Тўрт йил ичида икки бор олимпиада чемпиони бўлиш ва яна бир мусобақада бронза медални қўлга киритиш мамлакат шахматидаги сўнгги ўзгаришларни кенгроқ ўрганиш учун жиддий асос беради. Бу натижалар ортида қандай тайёргарлик тизими, шахматчилар ўртасидаги қандай рақобат муҳити ва жамоавий ишлаш тажрибаси тургани ҳақидаги саволлар табиий равишда туғилади.

Айни пайтда Ўзбекистон шахматининг бугунги тараққиётини унинг тарихидан ажратиб ўрганиб бўлмайди. Мамлакатимиз ҳудудида шахматнинг тарқалиши, турли тарихий даврлардаги мавқеи ва бу ўйинга муносабат ҳақидаги маълумотлар қадимий археологик топилмалар ҳамда ёзма манбаларда сақланиб қолган.

Сурхондарё ва Самарқанддан қарийб икки минг йиллик тарихга эга шахмат тош­лари топилган. Хусусан, 1972 йилда Далварзинтепадаги археологик қазилмалар вақтида Кушон даври, яъни I-II асрларга оид шахмат доналари, 1977 йилда Афросиёбда ўтказилган тадқиқотлар чоғида эса VII-VIII асрларга тааллуқли 7 та шахмат донаси топилган.

Абу Райҳон Берунийнинг “Ҳиндистон”, Абдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн”, Алишер ­Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис”, “Лисон ут-тайр”, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” каби асарларида шахмат, яъни шатранжга оид қимматли маълумотлар бор.

Самарқандда ўтказилган мусобақаларда ғолиб чиққан Али Шатранжий (Оловиддин ат-Табризий) шатранж ҳақида китоб ёзиб, XIV асргача Ўрта Осиёда яшаган бир қанча олиялар, яъни гроссмейстерлар ҳақида муҳим маълумотлар битиб қолдирган. У Соҳибқироннинг ўзи билан шатранж ўйнаб турган.

Ниҳоятда ўткир хотира ва теран ақл-­идрок соҳиби бўлган Амир Темур шахмат ўйинида ҳам юксак маҳоратга эришган. Улуғ Соҳибқирон бобомиз шахматни шунчаки вақтни дилхушлик билан ўтказиш ва ҳордиқ чиқариш ўйини эмас, балки пухта геосиёсий ҳамда амалий режалар тузиш учун ақлни чархлаш машғулоти деб билган.

Асрлар давомида шаклланган ушбу ақлий мусобақа замонавий шахматда янада мураккаблашди. Дебют назарияси ривожи, суперкомпьютер таҳлили ва рақиб партияларини чуқур ўрганиш имкониятлари профессионал шахматчиларнинг тайёргарлик усулларини тубдан ўзгартирди. Шунга қарамай, мусобақа давомида юзага келадиган барча вазиятларни олдиндан ҳисоблаб чиқишнинг имкони йўқ. Вақт танқислигида қарор қабул қилиш, кутилмаган юришларга жавоб топиш, ўз хатоси оқибатларини камайтириш ва рақибнинг психологик босимига бардош бериш ҳам юқори даражадаги маҳоратни талаб этади. Бу талаблар шахматчи якка тартибда иштирок этадиган мусобақаларда, аввало, унинг шахсий натижаси билан боғлиқ бўлса, жамоавий баҳсларда ҳар бир қарорнинг аҳамияти анча кенгаяди.

Беш шахматчининг ҳар бири ўзига хос фикрлаш тарзи, тажрибаси, феъл-атвори ва таваккал қилиш чегарасига эга. Улар бир хил вазиятда турлича қарор чиқариши, бир хил хавфни турлича қабул қилиши мумкин. Шунга қарамай, жамоавий мусобақада уларнинг ҳар бири ўз имкониятларини умумий мақсад билан мувофиқлаштиришига тўғри келади. Баъзан бир шахматчининг мураккаб вазиятда дурангни сақлаб қолиши шеригининг таваккал қилиб ғалабага интилишига имкон яратади. Бошқа бир вазиятда эса жамоадошининг мағлубияти қолганлар зиммасига қўшимча масъулият юклайди. Шу маънода, шахмат олимпиадаси индивидуал ақл ва жамоавий ирода ўртасидаги мураккаб муносабатни намоён этади.

