Оқибатда икки нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди, яна уч нафари турли даражада тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилди.
Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси маълум қилишича, ЙТҲ 6 август куни Мордовия Республикаси Лямбир туманидаги Блохино қишлоғи яқинида, М-5 «Урал» автомагистралининг 180-километрида содир бўлган.
Унда «МАЗ» русумли юк автомашинаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси давлат рақами билан ҳаракатланган «Chevrolet Spark» енгил автомашинаси тўқнашган.
Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Ўзбекистоннинг икки нафар фуқароси — 1996 йилда туғилган А.А.П. ва 1997 йилда туғилган Б.Ш.А. ҳалок бўлган.
Яна уч нафар Ўзбекистон фуқароси — 2002 йилда туғилган А.Р.П., 1989 йилда туғилган Б.М.А. ва 2006 йилда туғилган А.М.П. турли даражада тан жароҳатлари билан Мордовия Марказий клиник шифохонасига жойлаштирилган.
Консулхона маълумотига кўра, жабрланган фуқароларга шифокорлар томонидан зарур тиббий ёрдам кўрсатилган ва улар шифохонадан чиқарилган.
Мазкур ҳолат Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан назоратга олинган. Консулхона маҳаллий масъул ва ваколатли органлар билан алоқани йўлга қўйган.
Ҳалок бўлган фуқароларнинг жасадларини суд-тиббий экспертиза ва бошқа зарур жараёнлар якунланганидан сўнг Ўзбекистонга қайтариш ишлари Миграция агентлиги томонидан амалга оширилиши маълум қилинди.
Консулхона ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдириб, жабрланган фуқароларга тезроқ соғайиб кетишини тилади.