Давлатимиз раҳбари бошчилигида атроф-муҳит муҳофазаси масаласи, глобал миқёсда кутилаётган экологик хавф-хатарларга қарши туриш, уларнинг олдини олишга қаратилган умуммиллий ҳаракат давлат сиёсатининг муҳим қисмига айланди. Зотан, халқининг эртанги куни, келажаги учун қайғурадиган мамлакатлар экологик масалаларни тараққиётнинг энг муҳим йўналишлари қаторига қўймоқда.

Президентимиз илгари сурган ва том маънода умуммиллий ҳаракатга айланган эзгу ташаббуслар замирида нафақат бугуннинг фаровонлиги, балки келажак авлодларнинг мусаффо ҳаводан нафас олиши, соғлом табиий муҳитда камол топишидек улуғвор мақсадлар мужассам. Атроф-муҳитни яшилликка буркашга қаратилган “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати, сал аввал қабул қилинган “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳаси — булар эртанги ҳаётимиз, мамлакат ва ­халқимиз тақдири, соғлом келажагимизга дахлдор стратегик йўлнинг ажралмас қисмига айланди.

Давлатимиз раҳбари 1 апрель куни “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирида иштирок этиб, Миллий дендрология боғини барпо этишга старт берди.

Ўтган йили ҳам Президентимиз Тошкент шаҳрининг “яшил белбоғ”и учун кўчат экканди. Бугун биз бунинг нечоғлиқ аҳамиятини етарлича англаб етолмаётгандирмиз, эҳтимол, аммо ҳозирги экологик вазиятга теранроқ назар ташласак, “табиатнинг овози”га қулоқ тутсак, ваҳимага тушиб қолишимиз ҳеч гап эмас. Мамлакатимиз етакчиси эса “яшил” ҳаётга ўтиш қанчалик муҳимлигини доим таъкидлаб келади. Она табиат мувозанатини тиклаш, юртнинг эртанги кунига бефарқ бўлмаслик борасида шахсан ўзи халқимизга намуна кўрсатмоқда.

Бу галги хайрли ташаббус аввалгиларидан яна бир муҳим жиҳати билан алоҳида ажралиб турди. Яъни юртимиздаги вазирлик ва идоралар раҳбарлари, зиёлилар, нуронийлар ва ёшлар вакилларидан ташқари хорижий давлатларнинг мамлакатимиздаги дипломатик корпуси вакиллари иштирок этди. Бу — Ўзбекистон ҳамжиҳатлик, ўзаро ишонч ва тинчликни қадрлаш, барқарор тараққиёт йўлидан қатъий бораётганининг ёрқин ифодаси. БМТнинг Ўрмонлар бўйича форуми раиси Исмоил Беленнинг бу саъй-ҳаракат Ўзбекистон Президенти бошчилигида дунё давлатларини бирлаштиришга ундовчи сиёсий ташаббус эканини таъкидлагани барчамизни бирдек ғурурлантирди.

Айни пайтда нафақат Марказий Осиё мамлакатлари, балки бутун жаҳон ҳамжамияти иқлим ўзгариши туфайли юзага келаётган муаммо ва таҳдидларга ечим топишга уринмоқда. Бу муаммолар қаторига атмосферада иссиқхона газларининг кўпайиши, ернинг устки қобиғи ҳароратининг ортиши, сув ресурслари тақчиллиги, табиий офатларнинг тез-тез такрорланиши, чўлланиш жараёнининг жадаллашиши ва бошқаларни киритиш мумкин. Мутахассислар иқлим ўзгариши табиий офатларнинг янги турлари пайдо бўлишига шароит яратиши билан бир қаторда мавжуд табиий офатларнинг зарар етказиш кўламини бир неча баробар ошириши, ҳатто бошқариб бўлмайдиган даражага етказиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Халқаро ташкилотлар ва илмий доиралар иқлим ўзгариши дунёнинг қатор ҳудудларида турли даражадаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни юзага келтиришини тахмин қиляпти. Хусусан, Жаҳон банки маълумотига кўра, иқлим ўзгариши кучли ички миграцияга сабаб бўлади, жумладан, 2050 йилгача дунёнинг олтита минтақасида яшаётган 216 миллион одам яшаётган маконидан бошқа ҳудудларга кўчиб кетади. Бу минтақалар орасида Марказий Осиё борлиги ушбу муаммонинг минтақа давлатлари учун қанчалик долзарб эканини исботлайди.

