Қайд этилишича, пиёдалар йўлаклари, йўл ўтиш жойлари яқини, бекатлар, яшил ҳудудлар ҳамда тўхташ ёки тўхтаб туриш тақиқланган жойларда автомобил қолдириш ҳолатлари мунтазам кузатилмоқда. Бу эса пиёдалар, жамоат транспорти, махсус техникалар ва бошқа ҳаракат иштирокчилари учун жиддий ноқулайликлар туғдирмоқда.
Айниқса, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, болалар ва болалар аравачаларидаги ота-оналар учун бундай ҳолатлар қийинчилик келтириб чиқараётгани таъкидланди.
Шу муносабат билан, Тошкентда тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузган ҳолда қолдирилган автомобиллар белгиланган тартибда эвакуация қилиниб, махсус жарима майдончаларига жойлаштирилади.
Масъуллар ушбу чоралардан кўзланган асосий мақсад кўчаларда тартиб ўрнатиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат жойларидан барча аҳоли учун хавфсиз ҳамда қулай фойдаланиш имкониятини яратиш эканини билдирган.
Ҳайдовчиларга автомобилларни тақиқланган жойларда, пиёдалар ёки жамоат транспорти ҳаракатига халақит берадиган ҳудудларда қолдирмаслик ҳамда йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилиш бўйича огоҳлантириш берилди.