Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Вазиятлар марказида Сергели туманидаги мактабларда жорий этилган мазкур тизим тақдимоти ўтказилди.

«СИ Давомат» орқали ўқувчиларнинг мактабга келиши ва дарсларда қатнашиши смарт-камералар ҳамда Face ID технологияси ёрдамида автоматик равишда қайд этилади. Бу, айниқса, ўқувчиларнинг дарс қолдириш ҳолатларини мунтазам кузатиб бориш ва такрорий давоматсизликни аниқлаш имконини беради.

Тизим ўқувчининг нафақат мактабга келгани, балки муайян фанлар бўйича дарсларда қатнашмаганини ҳам аниқлайди. Шу орқали қайси ўқувчи қайси фанлардан мунтазам дарс қолаётгани ҳақида маълумот шакллантирилади.

Ўқувчи сабабсиз дарс қолдирса, унинг ота-онасига автоматик равишда SMS-хабарнома юборилади. Шунингдек, бу ҳақдаги маълумот мактаб директори, профилактика инспектори, Миллий гвардия ходими ва маҳалла вакилларига ҳам етказилади.

«ERP Мактаб» ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг DMED тизимлари билан интеграциялашув эса касаллик сабабли дарс қолдириш ҳолатларини автоматик равишда ҳисобга олиш имконини беради. Натижада узрли ва узрсиз давоматсизлик ҳолатларини ажратиш осонлашади.

Тизимда тўпланган маълумотлар ўқувчилар давомати билан боғлиқ муаммоларни эрта аниқлаш, уларнинг сабабларини ўрганиш ва оила ҳамда мактаб ўртасида ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилади.

Айни пайтда «СИ Давомат» Сергели туманидаги 26 та мактабда ишламоқда. Ушбу мактабларда 446 та смарт-камера ўрнатилган.

Шу билан бирга, тизим орқали дарсларнинг ташкил этилиши, ўқувчиларнинг фаоллиги ва ўқитиш усуллари ҳам фанлар, синфлар ҳамда ўқитувчилар кесимида таҳлил қилиб борилади.

Апробация натижалари «СИ Давомат» тизимини Тошкент шаҳридаги бошқа мактабларда босқичма-босқич жорий этиш учун асос бўлади.