Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Қарши тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда Қашқадарё вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармасининг давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори А.Ҳ. (муқаддам судланган) фуқаро Н.Ҳ.ни ўзининг юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Қарши шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган Она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ҳудудий филиалига орастабон лавозимига ишга киритиб қўйишни ваъда қилгани аниқланган.
Текширув материалларига кўра, у мазкур хизмат эвазига 800 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган. Шунингдек, ушбу маблағлар ҳисобидан 200 АҚШ доллари ва 3,3 миллион сўм қайтарилгани процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 28, 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда иш бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.