига қадар Самарқанд шаҳрининг “Темирйўл орти” ҳудудидаги бўш турган ер ва бинолар ўрнида спорт, маданият, мусиқа ва санъат масканларини ташкил этиш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, вилоят ҳокимлиги ҳузурида ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва таъмирлаш жамғармасини ташкил этиш маъқулланди. Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича иқтисод қилинган маблағлар ушбу жамғармага йўналтирилиши белгиланди.
Йиғилишда мутасаддиларнинг ахбороти тингланди. Давлатимиз раҳбари Самарқанд вилоятининг ҳар бир туманида мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадини ошириш ва ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий тафовутни қисқартириш бўйича аниқ топшириқлар берди.