Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази халқаро амалий семинарда тақдим этган тадқиқотида маълум қилди.
19–20 октябрь кунлари Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш натижаларини баҳолаш ва халқаро тажрибани ўрганишга бағишланган семинар бўлиб ўтди. Унда «Барқарор агроозиқ-овқат тизимларини ривожлантиришнинг узоқ муддатли сценарийлари» мавзусидаги сессия доирасида тадқиқот натижалари тақдим этилди.
Марказ маълумотларига кўра, мамлакатдаги иссиқхона газлари умумий чиқиндиларининг 17,5 фоизи қишлоқ хўжалиги ҳиссасига тўғри келади. Аграр сектор чиқиндиларининг қарийб учдан икки қисмини метан ташкил этади. Унинг асосий манбаи эса чорвачилик ҳисобланади.
Тадқиқотда 2017–2025 йилларда қишлоқ хўжалигида амалга оширилган ислоҳотлар натижалари ҳам қайд этилган. Бу даврда дон экинлари ҳосилдорлиги 48 фоизга, пахта хомашёси ҳосилдорлиги 71 фоизга ошган. Сув олиш ҳажми 22 фоизга қисқарган, сув тежовчи технологиялар қўлланилаётган майдон 2,6 миллион гектарга етган.
Шу билан бирга, суғориш сувининг 37 фоизи каналларда йўқотилаётгани, суғориладиган ерларнинг қарийб ярми шўрлангани таъкидланган.
Марказ экспертлари ишлаб чиққан учта сценарий мавжуд тенденцияларни сақлаб қолиш, амалдаги давлат дастурларини бажариш ҳамда маҳсулдорликни ошириш ва иссиқхона газлари чиқиндиларини қисқартириш бўйича қўшимча чораларни жорий этишни назарда тутади.
Тадқиқотга кўра, чорвачилик маҳсулдорлигини ошириш, ўғитлардан оқилона фойдаланиш, яйловларни тиклаш ва ўрмон хўжалигини ривожлантириш орқали чиқиндиларни сезиларли даражада камайтириш мумкин.
Шунингдек, сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш, озиқ-овқат йўқотишларини қисқартириш ва қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар илгари сурилган.