“Иссиқликтаъминоти” акциядорлик жамияти ҳамда Корея Республикасининг Housing Service and Communal Management Technology (HSCMT) компанияси ўртасида стратегик ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича 2 миллион 300 минг АҚШ долларлик Англашув меморандуми имзоланди.

Мазкур ҳамкорлик доирасида сунъий интеллект (AI) технологияларига асосланган ақлли бошқарув тизими пилот тарзда Ангрен шаҳрида жорий этилади. Лойиҳада иссиқлик таъминоти тизимини рақамлаштириш, энергия сарфини оптималлаштириш ва хизматлар самарадорлигини ошириш кўзда тутилган.

Меморандумга мувофиқ, Корея томони иссиқлик энергияси ва иссиқ сув таъминоти соҳаси учун замонавий ултратовушли ҳисоблагичлар, автоматлаштирилган назорат қурилмалари ҳамда сунъий интеллектга асосланган дастурий ечимларни тақдим этади. 

Шунингдек, Корея консорциуми тизимни техник қўллаб-қувватлаш, мониторинг қилиш ва маҳаллий мутахассислар учун махсус ўқув тренингларини ташкил этишни ўз зиммасига олади.

Келишув икки йил муддатга мўлжалланган бўлиб, ушбу давр мобайнида технологияларни маҳаллий шароитга мослаштириш ва уларни келгусида республика миқёсида кенг жорий этиш имкониятлари ўрганилади.

Мазкур лойиҳа иссиқлик таъминоти соҳасида шаффофликни ошириш, ресурсларни тежаш, энергия йўқотишларини камайтириш ҳамда хизмат сифати ва барқарорлигини яхшилашга хизмат қилади.

Таъкидланишича, ушбу ҳамкорлик иссиқлик таъминоти тизимини рақамлаштириш ва уни мутлақо янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамиятга эга.