Солиқ тизимига ҳам аҳоли манфаатлари, солиқ тўловчиларга қулайликлар яратиш учун маҳаллабай ва корхонабай ишлаш принциплари жорий этилган. Асосий мақсад аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини ҳал этиш, давлат хизматчилари билан тўғридан тўғри мулоқот қилиш имкониятини яратишдан иборат.
Ислоҳотлар самарадорлиги ва белгиланган мақсадларга эришишнинг натижадорлиги бевосита ҳар бир ташкилотда мустаҳкам ижро интизоми йўлга қўйилганига боғлиқ. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 февралдаги “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони давлат идоралари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлашда муҳим ҳуқуқий ҳужжатдир.
Мазкур ҳужжат билан ижро интизомини мустаҳкамлаш, ягона ва узлуксиз “технологик занжир”ни ташкил қилиш бўйича барча даражадаги бошқарув органлари раҳбарлари шахсан эътибор қаратиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб берилган.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 31 майдаги “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижро интизомини мустаҳкамлаш йўлида муҳим дастуриламал ҳужжат бўлди. Президентимиз таъбири билан айтганда, қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар қоғозда эмас, амалда натижа бериши керак.
Шу мақсадда ҳар бир раҳбар ва ходимнинг аниқ ҳисобдорлик, шахсий масъулият ва жавобгарлигини янада оширишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 июлдаги “Давлат органлари ва ташкилотларда ижро интизомини янада мустаҳкамлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги амалий ишларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда.
Жумладан, таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган даврида “Ijro.gov.uz” тизимида Солиқ қўмитасининг 525 та назоратдаги топшириғи мавжуд бўлиб, шундан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 412 та, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг 59 та, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида белгиланган 54 та топшириқнинг ижроси тўлиқ таъминланди.
Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 13 март куни ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифалар мамлакатимизда бошқарув тизими, айниқса, ижро интизомини мустаҳкамлаш ва аҳоли мурожаатлари билан ишлашда янги босқични бошлаб берди.
Мазкур йиғилишда Президентимиз томонидан ижро интизоми фақат “қоғоз тўлдириш” эмас, балки қарорларнинг ҳаётдаги ижросини таъминлашдан иборат экани алоҳида таъкидланди. Шу боис, бугун солиқ тизимида барча топшириқ ҳамда солиқ тўловчилардан келиб тушадиган мурожаатлар ижроси юзасидан “қатъий назорат ва шахсий масъулият” тамойили асосида иш юритилмоқда.
Дарҳақиқат, юксак ривожланиш даврида давлатимиз сиёсати лавозимидан қатъи назар, ҳар бир раҳбар юзага келган муаммо ёки вазифа билан ишлаши, ҳар бир ҳужжатни ишлаб чиқишда жойига чиққан ҳолда ўрганиши, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг фикрларини тинглаши ҳамда имкониятларни таҳлил қилиши лозим.
Масъулият, тартиб, натижадорлик
Солиқ қўмитасига келиб тушаётган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросининг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши бўйича ҳар ҳафтанинг душанба кунлари — мустақил тузилмалар раҳбарлари, чоршанба кунлари — раис ўринбосарлари ва жума кунлари — қўмита раиси томонидан шахсан масъул ижрочилар билан муҳокама ўтказиш тизими йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнидаги ёндашув тўлиқ қайта кўриб чиқилди. Энди таркибий тузилмалар томонидан киритилаётган таклифларнинг мавжуд имкониятларга мувофиқлиги ҳудудларни ривожлантириш ҳамда иқтисодиёт соҳаларини таҳлил қилиш тузилмалари томонидан жойларга чиққан ҳолда ўрганилади.
Шундан сўнг методология ва юридик хизмат тузилмалари томонидан лойиҳанинг Солиқ кодекси ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари нормаларига мувофиқлиги бўйича ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади ҳамда стратегик режалаштириш тузилмаси томонидан халқаро тажрибалар ўрганилган ҳолда тегишли тузилмалар билан биргаликда иқтисодий ва молиявий таҳлиллар тайёрлаб берилади.
Мазкур жараёнлар ўтказилганидан кейин фикр ва мулоҳазаларни тўплаш мақсадида матбуот хизмати томонидан лойиҳа билан режалаштирилаётган ўзгаришлар ахборот воситалари орқали эълон қилинади. Шундан кейингина якуний ҳужжат келишиш учун манфаатдор ташкилотларга юборилади. Солиқ қўмитасида ижро интизомини ушбу тартибда йўлга қўйиш мақсадида ҳар бир тузилмада масъул ижрочилар белгиланди ҳамда улар билан зарурий тренинг ва семинарлар ўтказилди.
Бундан ташқари, Солиқ қўмитаси марказий аппаратининг ташкилий тузилмасида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси устидан назоратнинг мутлақо янги тизими жорий қилинди.