Маълумотларга кўра, сўнгги 50-60 йилда иқлим шароити ўзгариши натижасида Марказий Осиёда музликлар юзаси 30 фоиз қисқарди. Бу жиҳат дарёлар ва уларнинг экотизимига бевосита таъсир кўрсатди. Охирги бир неча ўн йилликда ўртача йиллик ҳарорат 1,5 даража кўтарилди ва аср охирига бориб 2 даражадан 5,7 даражагача ошиши тахмин қилинмоқда.

Бундай экологик буҳронлар, албатта, мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмайди. Юртимизда аллақачон бошланган экологик хавф-хатарларни бартараф қилиш, чўлланишни камайтириш, сув танқислигининг олдини олиш, ҳаво тозалигини таъминлаш, шовқин билан ифлосланиш ва чанг-тўзонни камайтириш, инсонларнинг асаб тизимини барқарорлаштириш учун ҳам бугун дарахт экишга катта эътибор қаратишимиз, борларини эса асрашимиз даркор.

Иқлим ўзгариши оқибатлари Ўзбекистон аҳолиси фаровонлигига турлича таъсир кўрсатади. 2030 йилга бориб мамлакат бўйлаб шаҳар ва қишлоқларда камида 8 миллион киши иқлим ўзгариши хавфи жуда юқори бўлган ҳудудларда истиқомат қилиши кутилмоқда. CCDR ҳисоб-китобига кўра, агар иқлим ўзгаришига мослашиш чоралари кўрилмаса, 2050 йилга бориб миллий иқтисодиёт ҳажми иқлим ўзгаришидан зарар кўрмаган ҳолатдаги кўрсаткичдан 10 фоиз паст бўлиши эҳтимоли юқори. Бу аҳоли бандлиги ва даромадининг сезиларли қисқаришига олиб келади.

Биз яшаётган ҳудуд шароитидан келиб чиқсак, иқлим ўзгаришининг жиддий оқибатларидан бизни ҳимояловчи ягона манба

бу — дарахтлар. Мана шунинг ўзи сўнгги беш йилдан буён давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилиб, ҳар йили 200 миллион туп кўчат экилаётгани нечоғлиқ аҳамиятли эканини тасдиқлайди.

Кейинги бир ойда Президентимиз экология ва атроф-муҳит муҳофазасига қаратилган ўнга яқин янги ҳужжатни имзолади. Айрим қонун ҳужжатларига атроф-муҳит, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг муҳофазасини кучайтириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритишга оид қонун, “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси самарадорлигини янада ошириш тўғрисидаги фармонлар, “Экомаданият” умуммиллий лойиҳаси доирасида экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни жадаллаштиришга оид комплекс чора-тадбирларга доир ҳужжатларда мамлакатимизда экологик вазиятни яхшилашнинг аниқ механизмлари белгилаб берилди. Бу эса халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, экологик ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган навбатдаги жиддий қадамдир.

Тараққиёт кўрсаткичлари шиддат билан ўзгараётган бир даврда аҳоли жон бошига нечта дарахт тўғри келишига оид маълумотлар бугун энг асосий мезонлар қаторига чиқмоқда. Зотан, бугун ривожланган давлатларда ҳар бир кишига ўртача 15-18 туп дарахт тўғри келади.

Олимларимизнинг ҳисоб-китобига кўра, ўрта ёшли инсоннинг бир йилда 700-740 килограмм кислородга эҳтиёжи бор. Бизнинг тупроқ иқлим шароитимизда 10-12 метрли япроқ баргли дарахт бир йилда ўртача 100 килограмм атрофида кислород ишлаб чиқаради. Демак, аҳоли пунктларида ҳар бир инсон учун 10 метрдан кам бўлмаган камида 7-8 туп дарахт бўлиши керак. Яна ҳам аниқроқ айтсак, 37 миллион киши учун 260-300 миллион туп, Тошкент шаҳри аҳолиси учун эса шаҳарда 20-28 миллион туп 10 метрдан зиёд баргли дарахт зарур.

