Айни мавзуда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори, тарих фанлари доктори, профессор Бахтиёр ҲАСАНОВ билан суҳбатлашдик.
— Музей
архивларини очиш бўйича қўйилган вазифалар олимлар фаолиятида ва тарих
ҳақиқатини тиклашда қандай амалий натижалар берди? Бу тарихий бурилишнинг музей
ҳаётидаги самаралари ҳақида гапирсангиз.
— 2017 йилнинг 31 август санаси нафақат бизнинг
музей, балки бутун миллатимиз тарихини асл ҳолига қайтариш йўлидаги туб бурилиш
нуқтаси бўлган эди. Ўша куни Президентимиз мажмуамизга ташриф буюриб, қатағон
қурбонларининг номларини тиклашимиз, руҳларини шод қилишимиз шарт деб олдимизга
катта вазифаларни қўйгани кечагидек ёдимда. Бу эътибор музейимизнинг бугунги
қиёфасида, нуфузида ва илмий ишларимизда катта акс садо берди. Давлатимиз
раҳбари вилоятларда ҳам музейнинг бўлимларини ташкил этиш бўйича таклиф бериб,
музейлар халқимиз, айниқса, ёшларимиз учун муқаддас зиёратгоҳ, маънавият ва
маърифат ўчоғи бўлиб қолиши кераклигини таъкидлади.
2017 йил 22 ноябрда Вазирлар Маҳкамаси қарори
қабул қилинди ва музейимиз Вазирлар Маҳкамаси тасарруфига ўтказилиб, фаолияти
янада такомиллаштирилди. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги 13 та
олий таълим муассасаси тузилмасида Қатағон қурбонлари хотираси музейлари ташкил
этилди.
— Ҳозирги
кунда Қатағон қурбонлари хотираси музейи ва унинг ҳудудий филиаллари олдига
қандай вазифалар қўйилган?
— Қатағон қурбонлари хотираси музейлари олдига
фақатгина ўтмиш экспонатларини сақлаш эмас, уларни катта илмий, маърифий ва
ғоявий марказга айлантириш бўйича муҳим вазифалар турибди. Сўнгги йилларда
минглаб юртдошларимиз оқланган бўлса-да, архивларда ҳали очилмаган,
ўрганилмаган ишлар бор. Вазифамиз бирорта ҳам бегуноҳ қурбоннинг эътибордан
четда қолмаслигини таъминлашдир. Миллат фидойилари бўлмиш жадидларнинг нафақат
сиёсий фожиасини, балки улар қолдирган илмий, адабий ва маърифий меросни
ўрганиш ва жамиятга тақдим этиш ҳам вазифамизга киради. Замон талабидан келиб
чиқиб, барча архив ҳужжатлари, суратлар ва экспонатларнинг ягона электрон
базасини яратяпмиз. Бу исталган тадқиқотчи ёки ёшлар учун маълумот олиш имконини
кенгайтиради.
— Тарих
фақат китобларда ёки музей экспонатларида қолиб кетмаслиги, балки тирик
хотирага айланиши керак. Бу борада жадид боболаримизнинг эзгу ғояларини кенг
жамоатчиликка, айниқса, ёш авлод қалбига сингдириш учун қандай тадбирлар ва
лойиҳалар амалга оширилмоқда?
— Мақсадимиз музейни шунчаки ўтмиш экспонатлари
сақланадиган жой эмас, балки катта маънавият ва тарбия масканига айлантиришдир.
Шу боис, ёшлар ўтмишни чуқур англаши учун музей залларида “Хотира дарслари” ва
“Жадидлар изидан” очиқ мулоқотларини ўтказиш анъанага айланди. Соҳа
мутахассислари ҳудудларда юриб, қатағонга учраган юртдошларимизнинг ҳали тирик
бўлган фарзандлари, набиралари билан учрашмоқда ва уларнинг хотираларини ёзиб
олмоқда. Музейга кела олмаётган фуқаролар учун “Кўчма музей” лойиҳасини йўлга
қўйганмиз. Шунингдек, жадидлар ҳаёти ҳақида ҳужжатли фильмлар, қисқа
видеороликлар, музейнинг виртуал 3D саёҳат дастурлари яратилди. Бундан ташқари,
оқланган ватандошларимизнинг тўлиқ таржимаи ҳоли жамланган кўп жилдли “Қатағон
қурбонлари. Хотира китоби” нашр этилиб, кутубхоналарга тарқатилмоқда.