Автоматлаштирилган назорат тизими
Фармон билан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини назорат қилишнинг янги тизими жорий қилиниб, ижро интизоми устидан назоратни амалга оширувчи органлар сони ва уларнинг ваколатлари оширилган. Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ўз вақтида ҳамда сифатли ижро этилиши бўйича назорат Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Ҳисоб палатаси ва Адлия вазирлиги томонидан “Ijro.gov.uz” тизими орқали юритилмоқда.
Ушбу тизим орқали назоратга олинган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар барча ташкилотларнинг раҳбарияти ва масъул ижрочиларига етказилади ҳамда уларнинг кейинги ҳолати назорат қилиб борилади.
Солиқ хизмати органларида ижро интизомини мустаҳкамлаш мақсадида 2015 йилдаёқ иш юритишнинг ички жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилиб, электрон ҳужжат алмашиш тизими жорий этилган.
Мазкур тизим орқали қонунчилик ҳужжатлари, Президент ва ҳукумат топшириқларидан тортиб, барча ички идоравий ҳужжатлар электрон рўйхатдан ўтказилади ҳамда масъул раҳбарлар томонидан топшириқнинг моҳиятидан келиб чиқиб, уларни имкон қадар қисқа муддатда ва натижавий бажариш тўғрисида резолюция қўйилган ҳолда ижрочига йўналтириш имконияти яратилган.
Бундан ташқари, ушбу автоматлаштирилган тизим орқали солиқ органларида ҳужжатларни қоғоз шаклида келишиш ва имзолаш амалиётига тўлиқ чек қўйилган. Шу билан бирга, электрон рақамли имзо калитидан фойдаланган ҳолда махсус мобил илова орқали ижрога келган ҳужжатларни кўриб чиқиш, ижрога қаратиш ва назоратдан чиқариш имкониятлари яратилган бўлиб, бу қўмитада иш юритишни сезиларли даражада тезлаштиришга имкон берди.
Энг аҳамиятлиси, ҳар бир ҳужжат ва топшириқ мазкур тизим орқали қисқа муддатда масъул ижрочиларга етказиб берилади ва топшириқнинг ижро этилиш ҳолати реал вақт режимида кузатиб борилади.
Шунингдек, Солиқ қўмитасида барча ҳужжат ва топшириқлар “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари”, “юқори ташкилот топшириқлари”, “фуқаролар мурожаати”, “ички фармойиш” каби тоифалар бўйича алоҳида назоратга олинган ҳолда юритилади.
Топшириқлар ижроси бўйича Солиқ қўмитасининг ташкилий назорат тузилмаси томонидан горизонтал ва ҳар бир тузилма томонидан унинг энг қуйи ҳудудий бўлинмасига қадар вертикал тартибдаги назорат тизими йўлга қўйилган.
Бундай тизим раҳбар ходимларнинг шахсий масъулияти ва ҳисобдорлигини ошириш, мураккаб шароитларда вазифанинг тўлиқ ва сифатли бажарилишини назорат қилиб бориш имконини беради.
Баҳолаш кўрсаткичлари асосий мезон
Ижро интизомини мустаҳкамлашда тизимдаги ҳар бир ходимнинг масъулиятини ошириш, қатъий интизом ўрнатиш, уларда касбий ғурур, меҳнатсеварлик, ташаббускорлик ва ҳалоллик ҳиссини уйғотиш муҳим аҳамият касб этади.
Солиқ органларидаги рақамлаштириш, фаолиятни манзилли ташкил этиш ва бошқа ислоҳотлар ҳар бир ходимнинг аниқ иш ҳажми ва унинг самарадорлигини оширишга хизмат қилди.
Хусусан, солиқ органларида масъул ижрочилар томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг сифатли бажарилишини рақамли назорат қилиш ходимларнинг иш самарадорлигини белгиловчи аниқ мезонлардан бирига айланди.
Ҳар бир топшириқ ижроси учун масъул ходим аниқ белгилангани ва ижро муддати ҳақида олдиндан автоматик хабардор бўлиши вақтни тўғри тақсимлаш имконини беради.
Шунингдек, ижрочи ходимларнинг шахсий масъулияти ва ташаббускорлигини ошириш, юклатилган вазифани ўз вақтида ва сифатли бажарган ходимларни рағбатлантириш тизимини йўлга қўйиш мақсадида Жаҳон банки экспертлари билан бирга ходимлар иш фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг (KPI) автоматлаштирилган тизими жорий этилди.
Ушбу тизим орқали ҳар бир ижро ҳужжатининг белгиланган мезонлар асосидаги баҳолаш кўрсаткичлари бўйича ижрочи ходимлар рағбатлантирилади ёки интизомий жазо чоралари кўрилади.
Солиқ хизмати органларида ижро интизомига масъул ходимларнинг билими ва малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Иш самарадорлигига эришишнинг яна бир муҳим омили — ходимларни меҳнат қонунчилигига мувофиқ иш вақтидан ташқари мажбуран ишга жалб этмаслик.
