Бу ҳақда «Дунё» АА мухбири Испаниянинг «La Brújula Verde» рақамли журналига таяниб хабар бермоқда.

Ёдгорликда мунтазам археологик тадқиқотлар жорий йилда Самарқанд Археология институти илмий ходими Санжар Абдураҳимов раҳбарлигида бошланган.

Мажмуанинг шимоли-шарқий қисмида баландлиги қарийб 70 сантиметр, кенглиги 90 сантиметр бўлган оташгоҳ топилди. Унда бир неча қават лой сувоқ қолдиқлари сақланиб қолган.

Оташгоҳ ёнидан инсон суякларини сақлашга мўлжалланган оссуарий — сопол идиш ҳам аниқланган. Унинг сирти кийик ва арча — Туркистон арчаси тасвирлари билан безатилган. Нақшларнинг аниқ маъноси мутахассислар томонидан қайта тиклаш ишлари якунланганидан сўнг белгиланиши кутилмоқда.

Оташгоҳ ва оссуарийнинг биргаликда топилиши зардуштийлик анъаналари билан боғлиқ дафн маросимларидан далолат бериши мумкин. Ушбу эътиқодга кўра, марҳумларнинг жасадлари кўмилмаган ва куйдирилмаган. Суяклар тозалангач, махсус идишларга жойлаштирилган.

Агар Одирмон ёдгорлигининг санаси тасдиқланса, ушбу топилма Сўғд ва Хоразмда безакли оссуарийлар кенг тарқалишидан бир неча аср олдинги дафн маросимлари ҳақида маълумот беради.

Айни пайтда археологлар Одирмон ёдгорлигининг вазифаси ва мажмуанинг тарихий мақомини аниқлашга ёрдам берадиган қазишма ишларини давом эттирмоқда.

Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги маълумотига кўра, топилмалар минтақанинг қадимги аҳолиси диний эътиқодлари ва дафн урф-одатларини ўрганишда қимматли манба бўлиши мумкин.