Бу ҳақда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жойлаштирилган «Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор тамойилларига ўтиш жараёнида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони лойиҳасида сўз боради.
Лойиҳага кўра, ёрдам олувчилар фақат Ижтимоий реестрга киритилган оилалар билан чекланмайди. Жон бошига тўғри келадиган даромади МИХнинг икки бараваригача бўлган, аммо реестрга киритилмаган эҳтиёжманд оилаларни ҳам қўшимча рўйхат асосида қамраб олиш мумкин.
Шунингдек, электр энергияси ва табиий газ учун компенсация олишда даромад мезонини МИХнинг 1,5 бараваридан икки бараваригача кенгайтириш таклиф этилмоқда.
Газлаштирилмаган ва табиий газ етказиб бериш қийин бўлган ҳудудларда иситиш мавсуми учун электр энергиясининг базавий меъёрини 200 кВт·соатдан 350 кВт·соатгача ошириш ҳам назарда тутилган.
Бундан ташқари, аҳоли учун иситиш ва иссиқ сув хизматларига янги тарифларни жорий этиш, суюлтирилган газ нархини бир килограмм учун 5 минг сўм этиб белгилаш таклиф қилинмоқда.
Эҳтиёжманд оилаларга эса 2030 йил 1 январга қадар ҳар ойда 20 килограммгача суюлтирилган газ учун ҳар бир килограммга 3 минг сўмдан компенсация тўлаш режалаштирилган.
Фармон лойиҳаси билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.