Жойларда ишни қандай ташкил этиш Янгийўл тумани мисолида кўрсатиб берилди. Туманда 1 минг 400 километр электр тармоғи ва 422 та трансформатор мавжуд.
Сўнгги беш йилда аҳолининг электр истеъмоли 68 миллиондан 102 миллион киловатт-соатга, яъни 1,5 карра ошган. Лекин бу даврда бор-йўғи 60 та трансформатор ва 240 километр тармоқ янгиланган. Йил бошидан электр йўқотишлари 30 миллион киловатт-соатга етган, тармоқларда 37 та авария содир бўлган.
Тўлов интизоми яхши йўлга қўйилмагани сабабли дебитор қарздорлик 43 миллиард сўмга чиқиб кетган. Шунинг 9,4 миллиард сўми нореал қарздорлик ҳисобланади.
Туманда 829 та истеъмолчининг ҳисоблагичи ASKUE тизимига мос келмайди, яна 2 мингта ҳисоблагич маълумот юбормайди. Солиққа “нол” ҳисобот топширган 48 та корхона эса олти ойда 871 минг киловатт-соат электр ишлатган.
Газ таъминотида ҳам худди шундай аҳвол кузатилмоқда. 5 мингдан ортиқ газ ҳисоблагич маълумот узатмаётгани оқибатида қарздорлик 188 миллиард сўмга етган.