Шунингдек, мамлакатимиз етакчиси Жарқўрғон туманида қурилаётган “Янги Ўзбекистон” массивига бориб, аҳоли билан мулоқот қилган эди. Мазкур ташриф вилоят аҳлига кўтаринки кайфият бериб, ислоҳотларга янгича руҳ бағишлади. Сурхондарё аҳолисининг фаровонлиги учун янги имкониятлар эшигини очди.
Кейинги йилларда юртимиздаги ислоҳотлар марказига инсон қадри, манфаати ва фаровон ҳаёти қўйиляпти. Бу тамойил, айниқса, маҳаллалардаги амалий ишларда яққол намоён бўлмоқда. Боиси, маҳалла фақат ҳудуд эмас, балки одамларни бирлаштирган, уларнинг ҳаёти, орзу-умидлари, қувончи ва ташвишларини ўзида мужассам этган маскандир.
Сурхондарёда маҳалла инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Бугун вилоятдаги 723 та маҳалланинг 48 таси чегарага яқин ва марказдан олис ҳудудларда жойлашган. Жумладан, Узун тумани мамлакатимиз пойтахтидан 800 километр, Сурхондарё вилояти маркази Термиз шаҳридан 200 километр олисда жойлашган. Қўшни Тожикистонга чегарадош бу туман мамлакатимизнинг чекка ҳудудларидан бўлса-да, у ерда катта ўзгаришлар, ислоҳотлар натижаси бўй кўрсатиб турибди.
Хусусан, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш борасида кенг кўламли ишлар қилиняпти. Янги йўллар, пиёдалар йўлакчалари ётқизилмоқда. Кўчаларда тунги ёритқичлар ўрнатилмоқда. Бу ишлар ҳудуд қиёфасини кўркамлаштириш баробарида одамларнинг хавфсизлиги ва қулайлигига ҳам хизмат қилади. Шу кунларда туманнинг Обод юрт маҳалласи ҳудудида ҳам бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари жадал бажарилмоқда. Жумладан, “Ташаббусли бюджет” дастури доирасида ариқларни бетонлаш, ўриндиқлар ўрнатиш ҳамда пиёдалар йўлаги ётқизиш ишлари бошланган.
Лойиҳа доирасида велосипедчилар, ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус йўлаклар қурилади, 1300 метр узунликдаги ариқ бетонланади, қуёш панелли ёритқичлар ўрнатилади. Шунингдек, талаб этилган жойларга симёғоч, ўриндиқ, йўл белгилари, ўнга яқин видеокамера ўрнатиш режалаштириляпти. Шу тариқа маҳалладаги кўп йиллик муаммоларга амалий ечим топилмоқда.
Узун туманининг Меҳнат маҳалласи аҳли ҳам бир ёқадан бош чиқариб, “Ташаббусли бюджет” дастурида иштирок этган ва лойиҳаси ғолиб деб топилган эди.
— Маҳалламизда режага мувофиқ, 1 миллиард 405 миллион сўмлик ишлар қилиниши, жумладан, 125 та қуёш панелли ёритқич,
60 та бетон устун, 16 та видеокамера ўрнатиш, 2,6 километрга электр тармоғи тортиш белгиланган. Ҳозир бу бўйича амалий ҳаракатлар давом этмоқда, — дейди “Меҳнат” МФЙ раиси Шамсиддин Бобоев. — Ариқлар тозаланиб, замонавий талаблар асосида бетонланди. Бу эса аҳоли томорқаларини суғоришда ҳам катта қулайлик яратмоқда. “Маҳалла еттилиги” ва фаоллари, ҳомийлар ва масъул ташкилотлар ҳамкорлигида қилинаётган бу ишларни аҳоли ҳам қўллаб-қувватламоқда. Бугунги одамлар кечагидек бефарқ эмас, аксинча, уйғоқ, дунёқараши кенг.
“Меҳнат” МФЙ кўчалари бўйлаб янги пиёдалар йўлакчалари ётқизилмоқда. Бу эса аҳолининг эркин ҳаракатланиши, болаларнинг мактабга бориб-келиши, кексаларнинг бемалол сайр қилиши учун жуда муҳим. Бундан ташқари, замонавий, энергия тежамкор ёритқичлар ўрнатилгани қулайлик яратиш билан бирга ҳудудда хавфсизликни таъминлашда ҳам катта аҳамиятга эга.
Янги куч маҳалласида ҳам 2025 йилда қатор ишлар қилинди. Жумладан, йўллар кенгайтирилиб, ёритқичлар кўпайтирилди, пиёдалар йўлаги қурилди. Жорий йилда эса нуронийлар чойхонаси барпо этиляпти. Маҳалла гузари келгусида отахону онахонлар учун маънавий суҳбатлар уюштириш ва мазмунли дам олиш учун муносиб маскан бўлиб хизмат қилади. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, жумладан, кўзи ожиз ва ногиронлиги бўлган шахслар билим олиши, ахборотга эркин эга бўлиши ва маънавий дунёқарашини бойитиши учун замонавий электрон кутубхона барпо қилиняпти.
