Рецепт
ўзи нима?
Рецепт
— бу шифокор томонидан беморнинг касаллигини даволаш учун белгиланган дори
воситаси ва унинг дозасини кўрсатувчи расмий тиббий ҳужжатдир. Шу ўринда савол
туғилиши мумкин: наҳотки шу вақтгача бундай расмий ҳужжат бўлмаган бўлса?
Албатта бўлган. У 107/У шаклидаги рецепт бланкаси деб аталган. Ушбу
бланк икки қисмдан иборат бўлиб: бир қисми беморнинг тиббий ҳужжатларида
(касаллик тарихида) сақланади; иккинчи қисми дорихонада сақланади. Унда
қуйидаги маълумотлар аниқ ва тўлиқ кўрсатилади:
·
беморнинг
исм-шарифи;
·
ёши;
·
жинси;
·
рецепт
ёзилган сана;
·
шифокорнинг
исм-шарифи;
·
имзоси;
·
муҳр;
·
фақат
битта дори воситасининг халқаро патентланмаган номи (ИНН) лотин тилида;
·
дори
дозаси;
·
қўллаш
ва қабул қилиш тартиби.
Рецептнинг
дорихонада қоладиган қисмида эса юқоридаги маълумотларга қўшимча равишда фармацевтнинг
маълумотлари, берилган препаратнинг серияси ҳамда дори тўлиқ ёки қисман
берилгани ҳақидаги қайдлар киритилади.
Рецептнинг
вазифалари нимадан иборат?
Кўпчилик
рецептнинг ягона вазифаси дори ёзиб бериш деб ўйлайди. Аслида эса унинг
вазифалари бундан анча кенг.
1.
Даволашни тўғри ташкил этиш: Рецептнинг биринчи вазифаси — беморга
қайси дори воситаси, қанча миқдорда ва қандай тартибда қабул қилиниши
кераклигини кўрсатишдир.
2.
Бемор руҳиятини ҳимоя қилиш: Рецептнинг иккинчи, жуда муҳим
инсонпарварлик вазифаси ҳам мавжуд. Баъзи ҳолларда шифокор беморнинг руҳий
ҳолатини ҳисобга олган ҳолда касалликка оид айрим мураккаб ёки салбий тиббий
маълумотларни тўлиқ ошкор қилмасдан, уларни фармацевтга етказади. Тиббиётда
беморнинг руҳий ҳолати ва кайфияти даволаниш натижасига катта, айрим ҳолларда
асосий таъсир кўрсатиши ҳеч кимга сир эмас. Шу сабабли рецептлар кўпинча тиббий
терминология ва лотин тилида ёзилади. Бу тилни асосан тиббиёт ва фармацевтика
мутахассислари тушунади.
3.
Хатоларнинг олдини олиш: Рецептнинг учинчи вазифаси — қўпол хатоликларнинг
олдини олишдир. Шифокор ва фармацевт ўртасидаги икки босқичли назорат тизими
нотўғри дори берилиши ёки қабул қилиниши оқибатида юз бериши мумкин бўлган оғир
ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади. Баъзан айнан шу тизим бир инсон
ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.
Унда
биз йиллар давомида олиб юрган қоғозлар нима эди?
Энди ўзингизга
савол беринг:
·
Мен
шу вақтгача неча марта ҳақиқий рецепт олганман?
·
Шифокор
қўлимга тутқазган қоғоз нима эди?
·
Ичида
10–15 дори ёзилган қоғоз ҳам рецепт ҳисобланадими?
·
Нега
дорихоналар шу қоғоз асосида менга дори сотган?
Жавоб оддий.
Кўпчилик «рецепт»
деб атайдиган қоғозларнинг катта қисми аслида 107/У шаклидаги расмий рецепт
эмас, балки фармацевтлар орасида тавсия қоғози (Рекомендация) деб юритиладиган дориларнинг
савдо номи рўйхати. Электрон рецепт
тизими жорий этилгунга қадар дорихоналарга мурожаат қилган беморларнинг
тахминан 90–95 фоизи айнан шундай тавсия қоғозлари билан келган. 107/У
шаклидаги ҳақиқий рецептлар эса асосан
касаллик тарихида қайд этилиши зарур бўлган алоҳида ҳолатлардагина қўлланилган.
Айрим ҳоллар бундан мустасно. Шундай экан, бугун айрим ҳолларда айбловлар
дорихоналар ёки фармацевтларга
қаратилаётган бўлса-да, масалага холис ёндашиш керак. Чунки бу ҳолатнинг
шаклланишида биргина фармацевт ёки дорихона
айбдор эмас.
Муаммонинг
иккинчи томони ҳам бор!
