Президентимизнинг мустақиллигимизнинг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи мамлакатимиз босиб ўтган йўлни таҳлил қилиш, эришилган натижаларни баҳолаш ва келгуси тараққиёт вазифаларини белгилаш учун муҳим асос бўлди.

Иқтисодчи олим сифатида бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратмоқчиман: олий таълимга сарфланган маблағ шунчаки ижтимоий харажат эмас, балки иқтисодиётнинг келажакдаги рақобатбардошлигига киритилган узоқ муддатли инвестициядир.

Кеча. Яқин ўтмишга назар ташласак, олий таълим тизимида ҳал этилиши лозим бўлган қатор муаммолар мавжуд эди. Олийгоҳларга қабул имконияти чекланган, талабалар турар жойларига эҳтиёж юқори, айрим таълим муассасаларида ўқув лабораториялари ва моддий-техник база замон талабларига тўлиқ жавоб бермасди.

Бундай шароитда олий маълумот олиш кўплаб ёшлар учун катта орзу бўлиб қоларди. Қабул ўринларининг чеклангани рақобатни кучайтирган бўлса-да, ҳар доим ҳам билим ва қобилиятни тўлиқ намоён этиш учун етарли имконият яратмасди.

Яна бир оғриқли масала талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг асосий вазифаларидан ташқари ишларга, жумладан, пахта йиғим-теримига жалб этилиши эди.

Буни фақат меҳнат муносабатлари нуқтаи назаридан эмас, таълим иқтисодиёти нуқтаи назаридан ҳам баҳолаш зарур. Чунки ўқитувчининг дарсдан, олимнинг тадқиқотдан, талабанинг эса билим олишдан чалғитилиши инсон капитали шаклланишига салбий таъсир кўрсатади.

Илмий фаолиятнинг самарадорлиги узлуксиз изланиш, тажриба ва таҳлилга боғлиқ. Ўқув жараёнидаги ҳар қандай узилиш эса таълим сифатига таъсир этиши мумкин. Шу боис, мажбурий меҳнатга қарши амалга оширилган ислоҳотлар нафақат инсон ҳуқуқлари, балки таълим сифати ва меҳнат унумдорлигини ошириш нуқтаи назаридан ҳам муҳим.

Бугун. Ислоҳотларнинг энг кўзга кўринарли натижаси олий таълимга кириш имкониятлари кенгайишида намоён бўлмоқда. Расмий маълумотларга кўра, 2017 йилда мамлакатимизда 77 та олий таълим ташкилоти фаолият юритган бўлса, 2025 йил якунига келиб, уларнинг сони

207 тага етган. Бу олий таълим муассасалари сони қарийб 2,7 баробар ошганини англатади. Олий таълим ташкилотлари таркибида давлат университетлари билан бир қаторда нодавлат таълим муассасалари ва хорижий олийгоҳлар филиаллари фао­лият юритиши таълим хизматлари бозорида рақобат муҳитини шакллантирмоқда.

Рақобат эса университетларни фақат талабалар сонини кўпайтиришга эмас, таълим сифати, замонавий дастурлар, илмий салоҳият ва битирувчиларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини оширишга ундаши керак.

Ўсиш. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2015/2016 ўқув йилида олий таълим ташкилотларида 264,3 минг талаба таҳсил олган бўлса, 2025/2026 ўқув йили бошида уларнинг сони 1 миллион 535 минг нафарга етган. Демак, ўн йилда талабалар сони қарийб 5,8 баробар ошган. Бу рақамлар ортида минглаб оилаларнинг фарзандини олий маълумотли қилиш орзуси, ёшларнинг ўз келажагини билим орқали қуришга интилиши турибди.

Олий таълимга қамров даражаси кенгайиши ҳам мазкур ўзгаришларнинг муҳим кўрсаткичидир. Ёшларнинг олий таълимга қамрови 9 фоиздан 44 фоизга етди. Бироқ иқтисодий нуқтаи назардан муҳим савол бундан иборат: олий таълимга қабул кўпайиши меҳнат бозори учун қандай қиймат яратмоқда?

Агар университет битирувчиси замонавий касбий компетенцияга эга бўлса, ишлаб чиқаришга инновация олиб кирса, тадбиркорлик билан шуғулланса ёки янги иш ўринлари очса, таълимга киритилган инвестициянинг ижтимоий-иқтисодий самараси намоён бўлади. Шу сабабли энди асосий эътибор қамровдан сифатга, сифатдан эса аниқ иқтисодий натижага ўтиши лозим.

Сифат. Олий таълим муассасасининг имконияти аудитория, лаборатория, ахборот ресурслари, талабалар турар жойлари ва илмий инфратузилма билан бевосита боғлиқ. Илгари талабалар турар жойларига эҳтиёжни қоплаш жиддий муаммолардан эди. Расмий ҳисоботларга кўра, 2017 йилда талабалар турар жойларига эҳтиёжнинг 28 фоизи қопланган бўлса, 2025 йилда ушбу кўрсаткич 57 фоизга етган.

