Мазкур шамол электр станциялари Навоий ва Бухоро вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Тошкент вилоятида барпо этилди. Бу лойиҳалар юртимиз энергетика тизимида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Хусусан, 2023–2024-йилларда Навоий вилоятининг Томди туманида 500 МВт, 2024–2025-йилларда Бухоро вилоятининг Пешку ва Ғиждувон туманларида ҳар бирининг қуввати 500 МВтдан бўлган 2 та ҳамда 52 МВт қувватли 1 та (жами 1052 МВт), 2025-йилда Қорақалпоғистон Республикасининг Қораўзак туманида 100 МВт, 2026-йилда эса Қораўзак туманида 200 МВт ҳамда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида 20 МВт қувватли шамол электр станциялари ишга туширилди.
Ушбу шамол электр станциялари ишга туширилгандан буён бугунги кунга қадар жами 8,2 млрд кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бунинг натижасида 2,1 млрд куб метр табиий газ тежалди ҳамда атмосферага 4,7 млн тонна зарарли моддалар чиқарилишининг олди олинди.
“Яшил” энергия улушининг ортиб бориши — Ўзбекистон энергетика соҳасидаги ислоҳотларнинг амалий натижасидир. Бу йўналиш энергия манбаларини диверсификация қилиш ва замонавий энергетика тизимини шакллантиришга хизмат қилади.