Айниқса, сўнгги ўн йилликда мамлакатимиз ҳаётида юз берган улкан ўзгаришлар янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдевори барпо этилаётганидан далолат бермоқда.

Бугун юртимизда “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойил ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Халқ билан мулоқот қилиш, муаммоларни жойига чиқиб ўрганиш, маҳаллабай ишлаш тизимининг йўлга қўйилиши давлат ва халқ ўртасидаги ишончни янада мустаҳкамлади. Давлат идораларининг халққа хизмат қилиш тамойили асосида ишлаши жамиятимизда янги сиёсий ва ижтимоий маданиятни шакллантирди.

Дунёда геосиёсий зиддиятлар ва турли инқирозлар кучайиб бораётган бугунги мураккаб даврда давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати боис, Ўзбекистонда тинчлик, осойишталик ва барқарорлик таъминланмоқда. Тинч осмон остида меҳнат қилиш, бунёдкорлик билан шуғулланиш, эртанги кунга ишонч билан қараш — ушбу сиёсатнинг энг муҳим самараси.

Кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий натижаларини рангли металлургия соҳасида, хусусан, Олмалиқ кон-металлургия комбинати мисолида яққол кўриш мумкин.

Президентимиз ташаббуси ва қўллаб-қувватлови эвазига комбинатимиз сўнгги йилларда тубдан янгиланмоқда. Эски ишлаб чиқариш қувватлари модернизация қилиниб, янги йирик корхоналар ва мажмуалар барпо этилмоқда. Замонавий технологиялар, ускуналар, сунъий интеллект кенг жорий қилиняпти.

Глобал трансформация

Комбинатда 2019-2026 йилларга мўлжалланган кенг қамровли трансформация дастури амалга оширилаётгани нафақат ишлаб чиқариш кўрсаткичларига, балки молиявий бошқарув, корпоратив маданият, рақамлаштириш даражаси ва халқаро майдондаги нуфузга ҳам ижобий таъсир кўрсатди.

Ушбу жараённинг дастлабки қадами сифатида 2019 йилдан бошлаб IFRS — Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари асосида ҳисоботлар тайёрлашга ўтилди. 1С:ERP тизими жорий қилиниб, 140 ходим IFRS бўйича малака оширди.

Натижада халқаро молия институтларининг комбинатга ишончи ошиб, 1,9 миллиард доллар миқдорида давлат кафолатисиз тўғридан тўғри кредитлар жалб қилинди. Германия, Буюк Британия ва Хитой экспорт-суғурта агентликлари орқали имтиёзли кредит линиялари йўлга қўйилмоқда. Ҳозир 1 миллиард долларлик еврооблигацияларни халқаро молия бозорларида жойлаштиришга тайёргарлик кўрилмоқда.

Яна бир эътиборли жиҳат — жорий йил май ойида комбинатга МДҲ мамлакатлари орасида биринчи бўлиб “Copper Mark” ташкилоти томонидан The Copper Mark ва The Molybdenum Mark сертификатлари берилди. Ушбу сертификатлар мис ва молибден маҳсулотларининг Европа бозорларида рақобатбардошлигини таъминлайди. Комбинатнинг жаҳон миқёсида “масъулиятли мис ва молибден ишлаб чиқарувчи” экани ҳамда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ фаолият юритаётганини тасдиқлайди.

Шунингдек, жорий йилда халқаро Sustainable Fitch агентлиги Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг барқарор ривожланиш рейтингини (Entity Rating) баҳолаш мезонини (entity score) 56 баллдан 59 баллга оширди. Бу комбинатнинг барқарор ривожланиш стратегиясини изчил такомиллаштириш, ижтимоий, бошқарув ва экология соҳаларида сезиларли ютуқларга эришганини акс эттиради.

Яқинда Олмалиқ кон-металлургия комбинатида коррупцияга қарши курашиш тизими муваффақиятли сертификатлаштирилди, яъни Халқаро cтандартлаштириш ташкилотининг янгиланган ISO 37001:2025 стандарти республикада биринчи бўлиб жорий этилгани тасдиқланди.

Бу халқаро сертификат хорижий молиявий институтлар томонидан инвестиция киритиш ва тўғридан тўғри йирик трансмиллий шартномалар имзолашда асосий талаб сифатида сўралади.

