Тадбир доирасида парламентлараро комиссия мажлиси, маҳаллий вакиллик органлари ҳамда ёшлар парламентлари ўртасида учрашувлар, шунингдек, Ўзбекистон ва Беларусь тадбиркор аёлларининг тўртинчи бизнес-форуми ташкил этилади.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Беларусь Миллий мажлиси Республика Кенгаши ўртасидаги Парламентлараро ҳамкорлик комиссиясининг учинчи мажлисида парламентлараро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ва истиқболдаги вазифалар муҳокама этилади.

Ўзбекистон-Беларусь парламентлараро форумининг ялпи мажлисида икки давлат парламентлари палаталари раҳбарлари, ҳукумат, вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари ҳамда бизнес вакиллари иштирок этади.

Ялпи мажлисда бандлик ва камбағалликни қисқартириш, олий таълим, фан ва инновациялар, ижтимоий ҳимоя, она ва бола саломатлиги, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ўртасида ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратилади.

Ўзбекистон ва Беларусь тадбиркор аёлларининг тўртинчи бизнес-форуми доирасида ўтказиладиган тўртта асосий шўъба йиғилишларида саноат кооперацияси, қўшма инвестициялар, меҳнат салоҳиятидан самарали фойдаланиш, агросаноат мажмуасидаги ҳамкорлик, озиқ-овқат хавфсизлиги ва биотехнологиялар, гуманитар ва ижтимоий соҳалардаги шериклик, шунингдек, туризм соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилади.

Форум якунида Хива декларациясини қабул қилиш, шунингдек, тижорат шартномалари ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар (меморандумлар)ни имзолаш ва алмашиш назарда тутилган.

Ўзбекистон ва Беларуснинг «Made in Uzbekistan» ва «Made in Belarus» брендлари остида миллий маҳсулотлар кўргазмаси ҳам ташкил этилади, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.