Бу ўсиш муҳим. Шу билан бирга, мазкур рақам талабаларни турар жой билан таъминлаш масаласи ҳали ҳам долзарб эканини кўрсатади. Чунки талаба учун муносиб яшаш шароити таълим жараёнининг ажралмас қисми. Унинг вақтини тежаш, хавфсиз муҳит яратиш, мустақил таълим олиш ва илмий изланиш билан шуғулланишига имконият бериш бевосита ўзлаштириш натижаларига таъсир қилади.

Илмий лабораториялар масаласида ҳам худди шундай ёндашув зарур. Замонавий лабораториянинг ҳақиқий қиймати фақат ускуналар нархи билан эмас, балки улар орқали бажарилган тадқиқотлар, тайёрланган мутахассислар, олинган патентлар ва ишлаб чиқаришга жорий этилган ишланмалар билан баҳоланиши керак.

Бухоро давлат университетида ҳам таълим, илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятни ўзаро боғлаш, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш ҳамда илмий ишланмаларнинг амалий аҳамиятини ошириш долзарб вазифалардан. Айниқса, Бухоро вилояти иқтисодиёти учун муҳим бўлган туризм, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар ва тадбиркорлик соҳаларида университет илмий салоҳиятидан самарали фойдаланиш катта имкониятларга йўл очади.

Рақамли таълим. Кечаги ва бугунги олий таълим ўртасидаги муҳим фарқлардан яна бири, шубҳасиз, бошқарув жараёнининг рақамлаштирилишидир. Илгари талабалар ўзлаштириши, давомати, ўқув режалари ва бошқа академик маълумотларни юритишда қоғозли ҳужжатлар салмоқли ўрин тутган. Бу эса маълумотларни қайта ишлаш, таҳлил этиш ва бошқарув қарорларини қабул қилишда ортиқча вақт талаб қиларди. Бугун HEMIS ахборот тизими олий таълим жараёнларини бошқаришда қўл келяпти. Мазкур тизим орқали талабалар контингенти, профессор-ўқитувчилар фаолияти, ўқув жараёни, давомат ва академик натижаларни электрон шаклда юритиш имконияти кенгайди.

Олий таълимга қабул жараёнида ҳам очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган ўзгаришлар амалга оширилди. Қабул тартиблари рақамлаштирилиши ва натижалар ҳақида ахборот олиш имкониятлари кенгайиши норасмий аралашувлар хавфини камайтиришга хизмат қилмоқда.

Бироқ рақамли тизимнинг ўзи барча муаммони автоматик ҳал этмайди. Унинг самарадорлиги маълумотларнинг тўғри киритилиши, адолатли баҳолаш мезонлари ва масъул ходимларнинг рақамли саводхонлигига ҳам боғлиқ. Шу ­маънода, рақамлаштиришни техник янгиланиш эмас, балки таълим бошқарувида ҳисобдорлик, шаффофлик ва натижадорлик маданиятини шакллантириш воситаси сифатида кўриш мақсадга мувофиқ.

Янги вазифа. Жаҳон тажрибаси кўрсатадики, университетларнинг мамлакат тараққиётига қўшадиган ҳиссаси фақат дипломли кадрлар тайёрлаш билан чекланмайди. Замонавий университет янги ғоялар, технологик ечимлар, тадбиркорлик ташаббуслари ва ҳудудий ривожланиш лойиҳалари шаклланадиган марказ бўлиши лозим.

Масалан, туризм соҳасини олайлик. Бухоро бой тарихий-маданий мероси, ­зиёратгоҳлари ва хизмат кўрсатиш имкониятлари билан катта салоҳиятга эга. Бироқ сайёҳлар оқимининг кўпайиши ўз-ўзидан юқори иқтисодий самарани кафолатламайди. Бунинг учун туристларнинг ҳудудда қолиш муддатини узайтириш, кўрсатиладиган хизматлар турини кўпайтириш, рақамли маркетингни ривожлантириш, маҳаллий маҳсулотларни туристик қиймат занжирига киритиш ва кадрлар малакасини ошириш зарур. Ана шундай масалалар университет олимлари учун амалий тадқиқот йўналиши бўлиши мумкин.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигида сувдан самарали фойдаланиш, кичик бизнесни бошқариш, ҳудудий меҳнат бозори эҳтиёжларини ўрганиш, рақамли иқтисодиёт имкониятларини кенгайтириш каби йўналишларда ҳам олий таълим ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини кучайтириш талаб этилади.

