Бу Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги таҳлилида қайд этилган.
Таҳлил pedagog.uzedu.uz базаси маълумотларига асосланган. Унга кўра, сертификат олганларнинг 70,2 фоизи (12 693 нафар) ўтиш меъёрига яқин бўлган 56–70 балл оралиғида жойлашган. 72–85 балл тўплаганлар 4 778 нафарни (26,4 фоиз), 86 ва ундан юқори балл олганлар эса атиги 608 нафарни (3,4 фоиз) ташкил этган. Бу барча иштирокчиларнинг 1,3 фоизидир.
Ўтиш кўрсаткичи йиллар кесимида бир текис бўлмаган. 2024 йилда иштирокчиларнинг 44,3 фоизи, 2025 йилда 29,7 фоизи, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида эса 44,1 фоизи сертификат олган. 2025 йилда иштирокчилар сони 21 505 нафарга етиб, 2024 йилга нисбатан 38,4 фоизга ошган, лекин ўтиш улуши 14,6 фоиз бандга камайган.
Таҳлил муаллифлари буни олдинги йили ўта олмаганларнинг такрорий синовга жалб этилиши, 2025 йил июль–август ойларидаги йирик навбатдан ташқари синов (унда 11 956 нафар педагог сертификат ололмаган) ва синов материаллари қийинлигининг ўзгариши билан изоҳлайди. Охирги фаразни психометрик таҳлил орқали текшириш лозимлиги таъкидланган.
Уч йил давомида ўтиш улуши деярли ўзгармаган: 2024 йилдаги 44,3 фоиздан 2026 йилда 44,1 фоизга, яъни 0,2 фоиз бандга пасайган. Сертификат ололмаганларнинг ўртача бали ҳам барқарор бўлиб, 39,9 дан 42,2 баллгача оралиқда сақланган.
Таҳлилда 37,7 фоизлик кўрсаткични бевосита хорижий мамлакатлар билан таққослаш тўғри эмаслиги қайд этилган. Чунки АҚШ, Финляндия ва Жанубий Кореяда ўхшаш имтиҳонлар турли вазифаларни бажаради: масалан, Финляндияда у педагогик таълимга кириш имтиҳони, Жанубий Кореяда эса бўш иш ўринлари учун танлов ҳисобланади.
Муаллифларга кўра, Ўзбекистондаги кўрсаткич икки хил талқинга имкон беради: ёки синов материаллари амалдаги тайёргарлик даражасидан анча мураккаб, ёки педагог кадрлар тайёрлашда тизимли муаммо мавжуд.