Ҳодиса 13 апрель куни Оҳангарон тумани ҳудудидаги тоғларда содир бўлган. Олти нафардан иборат оила дам олиш мақсадида йўлга чиққан бўлиб, улар билан бирга 4 ёшли бола ҳам бўлган.

Маълум бўлишича, соат тахминан 17:00 ларда оила аъзолари тоғ чўққисидаги қорни кўриш мақсадида юқорига кўтарилишган. Шу жараёнда катталар болани унутиб қолдириб, пастга тушиб кетишган. Боланинг йўқолгани тахминан 40 дақиқадан сўнг аниқланган.

Шундан кейин боланинг яқинлари Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги навбатчилик қисмига зудлик билан хабар берган. Қидирув ишларига Тошкент вилояти ФВББ қидирув-қутқарув гуруҳлари ҳамда «Қамчиқ» махсус қутқарув бошқармаси ходимлари жалб этилган.

Қидирув-қутқарув ишлари 6,5 соатдан ортиқ давом этган. Натижада, 14 апрель куни тунги соат 00:20 да бола Олмалиқ махсус қидирув-қутқарув отряди қутқарувчилари томонидан тирик ҳолда топилган.

Қутқарувчиларнинг маълум қилишича, бола ота-онаси уни қолдирган жойдан тахминан 3 километр узоқликда топилган. У топилган вақтда тиззасигача қор ичида бўлган.

Бола оиласига соғ-саломат топширилган. Ҳозирда унинг аҳволи яхши.