Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор ташкил этилган мазкур йирик тадбир юртдошларимизда катта қизиқиш уйғотиб, рўйхатдан ўтиш талабларига жиддий ва масъулият билан ёндашганларига ҳам гувоҳ бўлдик. Кўпчилик тадбирнинг аҳамияти, юртимизга оид статистик рақамларни аниқ шакллантириш, ишончли ва замонавий маълумотлар базасини яратишда муҳим эканини яхши англади. Ҳатто жараёндан сўнг мавжуд рақамлар мутлақо ўзгариши ёки янгиланиши мумкинлиги ҳам тахмин қилинганди.
Ўтказилган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирининг дастлабки натижалари шу йил 30 июнь куни Миллий статистика қўмитаси томонидан эълон қилинди. Рақамларда чиндан кутилмаган ўзгаришлар бор. Масалан, мамлакатимиз аҳолиси сонида 810 мингдан кўпроқ фарқ кузатилди — Ўзбекистон фуқаролари сони жорий статистик ҳисоб-китоблар бўйича 38 236 704 нафарни ташкил этган бўлса, рўйхатга олишнинг дастлабки натижалари бўйича 39 047 321 нафарга етгани қайд этилди.
Уларнинг 54,5 фоизи шаҳарларда, 45,5 фоизи қишлоқ жойларда яшамоқда. Аҳолининг жинси бўйича тақсимотда ҳам кутилмаган ўзгариш бор, эркаклар аёлларга нисбатан кўпроқ экани аниқланди. Маълумотларга кўра, айни пайтда эркаклар сони 19 766 166 нафарни, аёллар сони эса 19 281 155 нафарни ташкил этмоқда. Аҳолининг миллатлар бўйича таркибида эса ўзбеклар 89,4 фоиз бўлиб, фуқароларнинг 91,3 фоизи ўзбек тилини она тили сифатида кўрсатган.
Қишлоқ хўжалигига оид статистик рақамларда ҳам ўзгаришлар катта. Дастлабки натижаларга кўра, деҳқончилик мақсадида фойдаланиладиган умумий ер майдони 4,8 миллион гектарни, балиқ боқиш ҳавзалари 652,8 минг гектарни ташкил этмоқда ва ҳоказо.
— Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор ўтказилган кенг кўламдаги аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирининг дастлабки натижаларини эълон қилдик. Бу тўпланган маълумотларнинг тахминан 14-15 фоизини ташкил этади, қолган рақамлар эса келаси йилнинг июль ойига қадар электрон платформалар орқали босқичма-босқич эълон қилиб борилади, — деди Миллий статистика қўмитаси раиси Беҳзод Ҳамроев. — Гап шундаки, мазкур тадбир юртимиз амалиётида илк йирик миллий рўйхатга олиш ҳисобланади ва деярли 37 йил давомидаги маълумотлар янгиланиб, қайта ишланяпти, бу жуда катта жараён. Натижалар сифати ва тўлиқлигини таъминлаш мақсадида танланма кузатув ишлари олиб борилиб, маълумотлар бир неча манбалар билан солиштириляпти. Яъни юртимизда бу борада аввал тажриба бўлмагани, қолаверса, жаҳон амалиётида ҳам натижалар бир неча йил давомида эълон қилинишини эътиборга олсак, бир оз вақт талаб этилиши табиий. Шунга қарамай, рўйхатга олиш жараёни “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонун талабларига кўра ва халқаро тавсиялар, замонавий рақамли технологиялар, очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида ташкил этилди ва бу хорижий давлатларда ҳам эътироф қилинмоқда. Ҳаттоки бу борадаги Ўзбекистон амалиёти энг яхшилардан бири экани айтиляпти. Бунда, албатта, бизга яқиндан кўмаклашган халқаро ҳамкорлар, хусусан, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори офиси, БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси, Жаҳон банки, Халқаро миграция ташкилотининг ҳам ҳиссаси катта.
