Президент фармони билан, 2026 йил 1 июндан бошлаб кичик бизнес учун умумий солиқ режимига ўтишдаги чегаравий миқдорни 1 млрд сўмдан 4 млрд 944 млн сўмга ошириш белгиланди.

Яъни, бизнес вакиллари эндиликда тушуми 1 млрд сўмдан ошганда эмас, 4,94 млрд сўмдан ошганда 12 фоизлик қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ва фойда солиғига ўтади.

Унгача бизнес доимгидек соддалаштирилган тартибда айланмадан солиқ (асосий 4 фоиз ставкада) тўлашда давом этади. ҚҚС чегараси охирги марта 2019 йилда оширилганди.

Шунингдек, 2026 йил 1 июндан 2030 йил 1 январга қадар асосий фаолият тури умумий овқатланиш, савдо ёки хизмат кўрсатиш соҳаси бўлган тадбиркорлик субъектларига (бундан давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналар ҳамда йирик солиқ тўловчилар мустасно) ихтиёрий равишда ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибини танлаш ҳуқуқи берилади.

ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибида ҚҚС ставкаси товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича барча айланмаларга нисбатан 6 фоиз этиб белгиланади.

Фойда солиғи ставкаси 0 фоиз этиб белгиланади ва солиқ ҳисоботини тақдим этиш мажбурияти бекор қилинади.