— Нима учун
минглаб бегуноҳ ватандошларимиз, жадид боболаримиз собиқ тузум даврида ҳам,
ундан кейин ҳам узоқ вақт оқланмай, “қора рўйхатлар”да қолиб кетган?
— Бунинг замирида катта сиёсий ва инсоний армонлар
ётибди. Минглаб ватандошларимизнинг узоқ йиллар оқланмай қолганига бир неча
сабаб бор эди. Яъни собиқ шўро ҳукумати ўз даврида фақат тизимга хавф
туғдирмайдиган одамларнигина оқлаган, миллат озодлиги, мустақиллик ва дину
диёнат учун курашган жадид боболаримизни оқлашдан қўрққан. Чунки уларни оқлаш
шўро тузуми ўз хатоси ва ноҳақлигини тан олишини англатарди. Қатағон
қилинганлар устидан ўқилган сохта ҳукмлар ва тергов баённомалари махсус
хизматлар архивларида “ўта махфий” тамғаси остида сақланган. Ҳужжатлар
яширилгани боис, ҳеч ким асл ҳақиқатни исботлай олмаган. Ўтмишдаги оқлаш
тўлқинлари шунчаки юзаки бўлиб, асосан, шўро фаоллари ва раҳбарларига дахлдор
бўлган. Оддий деҳқонлар, ҳунармандлар ва мулкдорлар сифатида сургун қилинган
миллионлаб бегуноҳ юртдошларимиз эса бутунлай унутилган.
— Бу бўйича
нималар қилинмоқда?
— Бугунги кунда архивлар эшиги тарихчилар учун
тўлиқ очилди. Илгари сохта ҳужжатларда “босмачи” ёки яна нималардир деб
қораланган боболаримизнинг аслида ўз тупроғини ҳимоя қилган чин ватанпарварлар
экани исботланди. Олий суд томонидан мингга яқин ватандошимизнинг расман
оқланиши нафақат ҳуқуқий ғалаба, уларнинг авлодлари қалбидаги кўп йиллик доғни
ювиб ташлаган тарихий адолат тантанаси ҳамдир. Қатағон қурбонлари хотираси
давлат музейи томонидан ўша даврда қатағон қилинган ва баъзи сабабларга кўра
оқланмай қолган юртдошларимизни оқлаш борасида муҳим ишлар қилинди. Минглаб
кишилар совет давридаги сиёсий қатағонлар гирдобида ноҳақ айбланиб, сургун
қилинган, отиб ташланган ва узоқ йиллар давомида уларнинг номларини оқлаш
имкони бўлмаган. Олий суд томонидан 2021 йилдан шу кунга қадар жами 1381
кишининг номи оқланди.
Биз бугун архив чанглари орасида қолиб кетган ҳар
бир инсон тақдирини тиклашни миллат ва инсонийлик олдидаги муқаддас бурчимиз
деб биламиз ва бу жараён ҳали тўхтагани йўқ, тадқиқотларимиз изчил давом
этмоқда.
— Музей
жамоаси ва олимлар томонидан архивлардан олинган янги тарихий фактлар ҳамда
тикланган номлар ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.
