Янги таҳрирдаги Конституцияда ўқитувчи меҳнатининг жамият ва давлат тараққиётидаги ўрни алоҳида эътироф этилиб, педагоглар шаъни ҳамда қадр-қимматини ҳимоя қилиш, касбий ривожланиши учун шароит яратиш давлатнинг устувор вазифаси сифатида мустаҳкамланди. “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида ҳам таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш кўзланган.

Халқаро баҳолашлар дастурларида муносиб натижага эришиш ҳам ушбу узоқ муддатли сиёсатнинг муҳим мезонларидан бири. Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги фармони билан тасдиқланган Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида Ўзбекистоннинг PISA (The Programme for International Student Assessment) — Халқаро миқёсда ўқувчиларни баҳолаш дастури рейтингида дунёнинг илғор 30 та ­мамлакати қаторига кириши мақсад қилиб белгиланган. Шу нуқтаи назардан, PISA 2025 натижалари нафақат халқаро рейтингдаги ўринни, балки таълим тизимида қайси йўналишларда силжиш юз бераётгани ва қайси масалаларда ишларни кучайтириш зарурлигини кўрсатадиган муҳим таҳлилий мезондир.

2026 йил 8 сентябрь куни Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда OECD — Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти билан ўтказилган таълим форумида PISA 2025 натижалари расман эълон қилинди. Форумда Ўзбекистон натижаларининг динамикаси, таълимдаги тенглик, ўқув муҳити, ўқитувчи кўмаги ва натижаларга таъсир қилувчи омиллар муҳокама қилинди.

91 та таълим тизими, 760 мингдан ортиқ ўқувчи

PISA бу — OECD томонидан ташкил этиладиган дунёдаги энг йирик халқаро таълим тадқиқотларидан бири. У 15 ёшли ўқувчиларнинг билимни шунчаки эслаб қолишини эмас, балки уни ҳаётий вазиятларда қўллаши, мураккаб муаммоларни ҳал этиши, маълумот ва далилларни таҳлил қилиши ҳамда асосланган хулоса чиқариш қобилиятини баҳолайди.

PISA 2025 тадқиқотида дунё бўйича 91 та давлат ва таълим тизимидан 760 мингдан ортиқ ўқувчи иштирок этди. Улар 15 ёшли қарийб 33 миллион ўқувчини ифодалайди. Ўзбекистондан эса тасодифийлик ҳамда репрезентативлик тамойили асосида танлаб олинган 233 та мактабдан 8652 ўқувчи тадқиқотда қатнашди.

Табиий-илмий саводхонлик PISA 2025 тадқиқотининг асосий баҳолаш йўналиши бўлди. Шу билан бирга, янги инновацион баҳолаш йўналиши “Рақамли дунёда ўрганиш” доирасида ўқувчиларнинг рақамли воситалардан фойдаланган ҳолда янги билимларни ўзлаштириш, ўз ўрганиш жараёнини бошқариш ҳамда ҳисоблаш ва алгоритмик фикрлаш асосида муаммоларни ҳал этиш кўникмалари баҳоланди.

PISA 2025 тадқиқотининг энг эътиборга молик натижаси табиий-илмий саводхонлик бўйича қайд этилди. Ўзбекистонлик ўқувчиларнинг ўртача натижаси 438 баллни ташкил этиб, 91 та давлат ва таълим тизими орасида 48-ўринни эгаллади. 2022 йилда натижа 355 балл ва 80-ўрин эди. Демак, икки баҳолаш оралиғида кўрсаткич 83 баллга ошган.

Бироқ натижани фақат рейтинг билан баҳолаш етарли эмас. OECD  мамлакатларида табиий фанлар бўйича ўртача кўрсаткич 482 балл атрофида. Демак, Ўзбекистон учун эришилган ўсишни мустаҳкамлаш билан бирга ОЕCD ўртача кўрсаткичига яқинлашиш вазифаси ҳам долзарблигича қолмоқда.

