Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасида республикада “яшил” техникумлар фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда таълим тизимини халқаро стандартларга мослаштириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда сўз олган Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов “яшил” техникумлар нафақат таълим муассасаси, балки экологик маданият, “яшил” иқтисодиёт ва иқлим барқарорлигини таъминлайдиган янги авлод кадрларини тайёрлаш тизими эканини таъкидлади.

Шунингдек, техникумларда ўқув дастурларини қайта ишлаб чиқиш ва уларни халқаро стандартларга мослаштириш зарурлиги қайд этилди.

Йиғилиш давомида ҳар бир ҳудуднинг экологик, ижтимоий ва иқтисодий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда мутахассислар тайёрлаш, соҳавий таълим сифатини ошириш ҳамда амалиётга йўналтирилган ўқув тизимини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, Андижон, Бухоро, Сурхондарё ва Жиззах вилоятидаги “яшил” техникумларда “in-vitro” лабораторияларини ташкил этиш, дуал таълим тизимини жорий қилиш, хорижлик талабалар учун квоталар ажратиш ҳамда ўқувчилар учун амалиёт участкаларини шакллантириш вазифалари белгиланди.

Маълумот учун, “Green University” ва “яшил” техникумлар ўртасида узвий таълим тизими йўлга қўйилади. Техникумни муваффақиятли тамомлаб, инглиз тилидан В2 даражага эга бўлган битирувчиларга GPA кўрсаткичлари асосида бакалавриатнинг иккинчи босқичидан ўқишни давом эттириш имконияти берилади.

Бундан ташқари, ўрмон хўжаликлари, гидрометеорология станциялари, қўриқланадиган табиий ҳудудлар, чиқинди полигонлари, ботаника ва дендрология боғлари ҳамда илмий институтларда амалиёт майдончалари ташкил этилади.

2026/2027 ўқув йилидан бошлаб эса иқтидорли ўқувчилар учун “Эко-стипендия” жорий қилиниб, ҳар йили 10 нафаргача ёшларга стипендия ажратилади.