Сафар доирасида QS World University Rankings халқаро рейтингида барқарор равишда ТОП-400 таликка кирувчи, 1921 йилда асос солинган Беларусь давлат университети раҳбарияти билан стратегик учрашув ўтказилди. Университет ректори Андрей Корол бошчилигидаги жамоа билан кечган мулоқотда магистратура босқичида қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, математика, физика, кимё, биология, сунъий интеллект ва гуманитар йўналишларда қўшма фундаментал тадқиқотларни амалга ошириш масалалари келишиб олинди. Шунингдек, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, Scopus ва Web of Science базаларидаги журналларда қўшма мақолалар чоп этиш ҳамда “У10 – Ўзбекистоннинг глобал илғор университетлари” дастури доирасидаги ҳамкорлик истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.

Делегациянинг навбатдаги манзили Беларусь миллий техника университети бўлди. Музокаралар давомида муҳандислик-технология ва рақамли иқтисодиёт йўналишларида академик мобилликни ривожлантириш ҳамда ишлаб чиқариш ва олий таълим интеграциясини кучайтириш бўйича муҳим битимлар тузилди. Шундан сўнг, Беларуснинг етакчи аграр маркази - Беларусь давлат қишлоқ хўжалиги академиясига ташриф буюрилди. Академия раҳбарияти билан ўтказилган мулоқот якунида замонавий аграр фанни ривожлантириш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлашга қаратилган ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Мазкур ҳужжат илмий-инновацион лойиҳаларни биргаликда амалга оширишда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Бухоро давлат университети ректори Обиджон Хамидов учрашувлар якунида хорижий ҳамкорларга университетнинг рамзий эсдалик совғаларини топширди. Таъкидланганидек, ушбу халқаро хизмат сафари шунчаки учрашув эмас, балки БухДУнинг халқаро академик нуфузини юксалтиришга хизмат қиладиган стратегик қадамдир. Барча таклифлар қисқа муддатда мутахассислар даражасида ишлаб чиқилиб, аниқ “йўл хариталари” асосида ҳаётга татбиқ этилади. Бу эса талабаларга жаҳон даражасидаги таълим олиш, профессор-ўқитувчиларга эса нуфузли илмий марказлар билан ҳамкорлик қилиш имконини беради.

БухДУ Ахборот хизмати


Ҳамкорлик материали