Бу ҳақда Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 27 март куни соат тахминан 16:30 ларда «Гулистон» МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Жанубий Фарғона канали атрофида ўз ерини суғориш мақсадида юрган фуқаро Раҳмонов Дилмурод Эргашевич каналга ўзини ташлаган аёлни кўриб қолган.
У бир зум ҳам иккиланмасдан инсон ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида сувга тушиб, аёлни қутқариб қолган.
Қутқарилган фуқаро ўзини таништириш ва яшаш манзилини ошкор этишни истамаган. Шунга қарамай, Дилмурод уни зудлик билан Қува туман тиббиёт бирлашмасига олиб борган ҳамда ҳолат юзасидан туман ички ишлар бўлимига хабар берган.
Мазкур жасоратли ва инсонпарварлик намунаси юксак эътироф этилиб, бошқарма бошлиғи, полковник Ғанижон Алавиддинов томонидан Дилмурод Раҳмонов фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, уни тарбиялаган онасига ҳам фахрий ёрлиқ ва гул дасталари топширилиб, алоҳида эҳтиром кўрсатилган.