Ташрифдан мақсад соҳадаги мавжуд ҳолатни ўрганиш ва тизимдаги ўзгаришларни энг мураккаб нуқталардан бошлашдан иборат.
Саида Мирзиёеванинг таъкидлашича, беморларга муносиб шароит ва малакали тиббий ёрдам кўрсатиш билан бирга, уларга самимий эътибор қаратиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Баъзан бир оғиз далда инсонда ишонч ва умид уйғотиши мумкин.
«Ҳеч ким ёрдам сўрашдан чўчимаслиги, дарди билан ёлғиз қолмаслиги керак», — деб ёзди у.
Қайд этилишича, соҳада касалликларнинг олдини олиш, даволаш ва реабилитация жараёнларини қамраб олган яхлит тизимни шакллантириш мақсад қилинган. Бунда турли соҳа мутахассислари бир жамоа бўлиб ишлаши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, маҳаллий ва халқаро экспертлар билан ҳамкорликда наркология соҳасини тубдан янгилашга қаратилган махсус дастур ишлаб чиқилади.
Унда инсон қадрини улуғлаш, беморларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш ва уларнинг соғлом ҳаётга қайтишига кўмаклашиш асосий эътибор марказида бўлади.