Барқарор ривожланаётган кластер

Сўнгги ўн йилда комбинатда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми модернизация ва инвестициялар эвазига бир неча баробар ошди.

2016 йилда 105,4 минг тонна мис ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йил якуни билан мис маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 172,5 минг тоннага етади. Олтин ишлаб чиқариш ҳажми жорий йилда 2016 йилдагига нисбатан 1,4 баробар, кумуш ишлаб чиқариш 1,6 баробар ошади. Ушбу ютуқлар негизида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган йирик лойиҳалар мужассам.

Жумладан, нафақат мамлакатимиз, балки дунё тарихидаги энг йирик саноат лойиҳаларидан бири — қуввати 60 миллион тонна бўлган 3-мис бойитиш фабрикаси барпо этилди. Ушбу фабрика йирик қуввати билан бирга технологик жараёнларнинг тўлиқ рақамлаштирилгани ва сунъий интеллект жорий этилгани билан ҳам ажралиб туради.

Жорий йил 16 март куни Президентимизнинг фабрикани ишга туширишга старт бергани комбинатимиз тарихи зарварақларига муҳрланди ва жамоамиз бу эътиборни ҳеч қачон унутмайди. Бугунга қадар 3-мис бойитиш фабрикасида 6 миллион тонна маъдан қайта ишланиб, 100 минг тоннадан ортиқ мис концентрати ишлаб чиқарилди.

Айни пайтда қуввати 60 миллион тонна бўлган 4-мис бойитиш фабрикаси ва мис ишлаб чиқариш ҳажмини 400 минг тоннага етказишга мўлжалланган замонавий Мис эритиш мажмуаси қурилиши жадал суръатда давом эттирилмоқда. Бу улкан бунёдкорлик ишлари мамлакатимизда мис кластерини янада ривожлантириш, мисни чуқур қайта ишлаш ҳажмини ошириш, юртимизнинг етакчи кон-металлургия давлатлари қаторидан мустаҳкам ўрин эгаллашига хизмат қилади.

Рақамли келажак сари

Замонавий саноатни рақамли технологияларсиз тасаввур қилиш қийин. Олмалиқ кон-металлургия комбинати ҳам бу жараёнда дадил қадам ташламоқда.

2018 йилдан бошланган ер қаърини рақамли моделлаштириш ишлари сунъий интеллектни жорий этиш босқичига етиб келиш учун ўз вақтида қурилган пойдевор бўлди. Халқаро “SRK Consulting” компанияси билан бирга “Қалмоққир” ва “Ёшлик-1” конлари бўйича ягона электрон маълумотлар базаси яратилди. Унинг асосида халқаро JORC стандарти бўйича конларнинг динамик рақамли ресурс модели ишлаб чиқилди. Бу эса тоғ-кон ишларини ўрта ва узоқ муддатли режалаштириш ҳамда бурғилаш-портлатиш ишларини автоматлаштирилган ҳолда лойиҳалаш имконини берди.

Мис эритиш заводида ишга туширилган “SmeltVision” тизими 13 та конвейер, 3 та эритиш печи ва 4 та конвертер ишини узлуксиз таҳлил қилмоқда. Сунъий интеллект алгоритмлари ёрдамида оғишларни эрта аниқлаш имкони пайдо бўлди.

Сунъий интеллект ёрдамида харидларни таҳлил қилиш орқали омборлардаги ҳаракатсиз қолдиқлар қайта йўналтирилиб, 262 миллиард сўмлик ортиқча харидларнинг олди олинди.

1С:ERP тизимининг ишга туширилиши ҳисоботларни тайёрлаш вақтини 50 фоиз қисқартирди. Омборлардаги қолдиқлар 15 фоиз камайди. Ёнилғи-мойлаш материалларини бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими эса бир йилда 6,4 минг тонна дизель ёнилғисини тежаш имконини берди.

Жорий этилган технологиялар натижасида ишлаб чиқариш харажатлари 15, ёнилғи-энергия ресурслари сарфи 5 фоиз камайди. Ускуналарнинг техник тайёрлик коэффициенти 10, маъданлардан металл ажратиб олиш даражаси эса 1 фоиз оширилди.