Етти миллий дастур. Президентимиз келгуси ўн йилликда инсон қадрини янада юксалтиришга қаратилган еттита миллий дастур амалга оширилишини таъкидлади. Улар билим ва малакани тараққиётнинг асосий капиталига айлантириш, аҳоли саломатлиги, иқтисодиётни юқори технологиялар ҳамда меҳнат унумдорлиги моделига ўтказиш, сув ва табиатга муносабатни ўзгартириш, суд мустақиллиги, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, маҳалланинг жамият тараққиётидаги ролини кучайтириш ҳамда Ўзбекистоннинг тинчлик, дўстлик ва бағрикенглик макони сифатидаги нуфузини юксалтириш каби устувор йўналишларни қамраб олади.

Мазкур дастурлар ўзаро узвий боғлиқ. Зеро, билимли кадрларсиз юқори технологияли иқтисодиётни шакллантириш, самарали бошқарувсиз ресурсларни тежаш, илмий ёндашувсиз эса ҳудудларни барқарор ривожлантириш қийин.

Ушбу дастурларни амалга оширишда олий таълим муассасалари фаоллиги алоҳида аҳамиятга эга. Бунинг учун қатор омилларга эътибор қаратиш керак. Жумладан, университетларда инсон капитали ­самарадорлигини баҳолаш тизимини ­такомиллаштириш зарур. Бунда битирувчиларнинг иш билан таъминланиши, ўз мутахассислиги бўйича фаолият юритиши, касбий ўсиши ва иш берувчиларнинг қониқиш даражаси каби кўрсаткичлар мунтазам таҳлил қилиниши мақсадга мувофиқ.

Шунингдек, ҳудудий иқтисодиёт эҳтиёжларига мос илмий лойиҳалар портфелини шакллантириш лозим. Бухоро вилояти мисолида туризм, хизматлар иқтисодиёти, сув тежамкорлиги, агробизнес, рақамли маркетинг ва кичик тадбиркорлик йўналиш­ларида амалий тадқиқотларни кенгайтириш муҳим.

Университет — корхона — маҳалла ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш керак. Ҳар бир ҳудуддаги иқтисодий муам­моларни аниқлаш, уларга илмий ечим таклиф қилиш ва натижани амалиётда синаб кўриш учун профессор-ўқитувчилар, талабалар, тадбиркорлар ҳамда маҳалла вакиллари иштирокида қўшма лойиҳалар ташкил этиш мумкин.

Талабаларнинг тадбиркорлик ва инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлаш зарур. Бизнес-режа тузиш, стартап лойиҳаларни иқтисодий баҳолаш, бозор тадқиқотларини ўтказиш ва интеллектуал мулкни тижорийлаштириш бўйича амалий машғулотларни кучайтириш мақсадга мувофиқ.

Олий таълим муассасаларида ресурс­лар самарадорлигини ошириш муҳим. Энергия ва сув истеъмолини ҳисобга олиш, рақамли мониторингни кенгайтириш, яшил технологияларни қўллаш ҳамда тежамкор бошқарув усулларини жорий этиш орқали университетларнинг ўзи барқарор ривожланиш намунасига айланиши мумкин.

Таълим сифати билан меҳнат бозори талаблари ўртасидаги боғлиқликни кучайтириш лозим. Ўқув дастурларини иш берувчилар билан ҳамкорликда янгилаш, амалий кўникмаларга йўналтирилган машғулотлар улушини ошириш ва талабаларнинг ҳақиқий ишлаб чиқариш муҳитида тажриба орттиришини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.

Илмий тадқиқот натижаларини баҳолашда уларнинг амалий таъсирига кўпроқ эътибор қаратиш керак. Илмий мақолалар ва диссертациялар билан бир қаторда ишлаб чиқаришга жорий этилган ечимлар, ташкил этилган янги иш ўринлари, тежалган ресурслар ва яратилган иқтисодий қиймат ҳам муҳим мезон бўлиши зарур.

Хулоса. Кечаги ва бугунги олий таълимни қиёслар эканмиз, ўзгаришларнинг энг муҳим жиҳати инсонга бўлган муносабатда намоён бўлаётгани аёнлашади. Кеча олий таълимга кириш имконияти чекланган, инфратузилма муаммолари кўп ва таълим жараёнига бегона вазифалар аралашган даврлар бўлган бўлса, бугун олий таълим қамрови кенгаймоқда, бошқарув рақамлаштирилмоқда, илмий изланишлар учун янги имкониятлар шаклланмоқда. Айни пайтда бу натижаларни якуний манзил деб қабул қилмаслик керак. Олдимизда таълим сифатини ошириш, университетларнинг иқтисодий ва ижтимоий самарадорлигини кучайтириш, илм-фан натижаларини амалиётга кенг жорий этиш каби вазифалар турибди.

Президентимиз илгари сурган еттита миллий дастур ҳам айнан шундай ёндашув­ни талаб этади. Уларнинг муваффақияти давлат идоралари билан бир қаторда университетлар, илмий жамоалар, тадбиркорлар ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлигига боғлиқ.

Бахтиёр НАВРЎЗЗОДА,

Бухоро давлат университети профессори, иқтисодиёт фанлари доктори