Бир сўз билан айтганда, узоқ кутилган ҳамда юқори тайёргарлик кўрилган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини умуммиллий рўйхатга олиш тадбири юртимизда муваффақиятли якунланди. Салкам икки ой — 15 январдан 28 февралга қадар давом этган тадбир мамлакатимиз ҳаётидаги тарихий воқеликка айланиб, халқимиз ва хориж майдони диққат марказида бўлди. Кузатув натижаларига кўра, жараёнда умумий аҳолининг 97,3 фоизи рўйхатга олинган бўлса, 2,7 фоизи турли сабабларга кўра рўйхатга олиш жараёнларида қатнашмаган. Аммо бу халқаро меъёрлар бўйича нормал бўлиб, турли давлатларда 10 фоиз ва ундан юқори ҳолатлар ҳам кузатилган.
Бир қарашда булар оддий рақамлар, одатдаги статистика. Аммо тўпланган маълумотларнинг ҳар бири жамият ҳаётидаги муҳим жараёнларни акс эттиради. Масалан, улар аҳоли сони ва таркиби, ҳудудлар бўйича жойлашуви, уй хўжаликлари ва яшаш шароитлари, таълим, бандлик ва миграция жараёнлари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ресурслари ва фаолияти тўғрисида яхлит тасаввур ҳосил қилиш имконини беради. Ушбу маълумотлар мамлакатнинг бугунги қиёфасини холис акс эттирадиган, жамият эҳтиёжларини аниқ кўрсатадиган ва келажакдаги қарорлар учун ишончли йўналиш берадиган стратегик ахборот манбаидир.
Шу боис, статистик маълумотлар аниқ, шаффоф ва ишончли бўлишидан ҳар биримиз манфаатдормиз. Ҳар ҳолда бугун ўзимиз ҳам статистика деганда кўр-кўрона эълон қилинадиган рақамлар эмас, аниқ ҳисобланган маълумотлар базасини тасаввур қилиб, баъзи амалиётларни шулар асосида амалга оширишга одатланиб қолганмиз. Рўйхатга олиш тадбирларида юртдошларимиз кутилганидан кўра фаоллик кўрсатгани сабаби ҳам шунда бўлса керак.
Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш икки босқичда — онлайн ҳамда тегишли ходимлар томонидан уйма-уй юрган ҳолда амалга оширилди. Аввалига ҳамюртларимиз census.stat.uz махсус ахборот тизими орқали онлайн рўйхатдан ўтди. Унда жами аҳолининг 82,3 фоизи иштирок этди ва бу МДҲ давлатлари орасида ўзига хос рекорд натижа сифатида қайд этилди. Иккинчи босқичда эса “маҳалла еттилиги”нинг 55 мингдан ортиқ ходими ҳар бир хонадонга кириб, тегишли маълумотларни махсус планшетлар орқали ягона электрон тизимга киритиб борди. Рўйхатга олиш жараёни давомида call-марказ орқали кунига
2 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушгани ҳам аҳолининг тадбирда катта қизиқиш билан иштирок этганини кўрсатади.
Мутасаддиларнинг айтишича, тадбир аввалида аҳолининг 20 фоизи онлайн рўйхатдан ўтиши ҳисоб-китоб қилинган. Аммо кутилмаганда бу кўрсаткич анча баланд бўлиб, онлайн рўйхатдан ўтиш кўрсаткичи 82,3 фоизга етган. Натижада рўйхатга олиш тадбирлари харажатлари ҳам сезиларли қисқаришига эришилган.