Юртимизнинг ишлаб чиқариш қудрати

Ҳозир дунёда кечаётган турли зиддиятлар боис, логистика ва бошқа йўналишларда юзага келаётган қийинчиликлар туфайли импорт маҳсулотларини ўзимизда ишлаб чиқариш зарурати долзарб тус олмоқда.

Хусусан, 2025 йилда Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 1,3 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. 2026 йилда эса 40 та йирик лойиҳа доирасида бу кўрсаткични 1,5 триллион сўмга етказиш мақсад қилинган. Жумладан, январь-июль ойларида 815,2 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланиб, бу орқали 49,6 миллион долларлик импорт ўрни қопланди.

Бунда 11 турдаги янги маҳсулотлар ўзлаштирилди. Биринчи марта флотация машиналари, статорлар, карьер экскаваторлари учун бутловчи қисмлар, пневмомеханик машиналар учун футеровкалар ва эҳтиёт қисмлар, 2ВС-115 русумли вагонсамосвал учун балка ва кузовлар, тегирмонлар, майдалагичлар, темир йўл транспорти, ғалвирлар учун футеровкаларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Модернизация ва инвестиция

Олмалиқ кон-металлургия комбинати ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш мақсадида қатор технологик янгиланишлар устида ишламоқда. Хусусан, жорий йил май ойида Ковулди ва Қуйи Кенжасой конларида қазиб олинадиган 200 минг тонна маъданни қайта ишлашга мўлжалланган Ковулди олтин саралаш фабрикаси ишга туширилди. Эътиборли жиҳати, фабрикага ўрнатилган технологик ускуналар ва қурилиш ишлари тўлиқ “миллий контент” ҳисобига бажарилди. Бу маҳаллийлаштириш дастури доирасидаги ишларнинг ёрқин натижаси бўлиб, комбинат мутахассисларининг юқори муҳандислик салоҳиятини намойиш этди.

Рух заводида 6-сульфат кислотаси цехининг қурилиши якунига етказилмоқда. Янги мажмуа тўлиқ ишга туширилгач, чиқинди газлардан йилига 180 минг тонна сульфат кислотаси ишлаб чиқарилади. Бу лойиҳа иқтисодий самара бериш билан бирга Олмалиқ шаҳри экологик муҳитини яхшилашга хизмат қилади.

Шунингдек, “Ёшлик-1” конини ўзлаштириш инвестиция лойиҳаси доирасида Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги “Чимқўрғон-1” ва “Чимқўрғон-2” оҳактош конлари негизида барпо этилаётган янги оҳак заводида ҳам қурилиш-монтаж ишлари айни пайтда қизғин паллага кирган. Завод тўлиқ қувват билан ишга туширилгач, кунига 2200 тонна, йилига эса 737 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқаради ва мис бойитиш фабрикаларини кимёвий реагент — оҳак маҳсулоти билан тўлиқ таъминлайди. Ҳудудда 323 та янги иш ўрни очилади.

Тежалган ҳар бир сўм — самарадорлик кўрсаткичи

Таннархни пасайтириш — замонавий бозорда корхонанинг рақобатбардошлигини ошириш ва фойдасини кўпайтиришни таъминлайдиган энг муҳим стратегик зарурат. Бизнес муҳити тез ўзгариб, ресурс нархлари ва рақобат кучайиб бораётган ҳозирги даврда маҳсулот ёки хизмат таннархини бошқариш ҳар бир корхонанинг диққати марказида бўлиши лозим.

Жорий йил январь-июль ойларида комбинатда маҳсулот таннархини пасайтириш бўйича белгиланган прогноз кўрсаткичлари ортиғи билан бажарилди, яъни 1 триллион 332 миллиард сўмлик иқтисодий самарага эришилди.

Бу натижанинг энг катта қисми асосий фондлар самарадорлиги ва меҳнат унумдорлигини ошириш ҳисобига тўғри келди — 491 миллиард сўм. Энергия ресурсларини тежаш ҳисобига 288 миллиард сўм, хомашё ва материаллар харажатини оптималлаштириш орқали 259 миллиард сўм тежалди. Маҳсулотларни харид қилиш, ташиш ва сақлаш харажатларини мақбуллаштириш натижасида яна 112,3 миллиард сўм иқтисод қилинди.

