«Ўзбекгидроэнерго» АЖ томонидан амалга оширилган лойиҳа доирасида Рабат, Чаппасуй ва Тамшуш ГЭСлари ишга туширилди. Мазкур станциялар Оқсув дарёсининг гидроэнергетика салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва ҳудуд энергетика инфратузилмасини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Жумладан, Рабат ГЭСининг қуввати 6,2 МВт, Чаппасуй ГЭСиники 7,5 МВт, Тамшуш ГЭСиники эса 10,3 МВтни ташкил этади.
Янги ГЭСлар каскадида йилига ўртача 105,1 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бу орқали йилига қарийб 31,5 миллион куб метр табиий газ ҳамда 45–50 минг тонна кўмирни тежаш имконияти яратилади.
Шунингдек, лойиҳа анъанавий ёқилғи ресурсларига бўлган эҳтиёжни камайтириш, атмосферага чиқариладиган зарарли моддалар миқдорини қисқартириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтиришга хизмат қилади.
Маълум қилинишича, янги гидроэлектр станциялари йилига қарийб 44 минг хонадонни электр энергияси билан таъминлаш имкониятига эга.
Ҳамкорлик материали