Нафақат Тошкент, балки юртимиздаги бошқа йирик шаҳарларда ҳам ҳаво сифатини яхшилаш масаласи тобора жиддий тус олаётганига асосий сабаб дарахтлар сонининг камлиги, шаҳар атрофида яшил ҳудудларнинг етарли эмаслигидир.

Пойтахтимиз биқинида барпо этилаётган Миллий дендрология боғи эса шаҳарга кириб келадиган тоза ҳавони таъминловчи асосий манбага айланади. Айни вақтда 65 гектар майдонда 50 минг туп дарахт, 100 минг туп турли бута кўчатини экиш ишлари бошланган. Келгусида боғ ҳудудини кенгайтириш кўзда тутилган. Натижада бу ноёб экологик мусаффо ҳудуднинг умумий майдони 108 гектаргача етказилади. Боғда ўртача 80-120 турдаги дарахт ва буталар коллекцияси жойлаштирилади. Қисқаси, яқин йилларда Миллий дендрология боғининг ҳар бир гектари йилига ўртача 28 тонна чангни, PM10, PM2,5 зарраларини ютувчи улкан табиий фильтрга айланади.

Энг муҳими, Сурхондарёда 10 минг гектарда “яшил макон”, Сирдарёда 84 километрли “яшил девор” барпо этиш ишлари ҳам бошланди. Қорақалпоғистонда 1 миллион гектар, Навоий ва Бухорода 300 минг гектардан, Хоразмда 85 минг гектар чўл ҳудудида янги ўрмонлар яратилади.

Миллий дендрология боғини барпо этишга старт берилган куннинг ўзида ҳудудларда 21 мингга яқин юртдошимиз 164 гектар майдонда 88 минг туп кўчат ўтқазди. Мана шунинг ўзи она табиат ҳимояси, халқимизнинг эртанги соғлом ҳаёти учун дахлдорлик ҳисси бугун ҳар бир юртдошимиз қалб амрига айланганининг ифодаси эмасми?! Осмонимизда яқин йилларда чинакам мусаффо ва соғлом муҳит қарор топишига ишонч бу.

Илгари ҳам ҳар мавсумда дарахт экиш кампаниялари авж олар, қоғозларда миллион-миллион туп кўчат экилгани ҳақида ҳисоботлар тўлдириларди. Уларнинг кейинги тақдири, парвариши учун кимдир масъул бўлиши кераклиги ҳақида, афсуски, ҳеч ким бош қотирмасди. Қаерга қандай дарахт экиш кераклиги, келгусида бу дарахт ерда тутиб кетиши ҳақида-ку мутахассис тугул, ҳатто тажрибали бирор боғбоннинг фикрини эшитиб кўриш бировнинг хаёлига келмас эди. Оқибатда қанча-қанча кўчат қуриб, увол бўлди, ноўрин танланган дарахт турлари айрим инсонлар учун касаллик қўзғатувчи манбага ҳам айланди.

Бугун вазият бутунлай бошқача. Экилаётган ҳар бир кўчат парвариши учун масъул бириктирилган, яъни битта дарахт вояга етгунига қадар ғамхўрлик қилувчи эгаси бор. Бундан ташқари, ҳар бир кўчатнинг тақдири ва парвариши жамоатчилик назоратида. Биргина биз — депутатлар фаолиятини олайлик. Ҳар ой якунида ҳудудларга, сайловчилар ҳузурига борганда, албатта, ўша ҳудудда экилган кўчатлар парваришини кўздан кечириш одат тусига айланди. Парламент томонидан эса ҳар бир чорак якунида масъул ташкилотлар раҳбарлари, мутасаддиларнинг айнан “Яшил макон” доирасида экилган кўчатлар парваришига оид ахбороти тинглаб борилмоқда. Кўчатлар парваришида эътиборсизликка йўл қўйган масъуллар эса тегишли органлар томонидан қонунан жазоланмоқда.