Барча
юртдошларимизга ҳурмат сақлаган ҳолда шуни айтиш керакки, бизнинг тиббий маданиятимиз
ҳали етарли даражада шаклланмаган. Аччиқ бўлса-да, тан олиш керак:
·
кўпчилигимиз
ўз организмимиздаги муҳим аъзоларнинг жойлашуви ва вазифаларини тўлиқ
билмаймиз;
·
дори
воситасини қабул қилишдан олдин унинг йўриқномасини ўқимаймиз;
·
ножўя
таъсирлар бўлимига эътибор бермаймиз;
·
кўпинча
дорини мутахассис тавсиясидан кўра таниш-билишларнинг маслаҳати билан қабул
қиламиз.
Бугунги
кунда бутун дунё тиббиётида 37–38 ° С тана ҳарорати кўп ҳолларда организмнинг
физиологик ҳимоя реакцияси эканини,
бундай вазиятда биринчи навбатда: кўпроқ суюқлик ичиш, тоза ҳавода бўлиш,
сифатли ва роционал овқатланиш,
витаминизация ва иммунитетни қўллаб-қувватлаш каби чоралар
муҳимлиги таъкидланади. Аммо биз
баъзан ҳали ёшига тўлмаган болаларга ҳам кучли антибиотикларни бемалол қўллашга
тайёрмиз (оқибати оғир эканлигини билмаган ҳолда).
Агар
барча норматив ҳужжатлар ўз вақтида ва тўлиқ ишлаганида, эҳтимол касалликлар
ҳам, ортиқча даволанишлар ҳам анча кам бўлар эди. Бунуниг орқасидан соҳадаги «касаллар» ҳам камайган
бўлар эди…
Нега
фармацевт баъзан барча дориларни бермайди?
Амалиётда
шундай ҳолатлар учрайдики, тавсия қоғозида 10–15 та, баъзан эса бир хил таъсир
механизмига эга бўлган бир нечта препаратлар ёзилади.
Бундай
вазиятларда тажрибали фармацевт кўпинча:
·
«Бу препарат зарур эмас»;
·
«Буни олишнинг
ҳожати йўқ»;
·
«Бу восита
бошқасининг вазифасини такрорлайди»
деган
хулосага келиши мумкин. Сабаби, барча фармацевтлар
ҳам фақат пул, манфаат ҳақида ўйламайди. Кўпчилик фармацевтлар аввало касбининг фидойилари бўлиб, беморнинг
соғайишига ҳисса қўшишни, ўз билим ва тажрибаси билан ёрдам беришни, савоб
олишни мақсад қилади. Албатта, айрим ҳолларда манфаатлар тўқнашуви ёки ноўрин
тавсиялар ҳам учраб туради. Буни инкор қилиб бўлмайди. Аммо бундай ҳолатларни
бутун соҳа вакилларига нисбатан умумлаштириш ҳам адолатдан эмас. Шу сабабли
ҳақиқий фармацевтлар орасида «аптекачи» ва «фармацевт» тушунчалари
ўртасида фарқ борлиги ҳақида гапирилади.
«Эски
мактаб» вакиллари орасида бир ҳикматли гап бор: «Ҳақиқий табиб кўпи билан икки-учта дори билан даволайди». Бир вақтлар бу фикр менга ҳам баҳсли туюлган,
мени ҳам ишонтира олмаган. Аммо тажриба орттирган сари шуни англадимки, Эски
мактабдан узур сўрайман! Кўп ҳолларда улар ҳақ бўлган. Даволаш самараси ҳар
доим ҳам дори сонига боғлиқ эмас. Муҳими — тўғри ташхис, оқилона танлов ва
индивидуал ёндашувдир.
Соғлиқни
сақлаш тизими — шифокор, фармацевт ва бемор
ўртасидаги ҳамкорликдир. Бу ерда масъулият ҳам, натижа
ҳам барча томонларга боғлиқ. Шу сабабли, агар бемор бўлиб қолсангиз, иложи
борича ўз ишининг ҳақиқий фидойиси бўлган мутахассисларга мурожаат қилинг.
Энг
катта тилак эса битта: Соғлом бўлинг. Шундай бўлингки, бизга — шифокорлар ва
фармацевтларга имкон қадар камроқ ишингиз тушсин.
Ушбу
фикрлар бир фармацевтнинг касбий
тажрибаси ва кузатувлари сифатида қабул қилинишини, кимнингдир қарашларига мос
келмаса, уни шунчаки муаллифнинг шахсий нуқтаи назари сифатида баҳолашни сўраб
қоламан.
Нодирбек Синдаров,
фармацевт.