Нигер Мудофаа вазирлиги ҳалок бўлганлар сонини тасдиқлади, деб хабар берди BBC.

Мавжуд маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар орасида 22 нафар жангари, 11 нафар ҳарбий хизматчи ва икки нафар тинч аҳоли вакили бор.

Расмийларнинг таъкидлашича, 22 нафар ҳалок бўлган жангаридан ташқари яна тўрт нафари яраланган. Йигирма нафар жиноятчи ҳибсга олинган.

Ҳужум пайшанба куни аэропорт ва ҳарбий авиабаза яқинида содир бўлган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, биринчи портлашлар маҳаллий вақт билан соат 6:00 атрофида эшитилган, шундан сўнг хавфсизлик кучлари ҳудудни текшириш ва ҳимоя қилишни бошлаган.

Пайшанба куни кечқурун “Ал-Қоида” билан алоқадор “Ислом ва мусулмонлар ғалабаси гуруҳи” (JNIM) ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.

Шуни таъкидлаш керакки, бу Амани Диори аэропортига беш ойдан камроқ вақт ичида қилинган иккинчи ҳужумдир. Январь ойида “Исломий давлат”га алоқадор ташкилот томонидан ҳужум уюштирилган эди, деб хабар берди report.az.