Бундай мусобақада ғалаба қозониш учун ҳар бир шахматчининг кучли бўлиши кифоя қилмайди. Жамоа ўз аъзолари имкониятларини тўғри баҳолаши, ­муваффақиятсизликдан кейин ҳам умумий мақсадга содиқ қолиши зарур. Энг муҳими, ҳар бир шахматчи ўз партиясининг аҳамиятини жамоадошлари олиб бораётган кураш билан боғлиқ ҳолда англайди.

Ўзбекистон терма жамоасининг Самар­қанд олимпиадасидаги иштирокига ҳам шу жиҳатдан қараш ўринли. Ўз майдонида, мухлислар эътибори остида кечган мусобақада шахматчилар олдида ҳар бир турда муносиб натижа қайд этиш билан бирга умумий ҳисобда етакчилик учун курашиш вазифаси турган эди. Ўн бир турлик баҳслар якунида эришилган натижа эса жамоанинг мусобақа давомидаги тайёргарлиги, танлаган стратегияси ва ҳар бир шахматчининг умумий ҳисобга қўшган ҳиссасини бир бутун ҳолда таҳлил қилиш имконини берди.

Самарқандда 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ўз ниҳоясига етди. Ёпилиш маросимида Ўзбекистон-1 эркаклар миллий жамоасига олтин медаллар ҳамда турнир ғолибларига бериладиган бош соврин — ­Гамильтон кубоги тантанали тарзда топширилди.

Мукофотларни топшириш учун саҳнага ФИДЕ президенти Тимур Турлов, шунинг­дек, Вишванатан Ананд ҳамда Озарбайжон шахмат федерацияси раҳбари Маҳир Мамедов кўтарилди. Чемпион жамоа таркибидан Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов ва Муҳиддин Мадаминов ўрин олди. Терма жамоа капитани — Рустам ­Қосимжонов.

Ўзбекистон сўнгги тур ниҳоясига етмасиданоқ чемпионликни нақд қилиб қўйди. Жамоа Украинани 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этди, бош таъқибчи Ҳиндистон эса Венгрия билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади.

Маросим 27 сентябрь куни Silk Road Samarkand мажмуасидаги “Боқий шаҳар” амфитеатрида бўлиб ўтди ва мушакбозлик ҳамда дронлар шоуси билан якунланди.

Нодирбек Абдусатторов биринчи доскада олтин медални қўлга киритди. У 11 партияда 8,5 очко тўплаб, бирорта ҳам мағлубиятга учрамади. Унинг перформанси 2869 баллни ташкил этиб, ўз доскасида энг яхши натижа бўлди.

Жавоҳир Синдоров иккинчи доскада бронза медалга сазовор бўлди. У 10 партия­да 7 очко жамғариб, 2797 перформанс қайд этди. Бу доскада олтин медаль хитойлик Вей Ига, кумуш эса нидерландиялик Ёрден ван Форестга насиб этди.

Нодирбек Ёқуббоев учинчи доскада кумуш медаль совриндори бўлди. У 10 та ўйинда 7,5 очко олиб, 2774 перформанс кўрсатди. Бу доскада германиялик Фредерик Сване ғолиб чиқди, бронза эса арманистонлик Шант Саргсянга насиб этди.

Ўртача 2532 рейтинг билан 30-рақам остида бошлаган Ўзбекистон иккинчи миллий жамоаси Олимпиадани 15 очко билан 18-ўринда якунлади. Ўзбекистон-3 жамоаси эса 2424 рейтинг билан 55-рақамда старт олиб, 13 очко билан 60-ўринни эгаллади.

