Учрашувда Ўзбекистон ва Грузия ўртасида стратегик шериклик муносабатларини, парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, жорий йил июль ойида давлатимиз раҳбарининг Грузияга давлат ташрифи доирасида икки томонлама стратегик шериклик муносабатларининг ўрнатилиши икки мамлакат ҳамкорлиги учун янги имкониятларни белгилаб берди.
Парламентлараро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида парламентларнинг ихтисослашган қўмиталари ва парламентлараро ҳамкорлик бўйича гуруҳлари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, уларни аниқ масалалар муҳокамасига кенгроқ жалб этиш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, 2027–2028 йилларга мўлжалланган қўшма “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди. Мазкур ҳужжат парламентлараро мулоқотни тизимли давом эттириш, устувор йўналишлар бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш ва Ўзбекистон – Грузия стратегик шериклигини парламентлар даражасида қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Шунингдек, мулоқотда савдо-иқтисодий алоқалар, транспорт боғлиқлиги, инвестициялар, рақамлаштириш каби йўналишлардаги ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Таълим, туризм ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.