— Жорий йил тарихчи олимларимиз ва музей жамоаси
учун ҳақиқий кашфиётлар йили бўлди. Изчил илмий қидирувлар натижасида илгари
ҳеч бир рўйхатда бўлмаган, сохта айбловлар билан отиб ташланган ёки сургун
қилинган мингга яқин ватандошимизнинг шахси ва тақдири аниқланиб, уларни расман
оқлаш учун ҳужжатлар Олий судга тақдим этилди. Маҳаллий ва хорижий архивлардан
жадид боболаримиз ўз қўли билан ёзган асл хатлари, тергов пайтидаги жасоратли
жавоблари ва улар устидан чақув ёзган сохта гувоҳликларнинг асл баённомалари
топилди. Қатағон қилинганларнинг оила аъзолари, “ватан хоинининг оиласи”
сифатида сургун қилинган аёллар ва болаларнинг аянчли тақдирига оид аниқ
рақамлар ва ҳужжатлар илк бор илмий муомалага киритилди. Тўпланган янги тарихий
фактлар шунчаки архивда қолмади, улар ҳудудлар кесимида кўп томли китоблар
ҳолига келтирилиб, тақдим этилди. Илмий ходимларимиздан иборат махсус гуруҳлар
Россия, Қозоғистон ва Германия фондларига самарали илмий экспедициялар
уюштирди. У ердан юртимиздан сургун қилинган ва отиб ташланган
ватандошларимизга оид юзлаб янги тергов ҳужжатлари, шахсий хатлар ва “ўта
махфий” тамғали баённомалар нусхалари олиб келинди. Музей илмий ходимлари
томонидан ўзбек, рус, инглиз ва немис тилларида ўнга яқин китоб ва монография,
юзга яқин илмий мақола ва тезис чоп этилди. Бу ишлар қатағон қилинганлар
тарихини чуқур ва ҳар томонлама ўрганишга хизмат қилмоқда.
2026 йилда “Тарихнинг номаълум саҳифалари”
тўпламининг 13-китоби камина муҳаррирлиги остида нашрдан чиқарилди. Унда
тарихимизнинг ҳали тўлиқ ўрганилмаган, илмий жиҳатдан муҳим бўлган саҳифалари
ёритилган.
— Сунъий
интеллект, рақамли аватарлар ва интерактив хариталарнинг музей экспозициясига
кириб келиши тарихни жонлантиришда қандай ўзгариш ясамоқда?
— Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейининг
экспозицияси “Янги Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс асослари” концепцияси асосида
тубдан янгиланди. Замонавий инфокиосклар, мультимедиа мониторлари, интерактив
экранлар ва рақамли технологиялар жорий этилди. Тарихий ҳужжатлар, фотосуратлар
ва музей ашёлари замонавий экспозиция ечимлари билан уйғунлаштирилди.
Экспозицияда тарихий манба, бадиий образ ва
рақамли технология бир бутун тизимга айланди.
Бу эса ташриф буюрувчиларга тарихий воқеаларни
шунчаки кузатиш эмас, балки уларни чуқурроқ ҳис қилиш ва англаш имконини
бермоқда. Экспозицияда сунъий интеллект, рақамли аватарлар, интерактив
хариталар ва мультимедиа контентидан фойдаланилиши тарихий воқеалар ва шахслар
ҳақидаги маълумотларни янги, таъсирчан шаклда қабул қилиш имконини яратмоқда.
— Сунъий
интеллект ва рақамлаштиришнинг кенг тус олиши инсоннинг жонли мулоҳазасини
сўндириб, тарихий ҳақиқатнинг асл моҳиятини сусайтириб қўймайдими? Нима деб
ўйлайсиз?
— Бу масала дунё музейшунослигидаги энг долзарб
баҳслардан бири. Бироқ тажриба кўрсатмоқдаки, тўғри фойдаланилса, технология
тарихий ҳақиқатни ўчириб юбормайди. Биз музей экспозицияларида мультимедиа ёки
3D технологиялардан фойдаланганимизда, уларнинг замирида фақат ҳаққоний архив
ҳужжатлари туради. Масалан, сенсорли экранга жадид боболаримиз сурати ёки
тергов баённомаси жойлаштирилади. Технология ҳужжатни тўқиб чиқармайди, балки
йиллар давомида чанг босиб ётган қоғозни ёшлар тушунадиган замонавий тилга
ўгириб беради.
Музейшуносликда ҳар қандай замонавий технология
асосида ишончли тарихий манба, архив ҳужжати ва илмий тадқиқот туриши керак.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Гуличеҳра ДУРДИЕВА суҳбатлашди.