Базавий даражага етаётганлар кўпайди

PISA натижаларини тушунишда ўқувчиларнинг саводхонлик даражалари ўртача баллдан ҳам муҳимроқ манзарани беради. Табиий-илмий саводхонлик бўйича 2-даража базавий мезон ҳисобланади. Бу даражага эришган ўқувчи кундалик ҳаётда учрайдиган илмий ҳодисаларни тушунтира олади ҳамда содда вазиятларда берилган маълумотларга таянган ҳолда хулосанинг асосли ёки асоссиз эканини аниқлай олади.

2022 йилда Ўзбекистон ўқувчиларининг атиги 18,9 фоизи камида шу даражага эришган эди. 2025 йилда эса бу улуш қарийб 65 фоизга етди. Бошқача айтганда, базавий даражадан паст қолаётган ўқувчилар улуши кескин қисқарди. ОЕCD мамлакатларида камида 2-даражага эришганлар улуши ўртача 74 фоизни ташкил этади. Бу кўрсаткич Ўзбекистон натижаларидаги ўсишнинг энг муҳим мазмунини очиб беради: ўзгариш фақат ўртача баллда эмас, базавий билим ва кўникмаларга эга бўлаётган ўқувчилар қатламининг сезиларли кенгайишида ҳам намоён бўлмоқда.

Ислоҳотларнинг марказида — ўқитувчи ва баҳолаш сифати

PISA натижаларидаги ўзгаришни биргина омил билан изоҳлаш тўғри бўлмайди. Бироқ 2022-2025 йиллар давомида мактаб таълимида амалга оширилган тизимли ислоҳотлар ушбу натижалар таҳлилида муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Сўнгги йилларда мактаб таълимида ўқув дастурларини компетенциявий ёндашув асосида такомиллаштириш, дарсликларни янгилаш, педагогларнинг узлуксиз касбий ривожланишини кучайтириш ҳамда мезонларга асосланган баҳолаш тизимини босқичма-босқич кенгайтиришга қаратилган тизимли ишлар қилинмоқда. Хусусан, “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожланиш соати” амалиётлари орқали ўқитувчиларнинг замонавий методикаларни эгаллаши қўллаб-қувватланмоқда, баҳолаш тизимида эса ўқувчининг фақат билимни эслаб қолиши эмас, балки уни тушуниши, қўллаши ва фикрлаш жараёнини аниқлашга қаратилган ёндашувлар кучайтирилмоқда.

Мазкур ўзгаришлар PISA ёндашуви билан ҳамоҳанг бўлиб, таълим жараёнини билимни такрорлашдан кўра, уни реал вазиятларда қўллаш, таҳлил қилиш ва асосланган хулоса чиқаришга йўналтиришга хизмат қилади.

Ижтимоий шароит натижани қанчалик ҳал этади?

Тадқиқот натижалари Ўзбекистон учун яна бир муҳим жиҳатни кўрсатди. Ижтимоий-иқтисодий ҳолати энг юқори 25 фоиздаги ўқувчилар билан энг паст 25 фоиздаги ўқувчилар ўртасидаги табиий-илмий саводхонлик фарқи қарийб 22 баллни ташкил этган. ОЕCD мамлакатларида бу тафовут ўртача 85 балл. Мазкур рақамлар Ўзбекистонда ўқувчининг ижтимоий-иқтисодий ҳолати билан таълим натижалари ўртасидаги боғлиқлик ОЕCD ўртачасига нисбатан заифроқ эканини кўрсатади. Таълимда тенг имкониятларни таъминлаш нуқтаи назаридан бу ижобий кўрсаткичдир.

Ушбу сиёсат мактабгача босқичдан бошланмоқда. 2026 йилда мактабгача таълим қамрови 78 фоизга етган, 2030 йилгача уни 80 фоизга, мактабга тайёрлов гуруҳлари қамровини эса 100 фоизга етказиш мақсад қилинган. 2026-2028 йилларда барча ҳудудларда “Янги авлод” мактабгача таълим ташкилотлари ва Болаларни ривожлантириш инновацион марказлари ташкил этилиши режалаштирилган.

Китоб, оиладаги муҳит ва боланинг мақсади

PISA маълумотлари натижага фақат мактабдаги дарс эмас, боланинг оиладаги ўқув муҳити ҳам боғлиқ эканини кўрсатади. Ўқувчининг уйидаги китоблар сони ортиб бориши билан табиий-илмий саводхонлик натижалари ҳам юқорилаб бориши кузатилади. Буни “китобнинг кўплиги натижани оширади”, деган тўғридан тўғри хулоса эмас, оиладаги китобхонлик ва ўрганиш муҳити билан таълим натижаси ўртасидаги кучли боғлиқлик сифатида талқин қилиш тўғрироқ.

Шунингдек, ўқувчиларнинг келажакдаги таълимга оид интилишлари билан уларнинг натижалари ўртасида ҳам боғлиқлик мавжуд. Олий таълимни давом эттиришни кўзлаган ўқувчиларнинг натижалари одатда юқорироқ. Бу боланинг ўз олдига катта таълим мақсадини қўйиши, оиланинг таълимга муносабати ва келажак имкониятларини кўра олиши мактабдаги ўқишга ҳамоҳанг омиллар эканини кўрсатади. Шу нуқтаи назардан, ­Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар тармоғи ривожланиши, муҳандислик мактаблари ташкил этилиши, олий таълимга кириш имкониятлари кенгайиши ва иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш механизмлари мактаб ўқувчиси олдида таълимнинг кейинги босқичлари учун кенгроқ уфқ очмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, PISA тадқиқотининг аҳамияти фақат рейтингдаги ўрин билан чекланмайди. Унинг асосий вазифаси таълим тизимига ўзининг кучли ва заиф бўлган жиҳатларини халқаро мезонлар асосида баҳолаш имконини беришдир.

PISA 2025 тадқиқоти Ўзбекистон учун бир неча аниқ хулосани кўрсатмоқда.

Биринчидан, табиий-илмий саводхонлик бўйича базавий даражага эришаётган ўқувчилар қатлами кескин кенгайиши катта ижобий силжишдир.

Иккинчидан, ижтимоий-иқтисодий ҳолати турлича бўлган ўқувчилар орасидаги тафовутнинг нисбатан кичиклиги таълимдаги тенг имкониятлар нуқтаи назаридан муҳим.

Учинчидан, юқори саводхонлик даражаларига эришган ўқувчилар улушини ошириш ва рақамли муҳитда мураккаб муаммоларни ҳал қилиш кўникмаларини кучайтириш зарур. Шу маънода, PISA 2025 якуний нуқта эмас, кейинги ислоҳотлар учун диагностик нуқтадир. Мактаб таълими сифатини ошириш, педагогларнинг касбий салоҳиятини мунтазам ривожлантириш, баҳолашни билимни такрорлашдан кўникмани намойиш этишга йўналтириш, табиий ва аниқ фанларда юқори даражадаги фикрлашни кучайтириш ҳамда рақамли ва сунъий интеллект саводхонлигини таълим мазмунига чуқур интеграция қилиш олдиндаги устувор йўналишлар бўлиб қолади.

Президентимиз мустақиллигимизнинг 35 йиллиги байрамидаги тарихий нутқида ҳам  келгуси ўн йиллик биз учун миллий юксалиш даври бўлиши ҳақида алоҳида таъкидлаб, бу йўлда, энг аввало, билим ва малакани келгуси тараққиётимизнинг асосий капиталига айлантирадиган миллий дастур қабул қилинишини белгилаб берди. Барча мактаблар халқаро баҳолаш дастурлари билан тўлиқ қамраб олинишига эътибор қаратди. Миллий дастур ва унда белгиланган вазифаларнинг амалга татбиқ этилиши янги Ўзбекистон таълимининг Учинчи Ренессанс пойдеворига айланишини таъминлаши шубҳасиз.

Эъзозхон КАРИМОВА,

мактабгача ва мактаб

таълими вазири