Долзарб ойлик доирасида ҳудудлардаги чиқиндилар олиб чиқилмоқда, ноқонуний чиқиндихоналар бартараф этилмоқда, дарахт ва буталар парваришланмоқда.
Президент фармонига мувофиқ, 1 октябрдан бошланган тадбирлар давомида нафақат маҳаллалар ва кўчалар, балки йўллар, ариқ ва каналлар, сув ҳавзалари ҳамда бошқа жамоат жойларини тозалашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳудудларда чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш учун махсус техникалар сафарбар этилмоқда. Шунингдек, санитария ҳолатини яхшилаш, кўкаламзорлаштириш ва аҳоли ўртасида экологик маданиятни оширишга қаратилган тадбирлар ўтказилмоқда.
Айрим ҳудудларда бугунга қадар амалга оширилган ишлар кўлами:
— Қорақалпоғистон Республикасида 229 дан ортиқ техника жалб қилиниб, 139 та маҳалла чиқиндилардан тозаланди. Жами 9090 тонна чиқинди олиб чиқилди.
— Андижон вилоятида 330 дан ортиқ техника ишга жалб қилиниб, 230 дан ортиқ маҳаллада 23 671 тонна чиқинди олиб чиқилди.
— Самарқанд вилоятида 440 дан ортиқ техника ёрдамида 319 та маҳалла тозаланди. Ҳудудлардан 23 125 тонна чиқинди олиб чиқиб кетилди.
— Тошкент шаҳрида 261 та техника жалб қилиниб, 228 та маҳаллада 47 942 тонна чиқинди тозаланди.
Икки ойлик давомида ҳудудларни яшиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсуми учун кўчат экиладиган жойлар аниқланиб, ер майдонлари тайёрланмоқда.
Масалан, Наманган вилоятида кузги мавсум учун 10 млн 597 минг туп кўчат ва бута захираси яратилди. Яшил ҳудудларда умумий узунлиги 191 500 метр бўлган суғориш тизимлари мавжуд.
Бухоро вилоятида ҳам кўчат экиш ишларига тайёргарлик кўрилмоқда. Вобкент туманидаги Паноб маҳалласи ҳамда Жондор туманида кўчат экиладиган майдонларда ер тайёрланмоқда. Жондор туманида кўчатхона фаолияти ўрганилиб, кўчатларни суғориш учун қудуқ қазилди. Кўчатларни парваришлаш учун мулчалаш ва компостлаш ишлари ҳам амалга оширилди.
“Тозалик ва озодалик” долзарб икки ойлиги доирасидаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари республика ҳудудларида давом эттирилмоқда.