— Лойиҳа асосида замонавий электрон кутубхона ташкил қилиниб, хоналар махсус жиҳозланади. Замонавий компьютерлар, нутқ орқали ишлайдиган дастурлар, аудиокитоблар базаси ҳамда брайль ёзувидаги адабиётлар билан таъминланган инфратузилма яратилиши режалаштирилган, — дейди “Янги куч” МФЙ раиси Камол Ёқубов.
Кутубхонадан фойдаланувчилар учун қулай муҳит, малакали мутахассислар кўмаги ва зарур техник шароит ташкил этилиши кўзда тутилган. Маълумот ўрнида айтиш жоиз: ҳозир туманда ногиронлиги бўлган 7925 шахс, кўзи ожиз 668 фуқаро яшайди. Ушбу кутубхона улар учун жуда муҳим ва фойдали маълумотлар базаси бўлиб хизмат қилади.
Ҳудудлардаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари йил бошиданоқ кенг кўламда бошланган. Айниқса, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда оилавий тадбиркорликни рағбатлантириш борасидаги ишлар одамларнинг эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлаяпти. Масалан, Термиз шаҳри Аму соҳиллари маҳалласида яшовчи Муродали Дадабоевнинг паррандачилик лойиҳасини йўлга қўйганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Шунга қарамай, соҳанинг сир-синоатини пухта ўрганган тадбиркор ҳар йили мўмай даромад олиш имконига эга бўлди. Ҳозир у ғоз кўпайтиришда энг яхши ва мақбул усулдан кенг фойдаланяпти.
— Хитойдан келтирилган инкубатор ёрдамида бир ойда 170 дан ортиқ жўжа очириш имкониятига эгамиз. Жўжа очириш мавсуми февралнинг сўнгги ўн кунлигидан августнинг бошигача давом этади. Бу битта ғоз 50 дан зиёд тухум беришини ҳисобга олсак, 300 та ғоздан 16 мингдан ортиқ тухум олиш мумкинлигини англатади, — дейди Муродали Дадабоев. — Шундай қилиб, ҳар мавсумда мингдан ортиқ жўжа очиришни режалаштирганмиз. Қолган тухумлар сотилади.
Тадбиркор маҳалладаги катта ўзгаришлардан руҳланиб, қаровсиз турган жойда паррандачиликка ихтисослашган корхона ва боғ барпо этиб, ишбилармонликни ривожлантиришга интиляпти.
“Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” дастури доирасидаги лойиҳаларни зарур инфратузилма билан таъминлаш мақсадида 2026 йилда давлат бюджетида назарда тутилган маблағлар манзилли тарзда сарфланиши режалаштирилиб, бу борада ишлар изчил бажарилмоқда.
Жумладан, Ангор туманининг Марказ маҳалласини ишсизлик ва камбағалликдан холи, замонавий қиёфадаги ҳудудга айлантириш учун аҳолини бандликка жалб этиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва турмуш даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Маълумотларга кўра, маҳалладаги 515 хонадонда 3348 киши яшайди. Ҳудудда томорқадан самарали фойдаланиш орқали даромад манбалари кенгайтирилмоқда. Хусусан, томорқа эгаларидан Норқул Тошбоев 17 сотих ерда “аламино” навли помидор етиштириб келади. Мавсум давомида 3 кишини иш билан таъминлайди. Бу тажриба маҳаллаларда аҳолини бандликка жалб қилиш ва даромадни оширишда самарали деб баҳоланмоқда.
Денов туманидаги Боғи Эрам маҳалласида жорий йилдан “Обод хонадон — обод кўча — обод маҳалла” мезонлари татбиқ этилади. Шу доирада кенг кўламли ижтимоий ва инфратузилма тадбирлари ўтказилади. Мақсад — маҳаллани ишсизлик, камбағаллик, миграция ва жиноятчиликдан холи, барқарор ривожланган, аҳоли учун қулай ва замонавий муҳитга эга ҳудудга айлантириш.
Олтинсой туманида ҳам маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш ишлари босқичма-босқич бажарилмоқда. Хусусан, Янги қурилиш маҳалласида яроқсиз симёғочлар 335 та янги устунга алмаштирилди, 4 та трансформатор ўрнатилди. Ички кўчаларни модернизация қилиш ишлари ҳам фаол давом эттирилмоқда: 3,5 километр ички кўча асфальтланди. Йил якунигача эса яна 13,5 километр йўл ётқизилиши режалаштирилган.
Қизириқ тумани марказидан олисда жойлашган Кунчиқиш маҳалласида ҳам ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражаси ва фаровонлигини оширишга қаратилган ишлар бошлаб юборилди. Манзил инфратузилмасини яхшилаш, йўл ва коммуникация тармоқларини янгилаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, тоза ичимлик сув тармоқларини таъмирлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиляпти.
Бугун маҳаллалар фақат маъмурий тузилма эмас, балки аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, муаммоларни жойида ҳал этиш, бандликни таъминлаш ва бунёдкорлик ишлари бажарилаётган муҳим манзилга айланмоқда. Бундай бунёдкорлик ишлари мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотларнинг амалий натижасидир.
Сарвар ТЎРАЕВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири