Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сирдарё вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Гулистон шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими шифокор ёрдамчиси М.А. гўёки юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали “M.M.” МЧЖ томонидан тайёрланадиган тайёр овқат маҳсулотига ижобий хулоса олиб бериши эвазига 300 АҚШ доллари ва 1,2 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Департаментнинг Тойлоқ тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни мухофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Санитария-Эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Тойлоқ туман бўлими санитар врачи Ф.Б. 9 млн сўм эвазига гўёки юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали ЯТТ "С.Э."нинг нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехига санитар гигиеник хулосасини расмийлаштириб беришини айтиб, келишилган пулдан 400 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланиб, текширувда муқаддам 100 АҚШ доллари ва 500 минг сўмни фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.

Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси ходимлари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Урганч шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоатчилик саломатлиги бўлими ходими Ғ.А. фуқаро Б.Д.га гўёки юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали Урганч шаҳрида умумий овқатланиш шохобчаси очиш учун рухсатнома расмийлаштириб бериши ва 6 ой давомида жарима қўлламасликни ваъда қилиб, 2,4 млн сўмни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Департаментнинг Наманган вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Наманган шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоатчилик саломатлиги бўлими шифокор ёрдамчиси А.С. (муқаддам судланган) фуқаро М.О.нинг номига шаҳар ҳудудида нодавлат мактабгача таълим муассасасини очиш учун ижобий хулоса олиб бериш эвазига 1,2 млн сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (фирибгарлик) ва 25, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.