Шундан келиб чиқиб, Рақобат қўмитаси ушбу амалиётни қайта кўриб чиқиш таклифи билан Марказий банкка мурожаат қилди.
Қайд этилишича, Қўмитага келиб тушган мурожаатларда айрим банкларда кредит тўловларини ҳисоблаш ва ортиқча маблағларни тақсимлаш билан боғлиқ муаммолар кўтарилган.
Жумладан, «Ўзсаноатқурилишбанк» ва «Ҳамкорбанк»нинг кредит шартномаларида ортиқча тўловларни асосий қарзга йўналтириш мажбурияти белгиланган бўлса-да, амалда бу талаб бажарилмаётгани ҳақида маълумотлар келиб тушган. Ортиқча маблағлар транзит ҳисобварақларда қолиб кетиши, асосий қарзга эса фоиз ҳисобланишда давом этиши мумкин. Шунингдек, банкларнинг мобил иловаларида кредит тўловларини бошқариш имкониятлари етарли эмаслиги қайд этилган.
Рақобат қўмитаси таъкидлашича, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун талабларига кўра, истеъмолчилар ҳуқуқларига риоя қилиниши лозим.
Банк хизматлари истеъмолчилари билан муносабатларга оид низомнинг 37-бандига мувофиқ, агар шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, ойлик тўловдан ортиқ келиб тушган маблағ асосий қарзни сўндиришга йўналтирилиши ва кредит суммаси қайта ҳисобланиши керак. Банк дастурий таъминотидаги носозликлар эса истеъмолчининг мажбуриятлари ортишига сабаб бўлмаслиги лозим.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва кредит тўловларини ўз вақтида амалга оширадиган мижозлар манфаатларини таъминлаш мақсадида қуйидаги таклифлар илгари сурилди:
- амалдаги тартиб ва хорижий тажрибани ўрганган ҳолда, банк хизматлари истеъмолчилари билан муносабатларга оид низомнинг ортиқча тўловларни асосий қарзга йўналтириш тартибини белгиловчи 37-бандини истеъмолчилар манфаатларидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқиш;
- кредит ҳисоб-китоблари, жумладан, кредитни муддатидан олдин сўндириш шартларини «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонун орқали тартибга солиш.
Хорижий давлатларда бу масала қандай ҳал этилади?
Қўмита келтирган маълумотларга кўра, айрим мамлакатларда кредитни муддатидан олдин сўндириш ва ортиқча тўловларни асосий қарзга йўналтириш бўйича турли механизмлар мавжуд.
Масалан, АҚШнинг айрим банкларида мижоз мобил илова орқали «Принcипал Онлй» — «фақат асосий қарз учун» функциясини танлаб, ортиқча маблағни бевосита асосий қарзни камайтиришга йўналтириши мумкин.
Россияда истеъмол кредитини муддатидан олдин сўндириш учун қўшимча ҳақ олиш назарда тутилмаган. Қозоғистонда кредитни муддатидан олдин жаримасиз сўндириш мумкин. Қисман сўндиришда эса банк билан келишилган ҳолда ойлик тўлов миқдори камайтирилади ёки кредит муддати қисқартирилади.
Европа Иттифоқида ҳам кредитни муддатидан олдин сўндиришда қолган муддатга тегишли фоизлар ва харажатларни камайтириш ҳуқуқи белгиланган. Бу тартиб 2008/48/ЭC ва 2014/17/ЭУ директиваларида назарда тутилган.
Қўмита таклифлари кредит тўловларини ҳисоблашдаги муаммоларни бартараф этиш, ортиқча тўловларнинг ўз вақтида асосий қарзга йўналтирилишини таъминлаш ва истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.