Аёллар баҳсида Ўзбекистон асосий миллий жамоаси 2345 рейтинг билан 13-ўриндан старт олиб, турнирни 15 очко билан айнан 13-ўринда якунлади.

Ўзбекистон-2 жамоаси 2143 рейтинг билан 43-ўринда бошлаб, 14 очко тўплаган ҳолда 35-ўринга кўтарилди. Учинчи жамоа эса 2021 рейтинг билан 65-ўринда старт олиб, 13 очко билан 47-поғонадан жой олди.

Маросим аввалида, шунингдек, бешта рейтинг тоифаси (А дан Е гача) бўйича энг яхши жамоаларга ҳам мукофотлар топширилди. Ўзбекистон аёллар иккинчи миллий жамоаси “Б” тоифада учинчи ўринни эгаллади.

Жамоаларнинг якуний натижалари билан бирга, шахсий кўрсаткичлар ҳам алоҳида эътиборга молик. Шу жиҳатдан Ўзбекис­тон асосий миллий жамоаси аъзоларининг алоҳида натижаларини кўриб чиқиш уларнинг умумий муваффақиятга қўшган ҳиссасини аниқроқ баҳолаш имконини беради.

Жавоҳир Синдоров (рейтинги 2778) миллий жамоаларнинг иккинчи жуфтлиги баҳсида украиналик энг машҳур шахматчилардан бири — 57 ёшли Василий Иванчук (2630) билан куч синашди. Баҳс дуранг билан якунланди. Сўнгги тур жуфтликлари айнан шу тартибда шакллантирилган эди. Ўз уйидаги Олимпиада якунларига кўра, Синдаров 10 та партияда 7 очко жамғарди — бешта ғалаба, тўртта дуранг ва бир мағлубият. Гроссмейстер биринчи турни ўтказиб юборди. Турнирдаги ягона мағлубиятини у тўққизинчи турда АҚШга қарши учрашувда Уэсли Содан қабул қилиб олди.

Биринчи доскада Нодирбек Абдусатторов (2762) Игорь Коваленко (2642) билан дуранг ўйнади. Абдусатторов жами 11 та партиянинг барчасида иштирок этди ва бирор марта ҳам мағлубиятга учрамади. Унинг ҳисобида 8,5 очко бор — 6 та ғалаба ва 5 та дуранг. Сўнгги турга қадар у, жумладан, собиқ жаҳон чемпиони Дин Лижен ва Американинг энг кучли гроссмейстерларидан бири Фабиано Каруанани енгишга муваффақ бўлди. Унинг Каруана устидан қозонган ғалабаси тўққизинчи турда Ўзбекистоннинг АҚШни мағлуб этишига замин яратди.

Учинчи доскада Нодирбек Ёқуббоев (2685) Игорь Самуненков (2608) билан дуранг ўйнади. У Олимпиадани 10 та партияда 7,5 очко билан якунлади — олтита ғалаба, учта дуранг ва бир мағлубият. Ёқуббоевнинг Ҳиндистон билан ўйинда Ниҳал Сарин, Хитой билан баҳсда Юй Янъи ҳамда АҚШга қарши учрашувда Ханс Ниманн устидан қозонган ғалабалари, айниқса, муҳим аҳамият касб этди. Ҳиндистонга қарши беллашувда айнан унинг ғалабаси ягона натижавий партия бўлди ва Ўзбекистонга 2,5:1,5 ҳисобидаги ғалабани тақдим этди.

Тўртинчи доскада Муҳиддин Мадаминов (2611) Роман Дехтярёвни (2508) мағлуб этди. Бу Мадаминов учун Олимпиададаги еттинчи партия бўлди. У мусобақани мағлубиятсиз якунлаб, 5,5 очко жамғарди — тўртта ғалаба ва учта дуранг.

