И.Ғафуров 1937 йил 27 декабрда Тошкент шаҳрида туғилди. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)ни филолог – ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси мутахассислиги бўйича тамомлади. Меҳнат фаолиятини 1961 йилда Давлат бадиий адабиёт нашриётида муҳаррир сифатида бошлаб, кейинчалик узоқ йиллар Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида бўлим мудири, бош муҳаррир ўринбосари лавозимларида хизмат қилди.
И.Ғафуровнинг ижтимоий фаол ижодкор, чинакам маърифат фидойиси сифатидаги юксак фазилатлари у “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррирининг ўринбосари, “Миллий тикланиш” газетаси бош муҳаррири бўлиб ишлаган йилларда яққол намоён бўлди. Филология фанлари номзоди И.Ғафуров ижодий ва ижтимоий фаолиятни педагоглик билан уйғун ҳолда олиб бориб, Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети сингари нуфузли олийгоҳларда талабаларга дарс берди ва юқори малакали филолог ҳамда журналист кадрлар тайёрлашда ҳам жонбозлик кўрсатди.
И.Ғафуров мамлакатимизда кўппартиявийлик ва парламентаризм тамойилларини ривожлантиришга ҳам муносиб ҳисса қўшди. У Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси, Олий Мажлис депутати ҳамда Матбуот ва ахборот қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимларида самарали иш олиб борди. Ёрқин истеъдод, кенг билим ва тафаккур эгаси бўлган И.Ғафуров ўзидан бой илмий, адабий-бадиий мерос қолдирди.
Унинг 60 йилдан зиёд меҳнат фаолияти мобайнида ҳассос адабиётшунос олим, донишманд адиб сифатида ўзбек адабиётининг долзарб назарий ва амалий масалаларига, хусусан, Абдулла Қодирий, Ойбек, Усмон Носир, Мақсуд Шайхзода, Миртемир, Зулфия, Саид Аҳмад, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов сингари улуғ адиб ва шоирларимиз асарларининг бадиий таҳлилига бағишланган кўплаб мақолалари, китоб ва рисолалари, оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлари миллий маънавиятимиз хазинасига катта ҳисса бўлиб қўшилди.
И.Ғафуров инсоннинг қалб кечинмаларини, юксак гуманистик ғояларни тараннум этадиган бадиий ва публицистик асарлари, адабий-маърифий мавзудаги фильмлар учун ёзган сценарийлари билан ҳам адабиётимизда ўчмас из қолдирди. У жаҳон адабиётининг ўнлаб мумтоз намуналарини, хусусан, Ф.Достоевский, Г.Мопассан, Э.Хемингуэй, Г.Г.Маркес, Ж.Жойс, Ч.Айтматов каби адибларнинг машҳур асарларини ўзбек тилига юксак маҳорат билан таржима қилиб, бадиий таржимачилик соҳасида ўзига хос ижодий мактаб яратди. Моҳир сўз санъаткорининг серқирра истеъдоди Янги Ўзбекистон шароитида янада яққол намоён бўлди. У мамлакатимизнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, миллий адабиётимиз ва санъатимизни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар жараёнида умрининг охирига қадар фаол иштирок этиб келди. И.Ғафуровнинг халқимиз, Ватанимиз олдидаги унутилмас хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистон Қаҳрамони” олий унвони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби” фахрий унвони, “Дўстлик” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари билан мукофотланди.
Заҳматкаш олим, атоқли адиб, ёшларнинг меҳрибон устози, самимий ва камтарин инсон Иброҳим Ғафуровнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов,
А.Арипов, С.Саидов, С.Турдиев