Маълум қилинишича, Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази клиникасига мурожаат қилган айрим беморларда косметологик мақсадда қўлланган «Refinex Botulinum Toxin Type A for Therapy» ҳамда «Dysport 500 Clostridium botulinum type A toxin-haemagglutinin complex» препаратларидан сўнг оғир ножўя реакциялар, жумладан, ботулизмга хос клиник белгилар аниқланган.
Ҳозирда мазкур маҳсулотларнинг келиб чиқиши ва уларнинг қонуний муомалада бўлган-бўлмагани юзасидан тегишли текширувлар олиб борилмоқда.
Марказнинг таъкидлашича, «Refinex Botulinum Toxin Type A for Therapy» ҳамда «Dysport 500 Clostridium botulinum type A toxin-haemagglutinin complex» Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтмаган. Шу боис уларнинг хавфсизлиги, сифати ва самарадорлиги белгиланган тартибда баҳоланмаган.
Фуқароларга интернет ёки ижтимоий тармоқлар орқали таклиф этилаётган шубҳали маҳсулотларни харид қилмаслик тавсия этилди. Агар ушбу препаратлар харид қилинган бўлса, уларни қўлламаслик, фойдаланиш бошланган бўлса, дарҳол тўхтатиб, шифокорга мурожаат қилиш лозимлиги қайд этилди.
Шунингдек, мазкур воситаларни қўллаган шахсларда кўришнинг хиралашиши, қовоқларнинг тушиб қолиши, ютиниш қийинлашиши, нутқ бузилиши, мушаклар кучсизлиги, нафас олиш қийинлашиши ёки бошқа ноодатий аломатлар пайдо бўлса, зудлик билан тиббий ёрдамга мурожаат қилиш зарур.
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази аҳолини дори воситаларини фақат расмий савдо тармоқлари орқали харид қилишга ҳамда шубҳали маҳсулотлар аниқланган ҳолларда ваколатли органларга хабар беришга чақирди. Мазкур ҳолат юзасидан назорат ва ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.