Кўчатларни танлаш, қайси ҳудудда қандай дарахтларни ўстириш келгуси ўн йилликда нималар бериши илмий асосда белгилаб олинаётган эса алоҳида эътиборга молик. Давлатимиз раҳбарининг айнан кўчатларни танлашда ҳам илмий асосларга таянишни талаб қилаётгани, керак бўлса, асрларгача давом этиши мумкин бўлган хатонинг олдини олишдир. Шунинг учун ҳам Президентимиз ҳудудга мос дарахт турларини танлаш ва экишда Халқаро молекуляр аллергология марказининг тавсиялари олинаётганини алоҳида қайд этди. “Яшил” университет ҳудудида “Илм — лойиҳа — амалиёт” занжири асосида барпо этилаётган “in vitro” лабораторияси, Доривор ўсимликлар ҳамда Уруғчилик ва селекция марказлари шу йилнинг ўзида ишга туширилиши катта аҳамиятга эга.

Энди яшил боғлар яратишда аҳоли ва депутатлар иштироки янада кенгаяди. Очиғи, бу биз, депутатлар учун, Ўзбекистон Экологик партияси учун жуда катта масъулият ва ишонч ифодасидир. Илгари “Менинг боғим” дастури доирасида ҳар бир лойиҳага бюджетдан 250 миллион сўмгача маблағ берилган бўлса, энди бу миқдор 400 миллион сўмдан оширилади.

Жорий мавсумдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳар бир депутатига ўз округида яшил ҳудуд, яшил боғ яратиши учун 412 миллион сўмдан маблағ беради. Мана шундай чексиз имкониятлар даврида биздан талаб этиладигани фақат бир жиҳат: бир туп бўлса ҳам кўчат экиш, экилган дарахт учун қайғуриш, ҳар қарич яшил ҳудудни кўз қорачиғидек асрашдир.

Президентимиз таъкидлаганидек, халқимизда “Яхшидан боғ қолади”, “Бир кўчат эксанг — минг барака”, “Фарзанд кўрсанг, тўй қилсанг, дарахт эк” деган теран маъноли ҳикматлар бежиз айтилмаган. Бу сўзлар миллатимизнинг қон-қонига сингиб кетган, асрлар давомида аждодларимиз ҳаётига сайқал берган яшаш фалсафаси, ота-боболаримизнинг гўзал тутумидир.

Давлатимиз раҳбари маҳалла раислари, нуронийларимиз ва ёшларимизга мурожаат қилиб, ҳар бир кўча ва хонадонга файз берадиган ниҳоллар экишда ташаббускор бўлишга чақирди. Бу чақириқ ҳар бир виждонли инсоннинг қалбида акс садо бермоғи лозим. Зеро, маҳалла оқсоқоллари ва онахонларимизнинг бу ишларга бош-қош бўлиши — ёш авлод учун энг катта тарбия мактаби. Буни кундалик ҳаётимизда, атроф-муҳитдаги ўзгаришларда яққол ҳис этиб турибмиз.

Биз бу стратегик ташаббус ва халқимиз дилидаги эзгу таклифлардан беҳад қувондик. Хайрли ишларга кўпни кўрган нуронийларимиз, шижоатли ёшларимиз ва барча меҳнат жамоаларининг камарбаста бўлаётгани ҳаммамизни руҳлантиради. Шу боис, бор куч ва имкониятимизни сафарбар этиб, ушбу ислоҳотларнинг ижросини таъминлаш, экологик маданиятни юксалтиришда энг олдинги сафларда бўлишимиз шарт. Маҳаллалар ва хонадонларда яшиллик дунёсини кенгайтириш, она табиатни кўз қорачиғидек асраш йўлида депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтирамиз.

Эзгу ният ва катта мақсадлар билан она заминга қадалган ҳар бир ниҳол — ҳаёт давомийлиги, тоза нафас ва соғлом келажак демак.

Абдушукур ҲАМЗАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фракцияси раҳбари