«Давлат чегараси тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, эндиликда мамлакатга кириш ёки чиқишда фуқароларнинг электрон қурилмалари текширилиши мумкин.
Янги тартибга мувофиқ, чегара ходимлари мобил телефон, планшет ва ноутбукларнинг ташқи кўринишини кўздан кечириш ҳамда зарур ҳолларда уларни кўрсатишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Маълум қилинишича, мазкур текширувлар барча фуқароларга нисбатан эмас, балки қоидабузарлик гумони мавжуд бўлганда ёки хавфсизлик нуқтаи назаридан зарур деб топилган ҳолатларда амалга оширилади.
Талабларга бўйсунмаслик эса 5 000–7 000 рубль миқдорида жарима солиниши ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазосига сабаб бўлиши мумкин.
Қайд этилишича, ушбу чоралар терроризм ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш ҳамда хавфсизликни таъминлаш мақсадида жорий этилган.
Мутахассислар фуқароларга сафар олдидан гаджетларидаги маълумотларни текшириб чиқиш ва шахсий ахборот хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратишни тавсия этмоқда.