Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизматининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси, Божхона ва ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида комплекс чора-тадбирлар ўтказилди.
Унинг натижасида Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳрида яшовчи, муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги меҳмонхоналардан бирида 1 кг 185 грамм «гашиш» моддасини шартли харидорга 26 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, шундан 21 минг долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, гиёҳвандлик моддасини у билан бирга Сурхондарёдан пойтахтга олиб келган «Cobalt» автомашинаси ҳайдовчиси — деновлик, муқаддам ўғрилик билан боғлиқ жинояти учун судланган шериги ҳам меҳмонхона ёнида қўлга олинган.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.