Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 10 сентябрдаги ПФ–190-сон фармонига мувофиқ ўтказилмоқда.

Бизнесни рўйхатга олишдан мақсад нима?

Рўйхатга олишнинг асосий мақсади мамлакатда амалда фаолият юритаётган иқтисодий бирликлар, уларнинг фаолият йўналишлари ва бандликка қўшаётган ҳиссаси ҳақида тўлиқ ҳамда ишончли маълумотларни шакллантиришдан иборат.

Бу маълумотлар иқтисодиётнинг ҳолатини баҳолаш, ҳудудларни ривожлантириш, инвестицияларни йўналтириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича асосланган қарорлар қабул қилишга ёрдам беради.

Масалан, муайян ҳудудда аҳоли сони ортиб бораётган бўлса-да, у ердаги савдо корхоналари, ишлаб чиқариш объектлари ва хизмат кўрсатиш шохобчалари сони ҳақида тўлиқ маълумот бўлмаса, янги инфратузилмага бўлган эҳтиёжни аниқлаш қийинлашади. Рўйхатга олиш ана шундай маълумотларни шакллантиришга хизмат қилади.

Кимлар рўйхатга олинади?

Рўйхатга олиш жараёнида қуйидаги иқтисодий бирликлар қамраб олинади:

  • йирик, ўрта ва кичик корхоналар, микрофирмалар;

  • нодавлат нотижорат ташкилотлари;

  • хорижий корхоналарнинг Ўзбекистондаги доимий муассасалари ва ваколатхоналари;

  • якка тартибдаги тадбиркорлар;

  • фермер ва деҳқон хўжаликлари;

  • оилавий тадбиркорлар ва ҳунармандлар;

  • ўзини ўзи банд қилган шахслар;

  • расмий рўйхатдан ўтмасдан иқтисодий фаолият юритаётган субъектлар.

Қандай маълумотлар йиғилади?

Рўйхатга олиш давомида иқтисодий бирликларнинг амалдаги фаолият манзили, асосий ва қўшимча фаолият турлари, иш билан банд бўлганлар сони, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва кўрсатилаётган хизматлар ҳақида маълумотлар тўпланади.

Шунингдек, интернет ва электрон савдодан фойдаланиш, экспорт-импорт фаолияти ҳамда бошқа муҳим иқтисодий кўрсаткичлар ўрганилади.

Рўйхатга олиш қандай ўтказилади?

Рўйхатга олувчи ходимлар иқтисодий бирликларнинг фаолият манзилларига ташриф буюриб, масъуллар билан юзма-юз суҳбат ўтказади ва маълумотларни планшетлар орқали электрон саволномага киритади.

Юридик шахслар маълумотларни hisobot.stat.uz ахборот тизими орқали мустақил тақдим этади. Ўзини ўзи банд қилган шахслар эса census.stat.uz тизими орқали онлайн рўйхатдан ўтиши мумкин.

Рўйхатга олиш санаси сифатида 2026 йил 1 октябрь, соат 00:00 белгиланган.

Маълумотлар сир сақланади

Рўйхатга олиш текширув ёки назорат тадбири ҳисобланмайди. Тақдим этилган маълумотларнинг махфийлиги қонунчилик билан кафолатланади ва улардан фақат статистик мақсадларда фойдаланилади.

Тадбир бўйича саволлар юзасидан 1851 қисқа рақамли колл-марказга мурожаат қилиш мумкин.

Рўйхатга олиш натижаларини 2027 йил 1 сентябрга қадар Миллий статистика қўмитасининг расмий веб-сайтида эълон қилиш белгиланган.

Тадбир якунида рўйхатга олинган иқтисодий бирликларнинг 5 фоизигача қисми танланма назорат тартибида текширилади.