Сўнгги турда баҳсга киришмаган Шамсиддин Воҳидов (2654) олтита партияда 4 очко тўплади: уч марта ғалаба қозонди, икки марта дуранг ўйнади ва бир бор мағлубиятга учради. Шу тариқа Ўзбекистон асосий терма жамоасининг беш шахматчиси бутун Олимпиада давомида доскаларда жами 33 очко жамғарди.

Жамоа турнирдаги ягона мағлубиятни саккизинчи турда Германиядан қабул қилиб олди — 1,5:2,5. Бироқ эртаси куниёқ Ўзбекис­тон АҚШни 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этди, сўнгра унгача мағлубият нималигини билмай келаётган Арманистонни 3,5:0,5 ҳисобида ютди. Сўнгги тур олдидан Ўзбекистон 18 очко билан якка пешқадам эди ва Ҳиндистондан бир очко олдинда бораётганди. Ҳиндистон — Венгрия учрашуви натижасидан қатъи назар (бу баҳс 2:2 ҳисобидаги дуранг билан якунланди), терма жамоага олтин медални нақд қилиш учун Украина устидан ғалаба қозонишнинг ўзи кифоя эди.

Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси ­Жавоҳир Синдоров Самарқанддаги шахмат олимпиадасининг ҳал қилувчи туридан сўнг ўйин, жамоанинг чемпионлиги ва келгуси мақсадлари ҳақида фикр билдирди. Синдоров сўнгги турда Украина вакили Василий Иванчук билан дуранг ўйнади. Унинг айтишича, партия мураккаб кечган, бироқ жамоавий вазиятни ҳисобга олиб, дуранг натижаси Ўзбекистон учун муҳим бўлган.

— Дуранг қилсам, жамоавий ғалабамиз деярли аниқ эди, — дейди Жавоҳир Синдоров. — Ўйин жуда ҳам мураккаб кечди. Қаердадир сал нотўғри юриш қилиб қўйдим, вазиятим бир оз оғирроқ эди. Шунга қарамай, чиройли ҳимояланиб, дурангга олиб бордим. Мен ўзимга бундай мақсад қўйгандим: дуранг қилсам, жамоавий тарзда ютишимиз 99 фоиз аниқ эди. Бу амалга ошди ва бундан жуда ҳам мамнунман. Иккинчи марта олимпиадани ютишимиздан хурсанд­ман. Юртимизда ютиш барибир бошқача. Биз бу мусобақани, ҳақиқатан, юқори даражада ўйнадик. Кўплаб кучли рақибларга қарши мураккаб баҳсларда ғалаба қозондик. Эндиги мақсад — жаҳон тожи сари ҳаракат қилиш. Жуда оғир турнир кечди. Мен сал чарчаб келган эдим, аммо турнир давомида максимал даражада формамга кириб, жамоам учун боримни беришга ҳаракат қилдим. Ўйлайманки, буни уддаладим. Назаримда, жамоамиз дунё­даги энг аҳил ва энг кучли жамоа. Сўнгги йиллардаги энг катта мусобақаларда Ўзбекис­тон шахматчилари ғалаба қозониб келмоқда. Бу кўп нарсанинг исботи. Бундан ҳам кўпроқ ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.

Жавоҳир Синдоровнинг бу фикрларида эътиборга молик бир жиҳат бор. У ўз ­партиясидаги натижани бошиданоқ жамоа­нинг умумий ҳисоб-китоби билан боғлаган. Шахматчининг шахсий имконияти, турнирдаги ўрни ва ғалабага интилиши ҳисобга олинса, бундай қарорнинг аҳамияти янада ойдинлашади. Айниқса, ҳал қилувчи баҳсларда ўз ўйинини жамоадошларининг партияларидаги вазиятга қараб бошқариш, зарур пайтда таваккалдан воз кечиш ҳам катта тажриба талаб этади. Синдоровнинг сўзлари Ўзбекистон терма жамоаси ушбу олимпиадада қандай тамойилга таянганини тушунишга ёрдам беради. Шахматчиларнинг ҳар бири ўз тахтасида мустақил қарор қабул қилган бўлса-да, бу қарорларнинг аҳамияти якуний жамоавий натижа билан белгиланган.