— Дастлабки харажатлар 140 миллиард сўм атрофида ҳисобланган эди, — дейди Беҳзод Ҳамроев. — Бироқ аҳолининг интернетдан фаол фойдаланиши ҳамда катта қисми онлайн рўйхатдан ўтгани харажатларни сезиларли камайтирди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бир кишини рўйхатга олиш учун сарфланган харажат 0,12 долларни ташкил этди. Жами харажатни ҳисоблаганда, бир неча баробар тежалганини кўриш мумкин. Бу кейинги йилларда Ўзбекистонда рақамлаштириш кўрсаткичи ортиб бораётгани, одамларнинг электрон платформалар, интернет тармоғидан фойдаланиш даражаси анча юқорилаганини кўрсатади. Шу боис, рўйхатга олиш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилиб, тарихимизда замонавий ахборот технологиялари асосида ташкил этилган ва қамрови бўйича энг йирик тадбирлардан бири бўлди.
Буни хорижлик мутахассислар ҳам эътироф этмоқда. БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги доимий вакили Нигина Аббосзоданинг таъкидлашича, жаҳон тажрибасида одатда аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари учун харажатлар киши бошига камида 3 доллар, ўртача 5 доллардан тўғри келади. Ўзбекистон амалиётида ҳам шундай ҳисоб-китоб қилинган. Бироқ амалда харажатлар сезиларли тежалиб, бу борада юқори самарадорликка эришилган.
Жараёнга тайёргарлик кўришдан тортиб, уни ўтказиш ва натижаларни таҳлил қилиш босқичларининг барида халқаро экспертлар доимий иштирок этмоқда. Боиси, бундай йирик тадбир халқаро майдонда ҳам ўзига хос амалиёт ҳисобланади. Қолаверса, маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилишда халқаро стандартларни қўллаш ниҳоятда муҳим.
Бунда аҳоли билан бирга қишлоқ хўжалиги ҳам қамраб олингани, айниқса, аҳамиятли. Одатда ушбу иккита йўналишни бир вақтда рўйхатдан ўтказиш жуда катта тадбир бўлиб, жаҳон амалиётида саноқли давлатлар тажрибасидагина кузатилади. Ўзбекистон бу борада ўзига хос тажриба ярата олгани ва рўйхатга олиш муваффақиятли ўтгани халқаро миқёсда эътироф этилаётгани боиси шунда.
Рўйхатга олиш натижаларида аввалги рақамлар жорий маълумотлардан муайян даражада фарқ қилиши табиий ҳолат. Чунки шу вақтгача аҳоли сони демографик ҳисоб-китоблар асосида, бошқа маълумотлар эса асосан ҳисобот топшириш орқали шакллантирилган. Қолаверса, Ўзбекистон амалиётида охирги рўйхатга олиш тадбири 1989 йилда ўтказилган, орадаги вақт эса анча катта. Бу реал натижалар борасидаги сезиларли ўзгаришларни юзага келтиради. Аммо рўйхатга олишдан мақсад рақамни ўзгартириш эмас, балки уни аниқлаштиришдир.
Дастлабки натижаларга кўра, мамлакатимиз аҳолиси сони айни пайтда 39 миллиондан кўпроқ экани бунинг исботи. Кўрсатилишича, Ўзбекистон аҳолиси сони 1897 йилдагидан қарийб ўн баробар, 1989 йилдагидан эса икки баробар ошган.
Одатда бу каби статистик маълумотлар одамлар учун қизиқ бўлибгина қолмай, муайян даврга оид қайдлар, демографик ва бошқа кўрсаткичларнинг умумий манзарасини кўрсатиб берадиган асосий омил ҳисобланади. Уларнинг аниқ, шаффоф ва ишончли бўлиши эса бевосита мамлакат тараққиёти, аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижалари келгусида демографик ўзгаришларни таҳлил этиш, фуқароларнинг ҳудудлар кесимида жойлашувини баҳолаш, инфратузилмага бўлган эҳтиёжни аниқлаш, яшаш шароитлари ва ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар бўйича манзилли қарорлар қабул қилиш ва тегишли таҳлилларни амалга ошириш имконини беради.
Рўйхатга олиш натижаларига оид рақамларни эса юртдошларимиз электрон платформалар орқали кузатиб боришлари мумкин.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири