Кўрик-танловдан асосий мақсад — ёш журналистлар ва блогерларнинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, замонавий медиа воситалари орқали Ватан, истиқлол ва юртимиз ҳаётини таъсирчан ёритишга рағбатлантириш, шунингдек, сифатли видеоконтент яратиш маданиятини ривожлантиришдан иборат.

Танлов учта йўналиш бўйича ўтказилди: профессионал ижодкорлар учун “Энг яхши видеоролик”, “Сунъий интеллект ёрдамида яратилган энг яхши видеоролик” ҳамда “Мобилография асосида яратилган энг яхши видеоролик”. 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёш журналистлар ва блогерлар ўз ижодий ишлари билан иштирок этдилар.

“Шарафли йўл” кўрик-танлови ҳақидаги илк эълондан бошлаб ижодий ишлар 2026 йил 28 августга қадар қабул қилинди. Шу давр мобайнида иштирокчилар томонидан турли мавзуларда, замонавий ёндашув ва креатив ғояларга асосланган видеороликлар тақдим этилди. Танлов жараёни, эълонлар ва муҳим босқичлар Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг расмий Telegram канали орқали мунтазам ёритиб борилди.

Келиб тушган ижодий ишлар профессионал ҳакамлар ҳайъати томонидан белгиланган мезонлар асосида кўриб чиқилди. Иштирокчиларнинг ғояси ва мазмунни очиб бериш маҳорати, тасвирий ечим, монтаж, ижодий ёндашув ҳамда замонавий медиа талабларига мувофиқлигига эътибор қаратилди. Ҳар бир ижодий ишни холис ва адолатли баҳолаш асосида энг муносиб ишлар саралаб олинди.

Кўрик-танлов ғолиблари белгиланган мезонлар асосида аниқланиб, муносиб ижодий ишлар эътироф этилди. Ғолибларни тантанали равишда тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Уларга белгиланган совғалар ва эсдалик мукофотлари топширилди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзолигига тавсия этилган бир гуруҳ журналистларга Уюшма аъзолик гувоҳномалари тантанали равишда топширилди.

Шунингдек, тадбир доирасида “Журналист” бадиий фильми намойиш этилди.

“Шарафли йўл” видеороликлар кўрик-танлови Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ёш журналистлар ва блогерларнинг ижодий ишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси

Ахборот хизмати