Учрашув аввалида Михаил Мишустин давлатимиз раҳбарига Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон – Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Товар айирбошлаш барқарор ўсиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Жорий йил бошидан буён унинг ҳажми 20 фоизга ошди. Энергетика, металлургия ва иқтисодиётнинг бошқа устувор тармоқларида йирик лойиҳаларни амалга ошириш давом этмоқда.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ривожланиш суръатини сақлаб қолишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни қабул қилиш ҳамда саноат кооперацияси лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон етакчиси ҳудудлар даражасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда маданий ва таълим алмашинуви дастурларини илгари суриш муҳимлигини таъкидлади.