Масалан, ишлаб чиқариш жараёнларининг энергия самарадорлигини оширишга қаратилган ташкилий-техник тадбирлар доирасида 2-мис бойитиш фабрикасида ГРАТ-700 насосининг 200 киловаттли электр двигатели частота ўзгартиргич ҳисобига 132 киловаттлисига алмаштирилди. Натижада ўтган 7 ойда 3153 минг киловатт-соат электр энергияси тежалди.

Бундан ташқари, комбинатнинг таркибий бўлинмаларида ўрнатилган кичик қуёш фотоэлектр станциялари ҳисобига 5 миллион киловатт-соат экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқарилди ёки 1,6 миллион куб метр табиий газ тежалди.

Малакали мутахассисларга талаб юқори

Бугунги улкан технологик янгиланишлар ва ишлаб чиқаришни рақамлаштириш комбинат олдига мутлақо янги — юқори технологик ускуналар ва сунъий интеллект тизимларини бошқара оладиган замонавий кадрларни шакллантириш вазифасини қўймоқда. Шу боис, Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Муҳандислик мактабида бугун айнан шундай профессионал мутахассислар тайёрланмоқда. Мактабнинг ўқув дастурлари дуал таълим тизимига асосланган бўлиб, Германиянинг Фрайберг техника университети кончилик академияси, “Aurubis” AG ва “GP Günter Papenburg” AG компанияларининг илғор методологиялари асосида ишлаб чиқилган. Бундан ташқари, Муҳандислик мактабида Германия, Япония, Италия, Австралия, Хитой каби илғор давлатларнинг етакчи профессор-ўқитувчилари иштирокида комбинат ходимлари учун доимий равишда махсус илмий ва амалий семинарлар ўтказиб келинмоқда.

Бундан ташқари, 2025 йил апрелда ­“МИСИС” фан ва технологиялар университети ҳамда ОКМК ҳамкорлигида ташкил этилган “GeoMetTex” илғор муҳандислик мактаби — Ўзбекистон тоғ-кон ва металлургия саноати учун янги билим ҳамда инновацион фикрлашга эга, ишлаб чиқаришнинг стратегик вазифаларини ҳал қила оладиган юқори малакали муҳандис кадрларни тайёрлаб бермоқда.

ОКМК гендер тенглик тамойилларини ҳаётга татбиқ этишда ҳам етакчи ташкилотлардан. Бугун комбинатда 7600 дан зиёд хотин-қиз меҳнат қиляпти. Уларнинг 200 дан ортиғи раҳбарлик лавозимларида фаолият юритмоқда. Хотин-қизларнинг касбий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилади. Жорий йилда 1010 аёл ходимимиз малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларида ўқитилди. 120 нафари комбинат тавсияномаси асосида олий таълим муассасаларида таҳсил олмоқда. Шунингдек, хотин-қизларнинг халқаро майдондаги лидерлик салоҳиятини ривожлантириш мақсадида “ОКМК — Европа — Ҳамкорлар” лидер аёллар клуби ташкил этилди. Клуб доирасида халқаро экспертлар, хорижий банклар ва бизнес вакиллари иштирокида мулоқотлар, тажриба алмашинувлари ҳамда замонавий бошқарув кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган учрашувлар йўлга қўйилмоқда.

Бугунги натижа — эртанги марра

Олмалиқ кон-металлургия комбинати олдида турган вазифалар кўлами йилдан йилга кенгайиб, мақсадлар тобора юксалиб бормоқда.

Бугун ОКМК ҳақида сўз кетганда, гап фақат улкан ишлаб чиқариш қувватлари ёки миллиардлаб долларлик инвестициялар ҳақида бораётгани йўқ. Бу ўзгараётган саноат, янгиланаётган шаҳар, замонавий касбларни эгаллаётган ёшлар, муносиб меҳнат шароитларига эга бўлаётган минглаб инсонлар ва эртанги кунга ишонч ҳақидаги ҳикоядир.

Кеча конлар бағридаги бойликни ўзлаштириш билан чекланган корхона бугун замонавий технологиялар, сунъий интеллект, рақамли бошқарув ва халқаро молия институтлари билан бир майдонда ҳаракат қилмоқда.

Зеро, тараққиётнинг чегараси бўлмайди. Бугунги ютуқ — эртанги буюк натижалар учун бошланғич нуқта, холос.

Абдулла ХУРСАНОВ,

“Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ

бошқаруви раиси, сенатор