Солиқ хизмати органларида ходимларнинг ишга келиб-кетиши маъмурий бинога кириш ва чиқиш вақтини қайд қилишнинг электрон тизими орқали назорат қилинади. Шу мақсадда барча ходимларга белгиланган иш соатларидан ортиқча вақт ишда қолиши улар юклатилган вазифани ўз вақтида бажара олмаслиги ва лаёқатсизлиги сифатида баҳоланиши етказилди.
Барча электрон хизматлар ягона платформада
Солиқ хизмати органларига юклатилган вазифаларни амалга ошириш жараёнларини автоматлаштириш орқали соҳада инсон ресурсларидан унумли фойдаланиш ҳамда топшириқларни тезкорлик билан бажаришга эришилмоқда.
Хусусан, солиқ органларини “хизмат кўрсатувчи” юқори технологияли ташкилотга трансформация қилишни давом эттириш мақсадида 2026 йилнинг биринчи ярмида бир қанча янги ахборот тизимлари амалиётга жорий этилди.
Солиқ органлари томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган барча электрон хизматлар ягона платформага бирлаштирилди.
Ҳар бир фуқаро ёки тадбиркор телефони орқали “Soliq” мобил иловасидан фойдаланиб, солиқ соҳасига оид барча саволларига жавоб олиши, солиқ мажбуриятини бажариши, тадбиркор эса бизнес жараёнларини кузатиб бориши, бизнес ҳамкорларини ўрганиши ва танлаши мумкин.
“Soliq” мобил иловасидан бугун амалда 17,4 миллион фуқаро рўйхатдан ўтган. Шундан 16,3 миллиони доимий фаол фойдаланмоқда.
Жумладан, “Солиқ тўловчининг шахсий кабинети”га 2025 йил давомида қарийб 406 минг маротаба, 2026 йилнинг ўтган даврида 172 минг маротаба мурожаат қилинган.
Ушбу яратилган шарт-шароитлар аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун солиққа оид масалаларни масофадан туриб ҳал қилиш имконини беради.
Фуқаролар мурожаати эътиборсиз қолмайди
Солиқ хизмати органларида фуқаролар мурожаатлари электрон ҳужжат алмашиш тизими орқали “Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига мурожаат”, “Солиқ қўмитаси раисининг виртуал қабулхонасига мурожаат”, “Ишонч телефони орқали мурожаат” каби тоифаларга ажратилган ҳолда ижрочиларга тезкорлик билан етказилади.
Шунингдек, солиқ хизмати органларида ташкил этилган мурожаатлар ижроси бўйича масъул бўлинма томонидан ҳар бир мурожаат солиқ органига келиб тушганидан то унда келтирилган масала ҳал этилгунига қадар назорат қилиб борилади.
Шу билан бирга, муаллиф “Солиқ тўловчининг шахсий кабинети” орқали электрон кўринишда юборган мурожаатининг ижро этилиши ҳолатини кузатиб бориши имконияти яратилган.
Бундан ташқари, Солиқ қўмитасида ижтимоий тармоқлар (facebook, telegram) орқали фуқаролар юбораётган мурожаатлар, кенг жамоатчилик томонидан муҳокама этилаётган солиққа оид мунозарали масалаларни тезкорлик билан кўриб чиқиш ҳам тизимли йўлга қўйилган.
Айниқса, масъул ходимлар “24/7” форматида ижтимоий тармоқларни кузатиб боради ва солиқ органларига тегишли ҳар қандай маълумот пайдо бўлганда дарҳол жавобини тайёрлаш учун ижрочига етказади. Шу тарзда 2026 йилнинг биринчи ярмида ижтимоий тармоқлардаги 26 та шарҳга тезкор, узоғи билан 2-3 соатда расмий муносабат билдирилди.
“Солиқ органлари билан қайта алоқа” ахборот тизими орқали жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш тизими ҳам йўлга қўйилган. Бунда кунлик келиб тушган мурожаатлар тезкорлик билан тегишли тузилмаларга йўналтирилиб, 1-3 кун оралиғида ижросини таъминлаш назоратга олинган. Жорий йилнинг ўтган даврида 27,4 минг жисмоний ва юридик шахсдан мурожаатлар келиб тушган ва улар ўз вақтида ижобий ҳал этилган.
Жорий қилинган ушбу тизимга мувофиқ ҳар бир мурожаат шахсан қўмита раиси назоратида. Энг муҳими, Солиқ қўмитасида мурожаатларга тезкор жавоб берилиши билан бирга энг кўп учрайдиган саволлар таҳлил қилиниб, шу асосда солиқ органларининг бизнес жараёнларини такомиллаштириб бориш стратегияси йўлга қўйилган.
Хуллас, бугун ишонч билан айтишим мумкинки, солиқ хизмати органлари ходимлари ҳар бир мурожаат, қонун ҳужжатлари ва топшириқлар замирида инсон тақдири мужассам эканини тўлақонли ҳис этади.
Солиқ қўмитаси жамоаси ижро этувчи орган сифатида топшириқларнинг ўз вақтида бажарилиши, мазкур йўналишда мустаҳкам ижро интизомини жорий қилиш борасида тизимли иш юритади.
Фаррух ПЎЛАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси раиси