Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил ноябрь ойида ўтказилган сунъий интеллект бўйича халқаро форумда «5 миллион сунъий интеллект етакчилари» дастури доирасида сунъий интеллектни мамлакат иқтисодиётининг муҳим драйверига айлантириш ва унинг жадал тараққиётга хизмат қилиши зарурлигини алоҳида таъкидлаган эди.
Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Рақамли технологиялар вазирлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги кўмагида Ёшлар креатив шаҳарчаси ҳудудида мамлакатимизда сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш, илмий салоҳиятни юксалтириш ҳамда инновацион экотизимни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи «KutubxonaAI» сунъий интеллект микротизими ишга туширилди.
Лаборатория фаолиятини ташкил этиш учун АҚШнинг Катлик университети сунъий интеллект соҳаси мутахассиси Винсент Русса жалб қилинди.
Янги ташкил этилган «Сунъий интеллект лабораторияси» таълим, илмий тадқиқот ва инновацион лойиҳаларни ягона платформада бирлаштиради. Лойиҳа доирасида Ёшлар креатив шаҳарчасига замонавий GPU Cluster ҳамда дунёнинг етакчи Nvidia ва Apple компаниялари томонидан ишлаб чиқилган юқори унумдорликка эга процессорлар, серверлар ва бошқарув тизимлари олиб келинди.
Мазкур инфратузилма сунъий интеллект моделларини яратиш, катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш, машинали ўқитиш ҳамда илмий-амалий тадқиқотларни самарали ташкил этиш имконини беради.
Шунингдек, яратилган экотизим таркибида AI Laboratory, AI Prototyping Room (кичик ҳажмдаги прототипларни яратиш хонаси) ва AI Lecture Room (сунъий интеллект таълими хонаси) фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу масканларда талабалар, ёш тадқиқотчилар ва стартап жамоалари сунъий интеллект, 3D дизайн, IoT ҳамда инновацион лойиҳалар устида ишлаш имкониятига эга бўладилар.
Лойиҳа раҳбари, халқаро эксперт Солиев Муҳаммадхон мазкур ташаббус минтақа учун ўзига хос ва стратегик аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Унинг қайд этишича, кейинги ўн йилликда сунъий интеллект жаҳон иқтисодиётининг катта қисмини шакллантирувчи асосий омиллардан бирига айланади. Бу эса янги касблар пайдо бўлиши, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва мамлакатимиз ёшларининг халқаро меҳнат бозорида рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Лойиҳа доирасида ташкил этилаётган сунъий интеллект бўйича таълим дастурлари АҚШ ва Хитой экспертлари иштирокида амалга оширилиши режалаштирилган. Мазкур дастурлар нафақат IT соҳаси мутахассислари, балки иқтисодиётнинг турли тармоқларида фаолият юритувчи мутахассисларнинг сунъий интеллект бўйича амалий билим ва кўникмаларини ривожлантиришга ҳам хизмат қилади.