Синдоровнинг фикрларидаги яна бир муҳим жиҳат — унинг навбатдаги мақсад сифатида жаҳон чемпионлигини тилга олгани.

Энди асосий эътибор Швейцариянинг Женева шаҳрига қаратилади. Халқаро шахмат федерацияси тасдиқлаган сўнгги тақвимга кўра, Синдоров ва амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу ўртасидаги баҳс 22 ноябрдан 12 декабрга қадар Колоньи коммунасидаги Мартин Бодмер жамғармасида ўтказилади. Биринчи партия 24 ноябрга белгиланган. Бу учрашув шахмат тарихидаги энг ёш жаҳон чемпионлиги баҳси бўлади: ҳар икки гроссмейстер мусобақа бошланганда 20 ёшда бўлади. Ҳиндистонлик Гукеш 2024 йилда Сингапурда хитойлик Дин Лижэнни 7,5:6,5 ҳисобида енгиб, 18 ёшида жаҳон чемпионига айланган эди. Женевада у илк бор унвонини ҳимоя қилади.

Регламентга мувофиқ, жаҳон тожи учун баҳс кўпи билан 14 та классик партиядан иборат бўлади. Биринчи бўлиб 7,5 очко жамғарган шахматчи чемпионликни қўлга киритади. Агар асосий партиялар 7:7 ҳисобида якунланса, ғолиб қўшимча тай-брейк баҳсларида аниқланади. Бундай тартибда рақиблар бир-бирининг дебют тайёргарлиги, ўйин услуби ва қарор қабул қилиш хусусиятларини чуқур ўрганиш имкониятига эга бўлади. Битта партияда қўлга киритилган устунлик ёки йўл қўйилган хато кейинги учрашувларда танланадиган стратегияга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Шу сабабли уч ҳафтага яқин давом этадиган мазкур беллашувда назарий тайёргарлик билан бирга жисмоний чидамлилик, вақтни тўғри тақсимлаш ва руҳий барқарорлик ҳам алоҳида аҳамият касб этади.

Ўзбекистон шахмати учун Женевадаги учрашувнинг тарихий аҳамияти ҳам шунда. Мамлакат терма жамоаси олимпиадада чемпионликка эришган, алоҳида шахматчиларимиз эса нуфузли халқаро турнирларда ўз салоҳиятини намойиш этган. Энди ўзбекис­тонлик гроссмейстер илк бор мутлақ жаҳон чемпиони унвони учун тўғридан тўғри баҳслашади. Самарқанддаги ғалаба Синдоровга ушбу учрашув арафасида қўшимча ишонч берди. Жаҳон тожи учун кураш эса унинг шу пайтгача тўплаган тажрибаси ва тайёргарлигини бошқа талаблар асосида синовдан ўтказади. Бу синов Ўзбекистон шахматининг келажакдаги имкониятлари ҳақидаги тасаввурларни янада кенгайтиради. Кеча катта муваффақият саналган натижалар бугун янги мақсадларни белгилаш учун асос бўлиб хизмат қиляпти. Самарқандда қўлга киритилган жамоавий ғалабанинг мантиқий давоми жаҳон шахматининг энг юксак унвони учун кечадиган баҳс билан боғланяпти.

Шу тариқа кечаги ғалаба бугунги масъ­улиятга, бугунги муваффақият эса эртанги авлоднинг имкониятига айланади. Миллий шахмат мактабининг ҳақиқий қудрати ҳам ана шу давомийликда — ҳар бир авлод ўзидан аввалгилар тўхтаган нуқтадан янада узоқроққа боришга интилишида намоён бўлади.

Азизбек ЮСУПОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири